Митти юракда Ватан туйғуси

Болалик чоғларимда момомнинг она Ватан, юрт осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард, жасур қаҳрамонларнинг жасорати акс этган афсона ва ривоятларини тинглаб, кўнглим болаларча энтикарди. Мен ҳам худди улардек бўлишни орзу қилардим.

Дарҳақиқат, фарзандларимиз Ватанга бўлган муҳаббатни болаликдан ҳис этишади. Улар бажараётган кичик юмушлар, ота-онаси, укалари ва бошқа яқинларига нисбатан меҳри, бола қалбида жо бўлган мўъжаз Ватанида намоён бўлади.

Фарзандлар бизнинг келажагимиз. Ўғил-қизимизнинг юртга таянч бўлишини эса барча ота-оналар чин кўнгилдан истаймиз. Бунинг учун энг аввало, уларга кичиклигиданоқ аждодларимиздан бизга меърос қолган миллий қадриятлар, урф-одатларни, тарихий меъросимизни, илм хазинасини ўргатиб бормоғимиз лозим.

Қувонарлиси, айни пайтда ушбу мавзуда миллий телеканалларимизда ижтимоий роликлар, бадиий ва анимацион фильмлар намойиш этилмоқда. Мисол тариқасида болалар иштирокидаги Ватан ҳимоячилари, уларнинг бурчларига бўлган садоқати акс этган ролик эътиборимизни ўзига тортмасдан қолмайди. Энг қувонарлиси, лавҳа охирида бола ўзи бажараётган ҳар бир юмушни юртга хизмат сифатида кўра билгани ва қўлини чаккасига қўйиб, “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан” дея баралла айтиши, нафақат биз катталарни, балки фарзандларимиз қалбини ҳам тўлқинлатириб юборади. Бундан ташқари “Ўзбекистон – умумий уйимиз” рукни остида турли миллат болаларининг “Мустақиллик” майдонида “У жуда ҳам азиз”, “У бағрикенг”, “У меҳмондўст”, “Уни ҳаммамиз яхши кўрамиз” дея юртимиз харитаси атрофида бирлашгани акс этган лавҳа ҳам жуда таъсирли чиққан.

Бунга яна кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Хусусан, “Болажон” телеканали орқали намойиш этилаётган миллий руҳдаги мультфильмларни олайлик. Унда миллий қадриятлар, бобо ва набира ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстликнинг бурчи ва масъулияти содда, самимий, энг муҳими, кичкинтойларга тушунарли тарзда намойиш этилмоқда. Эътибор берсангиз, болажонларимизга хориж анимацион фильмларидан кўра кўпроқ, ўзимизнинг ҳам замонавий, ҳам миллий руҳдаги ранг-баранг мультфильмларимиз завқ бағишламоқда. Бу билан хориж маҳсулотларини танқид қилмоқчи эмасмиз. Айтмоқчимизки, эзгу ғояларни ўзида мужассам этган миллий фильмларимиз намойишида биринчи галда инсонпарварлик ғояси мужассам.

Юртимиз тарихи жуда бой, ўтмиш ва эртак қаҳрамонларимиз бисёр. Эртак ва афсоналардаги қаҳрамонлар телеэкран орқали намоён бўлса, ишончим комилки, фарзандларимиз бундан ибрат олишади. Айниқса, Широқ, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ҳаётига бағишланган мультфильмимиз айнан болалар онгида юртга бўлган муҳаббат туйғусини оширади.

Яна ўқинг:  Бўш вақтга мазмун нақд

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: