Дилга ором гуллар жилоси

Чиройли гуллар ҳамиша бизнинг эътиборимизни тортган. Бежиз қизларнинг ҳуснини мана шу мафтункор табиат мўъжизасига қиёслашмайди.

Атрофимизни гуллар ўраганида шубҳасиз, ўзимизни яхши ҳис қила бошлаймиз ва ўз-ўзидан кайфиятимиз кўтарилади.

Гулларнинг бундай ажойиб хусусиятлари тиббиёт ходимларининг назаридан четда қолмади. Соҳа мутахассислари гуллар билан инсон қалбини даволашдай ютуққа эришдилар.

Ер юзида тараққиётнинг тезкор ривожланиши, хусусан, техниканинг жадал суръатда одимлаши инсониятни қайсидир маънода саросимага солмай қолмади. Айни шундай вазиятда психологлар малҳам сифатида гулларни маъқул кўрдилар. Психологияда гуллар билан даволаш усули равнақ топди. Бу усул ёшу қарига бирдай ижобий самара берди.

Гуллар билан даволаш усули асли Шарқда пайдо бўлган. Сўнгги йилларда японияликлар беморлар устида илмий тадқиқот олиб боришди. Мутахассислар ғазаб отига минган, кўзи тўла қаҳр бўлган беморларга сакура гулларига узоқ вақт тикилишни тавсия қилдилар. Бундай муолажанинг натижаси ёмон бўлмади. Беморнинг томир уриши меъёрига тушиб, руҳи хотиржам тортди.

Гуллар ҳамда ўсимликларнинг деярли барчаси инсон организмига ижобий таъсир этади ва даволовчи хусусиятга ҳам эгадир.

Дунёнинг турли минтақаларида эндиликда гуллар билан даволовчи психологик марказлар очилган.

– Бизнинг тупроққа оддий чўпни суқиб қўйса ҳам у кўкариб, катта дарахтга айланади. Ҳосилдор еримизда ўсувчи кўплаб ноёб гуллар борки, уларни азал-азалдан аждодларимиз эъзозлаб келган, – дейди “Афросиёб” психологик маркази директори Зебинисо Аҳмедова. – Улар инсон руҳиятига ижобий таъсир этиб, организмга кони фойда саналган. Ялпиз, райҳон, қалампирмунчоқ сингари ўсимликлар болалар руҳияти ва танасига фойдалилиги билан ажралаб туради. Улар кайфиятни кўтарувчи, хотирада ширин ўйлар қолдирувчи, тинчлантурвчи хусусиятга ҳамда бир неча касалликларга даволиги билан алоҳида қадрланади. Шу боисдан янги туғилган чақалоқнинг қалпоқчасига момоларимиз қалампирмунчоқни илиб қўйишган. Айрим ота-оналар гуллар аллергия бериши мумкин деб болаларни уларга яқин йўлатмайдилар. Бу ҳам ўзига хос эҳтиёткорлик. Аммо фарзандингизга қандай навдаги гул ёки ўсимлик аллергия бериши мумкинлигини дастлаб аниқлаб олиш зарур.

Она табиат манзаралари ҳомиладор аёллар ва болаларга кислород манбаидир. Бундай пайтда гулларнинг хушбўй ифори ва кўркам жозибаси уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишининг ошишига ва онгида ёрқин хотиралар қолишига туртки бўлади. Шунинг учун болани кўпроқ табиат қўйнига, гулзорларга сайрга олиб чиқиш лозим.

Яна ўқинг:  Жисмоний тарбия ва оммавий спорт янги босқичга кўтарилади

Бугунги кунда инсон руҳиятига таъсир этиб даволовчи ароматерапия ва фитотерапия йўналишлари борки, улар аксарият инсонларнинг хасталигига шифо бўлмоқда. Жаҳон руҳшунослари гуллар турфа ёшдаги инсонларга шифобахш манба сифатида қарамоқда.

Масалан, барча учун ёқимли атиргулни олайлик, у кайфиятни кўтарувчи хусусиятга эга. Бироқ, уни сўлиган ҳолда кўрсангиз, бирпасда хомуш тортасиз. Одамда депрессияни кучайтириши мумкин. Дала гуллари эса бош оғриғини бартараф этиб, уйқусизликнинг олдини олади. Улардан таралувчи нозик ҳид одамнинг қалбига руҳий озуқа беради. Фарзанди бетоқат, инжиқ оналарга марваридгул тавсия этилади. У боланинг руҳиятига ижобий таъсир этиб, босинқирашига барҳам беради, хонадонга ҳам хуш кайфият олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, гуллар оламга гўзаллик бағишлайди. Ҳар бир киши уларни кўргач, баҳри дили очилиши, табиий. Инсоннинг вужуди ҳамда дилига уйғунлик улашгувчи гулларнинг ҳали биз билмаган яна не-не сир-синоатлари бор экан-а?!

Зилола ЖАЛОЛОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: