7 кун давомида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида тиббий суғуртага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда аҳолига тиббий суғурта хизмати кўрсатишда миллий ва хорижий тажриба, мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижалари, тиббий суғурта хизматини такомиллаштириш, бу йўналишдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталарининг бош мутахассислари иштирок этди.
Ўқув-семинарда хотин-қизлар манфаатларига тааллуқли давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бунда доимий таҳлил ва мониторинг олиб бориш, хотин-қизлар қўмиталарининг маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлигини кучайтиришга оид масалалар муҳокама этилди.
Республика Қон қуйиш марказида 14 июнь – халқаро донорлар куни муносабати билан хайрия тадбири ўтказилди.
Тадбирда қон топшириш артериал гипертония хасталигининг олдини олиши, организмдаги модда алмашинувини яхшилаши ва иммун тизимини мустаҳкамлаши хусусида сўз юритилди. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар тегишли шифо масканларида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донорлик қилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.
“Sog‘lom avlod” мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди