Мавсумий аллергия нима?

Кундалик турмушимизда турли кимёвий воситаларнинг кўп қўлланилиши, нотўғри овқатланиш, экологиянинг бузилиши, шунингдек, электроника маҳсулотларидан мунтазам фойдаланишимиз аллергияга сабаб бўлмоқда. Масалан, унинг турлари кўп: нафас йўллари, тери, озиқ-овқат, дори ва ҳашарот аллергияси…

Уларнинг ичида мавсумий аллергия ҳам борки, у тиббиёт тилида «поллиноз», деб аталади. Ўсимликлар чанги сабаб бўлувчи бу касалликка чалиниш асосан март, апрель ойларидан бошланиб, бошоқли, шўра ва шувоқ гуллаш даври – кеч кузгача давом этади. Айниқса, мевали дарахтлар гуллаганда кучаяди. Агар вақтида эътибор қилинмаса, мана шу поллиноз ҳам кейинчалик сурункали астма касаллигига олиб келади.
Поллиноз касаллиги ўсимлик гули чанги билан боғлиқ хасталик бўлгани учун у асосан аллергик ринит (бурун битиши, оқиши, қичишиши, аксириш), аллерик конюктивит (кўз ёшланиши, қичишиши, қум кириб қолгандек ҳиссиёт бўлиши кабилар) ёки бўлмасам аллергик риноконюктивит (ҳам бурунда, ҳам кўзда юқоридаги белгилар биргаликда келиши) кўринишида кечади. Шифокорлар унинг белгиларини камайтириш учун айни баҳор мавсумида бемор ўзини чангдан ҳимоя қилишини, бурун бўшлиғини тузли сув билан чайиб туришини, парҳез қилиши ва турли зарарли одатлар – ичиш, чекишдан воз кечишни тавсия қилишади. Шунингдек, бемор мавсум пайтида бир муддат иложи борича тоғ ва тоғолди ҳудудда истиқомат қилиши ҳам таъкидланади, чунки тоғда ўсимлик ва гуллар нисбатан кечроқ гуллайди. Тўғри, мазкур тавсиялар беморни бу касалликдан бирмунча асраши мумкин. Лекин аллергия мавсуми вақтида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга бориб яшашга ҳамманинг ҳам шароити тўғри келмаслиги мумкин.

Бу масала бизга нима учун муҳим?


Юртимизда айнан чанг аллергиясига чалиниш жуда кўп. Кўз докторларига март ойидан бошлаб, июнга қадар кўплаб беморлар мурожаат қилади. Улар кўзим қичишяпти, ёшланяпти, ёруғга чиқсам, кўзим қамашиб кетяпти, деган шикоятлар билан келади. Бу кўз аллергиясининг белгилари ҳисобланади. Биз уни махсус мик­роскоп орқали текширганимизда организмда аллергия белгилари мавжудлигини кўрамиз. Кейин нимага аллергиянгиз бор, деб савол берамиз. Буни беморларнинг ўзи ҳам билса, бизга осон бўлади. Бунақа ҳолатларни аллерголог ва офталмолог бирга даволайди. Чунки аллергиянинг белгилари кўпинча кўзга берса, беморнинг бошқа аъзоларига ҳам акс таъсирини бериш эҳтимоли кўп.

Яна ўқинг:  Уйқу етишмовчилигининг зарарлари

Чанг организмга қандай ўтиради?


Кўзда, бурунда организмнинг шиллиқ қавати бор. Жуда майда бўлгани учун чанглар кўз устига, бурунга ёпишиб, аксирганда организмда кучли реакция пайдо бўлади. Кимгадир бир-икки соатда реакция бериши мумкин. Кимгадир эса 24 соат ичида реакция бериш эҳтимоли бор. Шу вақт ўтгандан сўнг унинг белгилари пайдо бўла бошлайди.
Чанглар кўзга кўринмас бўлади. У кўзнинг шиллиқ қаватига ёпишгандан сўнг организм реакция беришни бошлайди.

Бу ҳолат кимларда кўпроқ учрайди?


Ёшлигида ким кўпроқ нотоза жойларда дарахтларнинг олдида юрган бўлса, уларда аллергия бўлиш фактори кўпроқ кузатилиши мумкин. Бурун битади, оқади, қичишади ва тинимсиз аксиради. Кўз қичийди, ёшланади, ёруғга чиқиб бўлмайди, қум киргандек бўлиб тураверади.
Касаллик авж олишини кутиб турмасдан унинг олдини олиш зарур. Ҳозирги кунда бунинг иложи бор профилактик даво ва вакцина қўлланилиб, даволаш ишлари аллерголог назоратида олиб борилади.

Аллерголог-иммунолог

Шерзод МУХТОРОВ тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: