Тарихий кўприкнинг замонавий қиёфаси

Қарши шаҳрида тубдан қайта реконструкция қилинган Амир Темур кўприги ва унинг атрофида барпо этилган гўзал хиёбон фойдаланишга топширилди. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган бу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иқтисодий-ижтимоий инфратузилма ривожланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этмоқда. Қарши шаҳри ҳам ҳар томонлама кўркамлашиб, аҳоли учун барча зарур шароит яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Буюк Амир Темур томонидан барпо этилган мазкур кўприкнинг Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам.

Бу тарихий кўприк қадимда Қашқадарё дарёсининг икки қирғоғини ўзаро боғлаб, халқаро ижтимоий-иқтисодий алоқаларга восита бўлган. Ўрта асрларда Насаф орқали Эрон ва Ҳиндистонни Европа билан боғлаган муҳим карвон йўллари ўтган. Шу боис бу воҳа асрлар давомида гуллаб-яшнаган. Олим ва сайёҳ Герман Вамберининг ёзишича, 1860-йилларда Қарши шаҳрида 10 карвонсарой, катта бозор, шаҳар аҳолиси дам оладиган боғ бўлган. У бундай боғни бошқа юртларда учратмаганини алоҳида қайд этган. Бугун ўша тарихий боғ ҳам қайта тикланди.

 

Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида қайта барпо этилди. Қашқадарё дарёсида учта тўғон қурилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. Дарё соҳили бўйлаб кемалар тўхтайдиган тўртта жой қурилиб, ёритиш устунлари ўрнатилди. 51 дона катамаран, 2 та туристик катер ва 4 та аттракцион келтирилди. Дарё қирғоғи бўйлаб 14 та коттеж, 4 та кафе-бар, болалар майдончалари, 4 та сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди.

4 километр ичимлик суви, 4, 2 километр канализация, 29, 3 километр электр тармоғи тортилди. 144, 8 минг квадрат метр майдонни суғоришга мўлжалланган ускуналар ўрнатилиб, хиёбон тўлиқ кўкаламзорлаштирилди. 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилиб, қарийб 68 минг квадрат метр майдонга брусчатка ётқизилди.

 

Яна ўқинг:  САМАРҚАНД БЎЙЛАБ САЁҲАТ

Амир Темур кўприги қайта тиклангани ва унинг атрофида гўзал хиёбон барпо этилгани Қашқадарё аҳолиси учун қувончли воқеа, катта байрам туҳфаси бўлди. 700 йиллик тарихга, пухта ва мустаҳкам муҳандислик ечимларига эга ушбу иншоот қайтадан гўзал қиёфага эга бўлиши Президентимиз раҳнамолигида тарихимизни ўрганиш, тиклаш ва асраб-авайлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.

– Мустақиллигимизнинг ҳар бир кунида бир мўъжиза яратилмоқда, десак хато бўлмайди, – дейди миллий кураш бўйича жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Жалолиддин Шерназаров. – Амир Темур бобомиз қурдирган ушбу кўприкнинг бутунлай янги қиёфа касб этиши мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига ажойиб туҳфа бўлди. Бугун юртимизнинг қай бир чеккасига борманг, улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз. Бунёдкорлик халқимизга хос юксак фазилат. Биз, ёшлар қайси соҳада фаолият юритмайлик, ана шундай жасур, мард ва фидойи аждодларимизга муносиб бўлиш, Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз лозим.

Президентимиз Ислом Каримов 2015 йил 30 июнь куни вилоятга ташрифи чоғида мазкур масканни халқимиз дам оладиган гўзал ва замонавий хиёбонга айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган. Ўтган қисқа вақт ичида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Кўприк ва унинг атрофида барпо этилган кўркам сайилгоҳ нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки чет эллик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланади.

– Қадимий Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари менда катта таассурот қолдирди, – дейди хитойлик сайёҳ Лин Хай. – Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, лекин Ўзбекистондек гўзал юртни кўрганим йўқ, десам ишонаверинг. Табиати бетакрор, одамлари хушмуомала, меҳмондўст, турли миллатлар бир оиладек аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистоннинг келажакда буюк давлат бўлишига барча асослар бор. Хитой оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида, узоқни кўра оладиган донишманд Президент Ислом Каримов ҳақида кўп ўқиганман, эшитганман. Бугун Ўзбекистонга келиб, бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўриб, бунга ўзим бевосита гувоҳ бўлиб турибман. Қалби гўзал ва нияти улуғ инсонларгина бундай эзгу ишларга қодир бўлади.

– Ўзбекистон қадимий ва буюк тарихга эга кам сонли давлатлардан бири. Бу диёр мени тарихий обидалари, миллий қадриятлари, гўзал табиати ва бағрикенг халқи билан мафтун этди, – дейди суданлик сайёҳ Исамелдин Аҳмад Абдулраҳмон. – Тарихий обидаларнинг мукаммал, ўзига хос меъморчилигига тан бермасдан илож йўқ. Неча минг йиллик миноралар ҳамон янгидай қад ростлаб турибди, оҳори тўкилмаган. Халқ бу тарихий меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда. Ўзбекистон ўз келажагини ўз қўли билан қурмоқда. Мана бу тарихий кўприк, унинг атрофида барпо этилган гўзал хиёбон шу даражада уйғунки, гўё ўтмиши буюк халқ ўзининг бугуни ва келажагини ҳам шундай улуғлаётгандек туюлди менга.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонлик ўқувчилар Туркиядаги IX халқаро билимлар олимпиадасида 49 медални қўлга киритди

Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов сўзга чиқди.

 

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: