Болангиз 6 ойлик бўлди

Энди унга қўшимча овқат зарур

Сунъий овқат воситалари – кўкрак сути ва сут аралашмаларига нисбатан тўйимлироқ бўлган, уй шароитида тайёрланган ёки озиқ-овқат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади.

Улар боланинг 6 ойлигидан сўнг кўкрак сути ёки сутли аралашмаларга қўшимча сифатида берилибгина қолмай, балки болани аста-секин умумий овқатланиш столига ўтказишни таъминлайди. Шунга эътибор бериш лозимки, сунъий овқат воситалари бола ёшининг иккинчи ярим йиллигида кўкрак сути ва сутли аралашмаларга нисбатан кўпроқ миқдорда берилади. Шунга қарамай, улар бола рационидаги асосий озиқ ҳисобланмайди.

Болангизнинг истеъмоли учун шарбат тайёрлашда қуйидаги қоидаларга риоя қилишингиз лозим:

– Шарбат тайёрлашда фақатгина етилган ва сархил (янги узилган) мева ёки сабзавотлардан фойдаланинг.

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам металл шарбат тайёрловчи қурилмалардан фойдаланманг. Чунки, металл шарбат таркибидаги С витаминини емиради. Энг яхшиси, қўл билан ишлайдиган ойнали шарбат тайёрловчи қурилмалардан фойдаланган яхши. Шундагина ичимлик ўзининг табиийлик хусусиятини сақлайди.

– Тайёрланган шарбатни сақлаб қўйманг, уни оз-оздан, тез-тез тайёрланг. Зеро, туриб қолган ичимлик оксидланиб, мазаси бузилади.

– Агар сиз болангиз уйғонишидан олдин шарбатни тайёрлаб қўйган бўлсангиз, уни қоронғу жойга қўйинг. Сабаби унинг таркибидаги С дармондориси ёруғлик таъсирида тез парчаланади.

Шуни эсда тутиш лозимки, айрим шарбатлар чақалоқ ичини суюлтиради. Баъзилари эса аксинча. Айниқса, анор, қора қорағат(смородина) ва олчали шарбатлар боланинг ичаклари ҳаракатини сусайтириб, ич қотишига сабабчи бўлади. Агар болада ич қотиш ҳолатлари аниқланса, у ҳолда карам ёки лавлагидан тайёрланган шарбатлар фойдали.

Узумдан тайёрланган шарбатларни истеъмол қилишда эҳтиёткорлик талаб этилади. Чунки, унинг таркибида меъёрдан кўп миқдорда фруктоза бўлиб, кўп истеъмол қилинса, бола ичагида газлар ҳосил бўлиши ортади ва натижада ичак санчиши ривожланади.

Аксинча, сархил сабзи шарбати жуда фойдали бўлиб, унинг таркибида кўп миқдорда А витамини мавжуд. Бу дармондори эса боланинг ўсиши ва кўриш фаолиятига яхши таъсир этади. Лекин сабзили шарбатни ҳам керагидан ортиқ истеъмол қилиш зарар. Чунки, кўпчилик ҳолларда ушбу шарбат натижасида боланинг териси сарғайиши мумкин.

Боланинг илк ёшларидаёқ, кўп миқдорда мева ва ундан тайёрланган шарбатларни бериш тавсия этилмайди. Сабаби уларнинг озуқавийлик қиймати юқори эмас. Кўпинча табиий, сархил мева ва сабзавот сувлари бола ичак фаолиятининг бузилишига сабаб бўлиб, аллергик реакцияларни чақиради.

Яна ўқинг:  Ижтимоий дорихоналар фуқаролар йиғинлари таклифи асосида қурилади

Гўдакни сунъий овқат воситалари билан озиқлантиришда дастлаб бўтқасимон, аммо суюқ бўлмаган, бола 8-10 ойлигидан бошлаб эса нисбатан қуюқроқ овқатлар билан овқатлантириш тавсия этилади. Бундай усул билан болани овқатлантириш уни 10-12 ойлигидан бошлаб умумий столга ўтишини енгиллаштиради.

Чақалоқни сунъий овқат билан озиқлантиришнинг дастлабки 10-14 кунларида бир марталик озиқнинг умумий миқдори 100-200 граммгача ошириш тавсия этилади. Кўпчилик кўкрак ёшидаги болаларнинг бир марталик озиқнинг умумий миқдори 100-150 грамм бўлиб, ушбу ҳолат меъёр ҳисобланади. Агар бола ортиқ истеъмол қилишни истамаса, уни мажбурламанг. Аксинча ушбу овқатни иккига бўлиб, бироз вақтдан сўнг уни яна бериш тавсия этилади.

(Давоми бор)

 

Гули ШАЙХОВА,

ТТА “Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси” кафедраси профессори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: