Чиқинди – қимматли хомашё

Дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 900 га яқин тури қайд этилган. Ҳар йили дунёда чиқиндилар ҳажми 3 фоизга кўпаймоқда.

Атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларидан муҳофаза қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий боғлиқдир. Кўп асрлар давомида чиқиндиларни нотўғри бошқариш табиий ресурслар ўзгаришига, табиат ҳодисаларининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Бу чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар ташкил қилади ва уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдордаги энергия ва энергия ташувчиларни ишлаб чиқариш мумкин. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Чиқиндиларни қайта ишлаш электр энергияси ва сувдан фойдаланишни бир неча баробарга камайтиради. Масалан, макалатурадан қоғоз олиш нафақат дарахтларнинг кесилишини камайтиради, балки электр қувватининг сарфини тўртдан уч қисмга қисқартиради. Бир тонна қоғозни қайта ишлаб чиқаришга уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўлади.

Тобора кўпайиб бораётган электрон чиқиндилар ҳам инсониятга хавф солмоқда. Ҳар йили ер юзида 2 миллион тоннага яқин электрон чиқинди пайдо бўлмоқда. Мисол учун, биргина мобиль алоқа воситаси 500 тадан 1000 тагача турли қисмлардан ташкил топган. Уларнинг кўпчилиги заҳарли оғир металлар – қўрғошин, симоб, кадмий ва бошқа хавфли кимёвий моддаларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритилмоқда. Экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи 15 дан зиёд қонун, табиий ресурсларнинг айрим турларидан фойдаланиш механизмлари ва шартлари, шунингдек, давлат экологик экспертизасини амалга ошириш, турли тоифадаги қўриқланадиган ҳудудларни ташкил қилиш ва уларда алоҳида фойдаланиш режимини ўрнатиш тартиб-таомиллари ва бошқа масалаларни белгилаб берган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  Сайловчилар муддатидан олдин овоз беришда иштирок этмоқда

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари ташкил этилган.

Чиқиндиларни қайта ишловчи ва утилизация қилувчи корхоналарга камчиқимли технологияларни олиб кириш соҳани ривожлантиришнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 300 га яқин корхона қоғоз, пластик, резина, шиша, металл ва бошқа иккиламчи чиқиндиларни қайта ишламоқда.

“Тошрангметзавод” акциядорлик жамияти рангли металларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида ихтисослашган корхона бўлиб, замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар билан таъминланган. Юқори малакали ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Завод рангли металл парчалари ва чиқиндиларни йиғиш, рангли металларга бирламчи ишлов бериш, ишдан чиққан қўрғошинли аккумуляторларни тўплаш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланади. 2016 йилда корхона томонидан 180 тонна электрон чиқинди қайта ишланди.

Корхона TUV:ISO 9001-2008 стандарти бўйича сертификатланган. BID (Business Initiative Direction) халқаро мукофотига сазовор бўлган. Корхонада сифат менежменти ва сифатни бошқаришнинг намунали тизими шаклланган.

Маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил қилиш экологик муаммоларни бартараф этиш билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам фойда келтиради.

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: