Ижарага уй олмоқчиман: унинг қонуний асослари қандай?

Бугунги кунда юртимизда одамларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, хонадонлар ижарага берилмоқда. Бундай ҳолатда ижарага берувчи томонда қонуний асосда ҳужжат бўлиши лозимлиги ҳаммага маълум. Бироқ, ижарага олувчиларнинг барчасини ҳам бундай тартибдан аниқ хабардор деб бўлмайди. Ижара шартномасида қандай ҳужжатлар талаб этилади ва унинг аҳамияти хусусидаги саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани 7-сон давлат нотариал идораси нотариуси Ирода Мустафоева жавоб беради.

 

Мен уйимни ижарага бермоқчиман. Ижара шартномасини нотариал тартибда расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар кераклиги ҳақида маълумот берсангиз?

Ўзбекистон Республикасининг Ижара тўғрисидаги қонунининг 2-моддасида қуйидагича белгиланган.

Ижара муносабатлари ушбу қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Хонадонингизни ижарага бериш учун битимни ҳужжат билан расмийлаштириш керак. Агар турар жойни ижарага бериш шартномаси бўлмаса ва у нотариал тасдиқланмаса, сизга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорида жарима солинади. Бундан ташқари, солиқ органини турар жойни ижарага беришдан олинадиган даромадлар тўғрисида хабардор қилиш керак.

Сиз ижарага бермоқчи бўлган хонадонда кимлар рўйхатга қўйилганлиги ва яшаётганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам олишингиз керак. Тошкент шаҳарига доимий рўйхатга қўйилганлиги тўғрисида туман ИИБ паспорт бўлимининг 17-сон шакли деб номланадиган маълумотнома керак. Яшаётганлар тўғрисидаги маълумотномани фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи беради.

Ҳамма зарур ҳужжатлар тайёр бўлгач, паспорт ва ҳужжатларнинг, сизнинг ва бўлғуси ижарачининг СТИР нусхаларини олиб, у билан бирга турар жойни ижара шартномасини тузиш ва тасдиқлатиш учун нотариал идорага бориш лозим. Хусусан, турар жойни ижарага олиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Шартнома тузиш чоғида шуни билиш лозимки, ушбу кодекснинг 612-моддасига кўра, унинг амал қилиш муддати 5 йилгача бўлиши мумкин. Агар у 1 йилдан кам муддатга тузилса, иккала тарафнинг розилиги билан бу муддатни узайтириш мумкин.

 

 

Мен ижарада тураман. Уй эгаси билан ўзаро ижара шартномаси тузилган. Хонадонда истиқомат қилган пайтимда уйда турли камчиликлар борлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш учун ким жавобгар ҳисобланади?

Ижарага берувчи ижарага топширилган мулкдан фойдаланишга халақит бераётган ундаги нуқсонлар учун, шу жумладан, шартнома тузиш чоғида аниқланмаган нуқсонлар учун ҳам жавобгардир. Агар ижарага берувчи ижарага берилган мулкни ижарачига фойдаланиш учун ўз вақтида бермаган бўлса, ижарачи ундан бу мулкни талаб қилиб олиш ҳамда ижрони кечиктириб юборганлиги оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплашни талаб қилишга ёхуд шартномадан воз кечиб, шартномани бажармаганлик оқибатида ўзига етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.

Яна ўқинг:  7 кун давомида

 

 

Мен кўп қаватли уйлардан бирида ижарада турмоқчиман. Уй эгаси билан ижара шартномаси тузиш кераклиги хақида хабарим бор. Бу шатрномада асосан нималар кўзда тутилгани ҳақида маълумот берсангиз?

Ижара шартномасида ижарага берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати, уни ижарага бериш тартиби ва муддати, ижара ҳақи шартлари ҳамда миқдори, уни тўлаш муддатлари, ижарага берувчи ижарачига бериши керак бўлган мол-мулкнинг ҳолати, ижарачининг мол-мулкдан фойдаланиш шартлари, мол-мулкни ижарага берувчига қайтариш тартиби, ижарага берилган мол-мулкни тиклаш ва таъмирлаш юзасидан томоннинг мажбурияти, томонларнинг масъулияти кўзда тутилади.

Ижара шартномаси асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек, хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Ижара тўғрисидаги қонуннинг 1-моддасида “Ижара Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилмаган фаолиятнинг ҳамма соҳасида мулкчиликнинг барча шакл ва туридаги мол-мулкига нисбатан қўлланиши мумкин” деб белгиланган.

 

Савол: Мен ижарага дўкон олиб, савдо қилмоқчи эдим. Ижарага олинган мулкнинг қиймати қай тартибда белгиланади?

Ижарага берилаётган давлат мулкининг қиймати Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ белгиланади. Ижарага берилаётган давлатга қарашли бўлмаган мулкнинг қийматини мулкдор белгилайди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Ижара тўғрисидаги қонунининг 6-моддасида белгилаб қўйилган.

 

Чарос ХУШВАҚТОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: