Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир ёрқин намойиши

Бугунги воқеанинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапирганда, аввало Қамчиқ туннели орқали Фарғона водийсини мамлакатимизнинг маркази ва бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган ушбу темир йўл қуриб битказилиши билан Ўзбекистонда ягона, мустақил миллий транспорт коммуникация тизими тўла шакллангани, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизга хурсандчилик ва ғурур-ифтихор етказади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

 

2016 йилнинг 22 июнь куни узунлиги 123, 1 километр бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва 19, 2 километрлик Қамчиқ туннели муддатидан олдин – 32 ойда қуриб битказилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами шукуҳи билан яшаётган халқимиз, айниқса, “Олтин водий” аҳолиси ушбу улкан бунёдкорлик иншоотининг ишга туширилишини катта мамнунлик билан кутиб олмоқда. ЎзА мухбирлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятидан бир гуруҳ юртдошларимизнинг мазкур тарихий воқеа ҳақидаги таассуротлари билан қизиқди.

 

Ботиржон ТЕМИРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1-технологик цехи механиги:

Ҳар тонг осойишта ва файзли маҳалламиз бўйлаб қадрдон заводимга йўл олар эканман, меҳнатимиз қадр топаётган, манфаатларимиз устуворлиги таъминланаётган шундай озод юртда, саодатли замонда яшаётганимдан қалбим чексиз ифтихорга тўлади.

Ўзим ишлайдиган завод фаолиятидан қиёс. Мустақиллик йилларида бу ерда кенг қамровли реконструкция ишлари амалга оширилди: эски технологиялар замонавийсига алмаштирилди. Натижада нефть маҳсулотлари сифати тубдан яхшиланди, тури кўпайди, жаҳон бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Бугун дунёнинг 20 дан ортиқ давлатига маҳсулотларимиз экспорт қилинмоқда.

Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели ишга туширилиши барча юртдошларимиз қатори Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ходимларини ҳам ғоят қувонтирди. Боиси, бу заводимизга ҳам мўмай фойда келтиради. Аввало, хомашёни ташиш харажатлари сезиларли даражада камаяди. Ишлаб чиқариш қуввати кескин ошади. Логистика хизмати сарфи арзонлашади, иқтисодиёт тармоқларидаги жозибадорлик ортади.

Ташиш даврида маҳсулотнинг экологик жиҳатдан тозалиги сақланади. Йўқотиш ва сифат ўзгаришларининг олди олинади. Ҳамкасбларимиз билан тушликдан кейин ўтириб, эринмай ҳисоблаб чиқдик. Қаранг, ҳозирги кунда Қамчиқ довонидан транспорт орқали ташишда 1 тонна маҳсулотнинг таннархи 41 долларга тушаяпти. Темир йўлнинг ишга туширилиши корхонамизнинг бу борадаги харажатларини салкам икки баробар камайтиради. Умуман, йилига 18, 1 миллион тонна юкни ташиш мумкин. Ташиш муддати икки баробар камайиб, 8 соатни ташкил этади. Транспорт харажатлари 4 баробар қисқаради…

Яна ўқинг:  Табиий фанлар ойлиги

Дунёнинг бугунги манзарасини диққат билан кузатаётган инсон Аллоҳ назар қилган бундай бетакрор заминда – Ўзбекистонда яшашнинг ўзи улкан бахт эканини чин дилдан ҳис қилади. Мана бундай бунёдкорлик ишлари ғайратимизга ғайрат, умримизга умр қўшади.

 

 

Вонг ЧАО (Хитой),

Андижон шаҳридаги “Lemon international” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси бош директори:

Тадбиркорман, дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман. Мана, бир неча йилдирки, Ўзбекистонда фаолият юритяпман. Рости, юртингизда тадбиркорлар, айниқса, хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити, қатор имтиёзлар яратилгани бизнинг самарали фаолият юритишимизда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзимиздан қиёс. Андижон шаҳрида Хитой инвестицияси асосида ишга туширилган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Lemon international” хорижий корхонасида йилига 500 минг дона шим ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишини аср қурилишларидан бири, дейиш мумкин. Биринчи бор Тошкентдан Андижонга Қамчиқ довони орқали автомобилда келганимда менга ушбу тоғ орқали Фарғона водийсига ўтадиган темир йўл қурилмоқда, дейишганида ишонмаган эдим.

Яқинда телевидение орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин иштирокидаги ушбу йўлнинг очилиши ҳақидаги кўрсатувни кўриб, қойил қолдим. Хитойни Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган ушбу йўл савдо ва иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Бундай ноёб ва улкан қурилишни кўриб, Президентингиз раҳнамолигида Ўзбекистон ўз танлаган тараққиёт йўлидан дадил бораётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Умуман, ўзбек халқидек очиқкўнгил, меҳмондўст, меҳнаткаш ва бағрикенг инсонларни кам учратганман. Айниқса, Ўзбекистон ёшларининг юксак салоҳияти, чет тиллари, хусусан, инглиз тилида равон гаплашиши менда катта таассурот қолдирмоқда. Юртингиздаги тинчлик, осойишталик, тўкинликка ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

 

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: