Хоҳиш ва иштиёқ боланинг касб танлашидаги асосий жиҳат

Фарзандимизнинг эртаси бугун биз бераётган тарбия билан чамбарчас боғлиқ. Баъзан ота-оналар улар улғайгани сари тарбия жараёнида кўпгина муаммоларга дуч келаётганлигини англайдилар.

Бунда ҳаддан ортиқ меҳри ва ғамхўрлиги билан фарзандининг фаоллиги, эрк ва қатъиятига соя солаётганини сезмай ҳам қолишади.

Аввалига ота-оналар ўз орзуларининг рўёбини фарзандида кўришни истаб, уни турли мактабдан ташқари машғулотларга жалб этсалар, кейинроқ “касбим давомчиси” ёки “нуфузлироқ” касб эгаси бўлишига интиладилар. Шундай беминнат ғамхўрликлар маржон садафидек узайиб, жилоланиб боради-ю, бу шодага осилаётган жисмнинг ўз руҳидан бегоналашгани, мустақиллигини йўқотиб бораётганидан бехабар қоладилар. Охир оқибат фарзандининг касбида эпсизлиги, оиласи нотинчлиги, қатъиятсиз ва бўшанглигидан нолий бошлайди. Аслида қандай бўлиши керак?

Психологларнинг фикрича бола туғилганидан то бир ёшга киргунга қадар табиий эҳтиёжини қондириш йўлидаги туғма инстиктив қобилиятларини ишга солади. 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган оралиғда, болада муҳим психологик ривожланишлар бошланади. Бу ёшда бола ўзининг “мен”ини англаши, унинг келгусида шахс сифатида шаклланишига қаратилган ҳаракатларининг дебочаси саналади. Унинг етакчи фаолияти “предметли, монупулятив мулоқот” бўлиши ҳам болани ўраб турган атрофга муносабати, эътиборининг пайдо бўлаётганидан далолат. Шу тариқа мактабгача бўлган даврида “ўйин” фаолияти, кичик мактаб ёшида ўқув фаолияти, ўсмирликда тенгдошлар билан мулоқот, ўқув ва касбий фаолиятини танлаш каби муҳим ишларни амалга оширади. Шу ўринда боланинг юқоридаги жиҳатларда амалда бўлган етакчи жараёни, билиш ва руҳий ривож касб танлашга бўлган эҳтиёж ва қобилиятини шакллантириб, турли босқичларда турлича сайқаллай бошлайди:

– Мактабгача бўлган давр: ўйин фаолияти пайтида бола ўзига ҳар хил касбий ролларни танлашни бошлайди.

– Ўсмирлик даври: ўсмир ўз хаёлида, орзуларидаги касбни эгаллашга интилади ва у дастлабки касбни танлашга ҳар хил фаолият турларини баҳолаб кўришга ҳаракат қилади.

– Ўспиринликнинг сўнгги босқичида, бола амалий қарор қабул қилади. Бу даврда унда бирор соҳа билан шуғулланиш истаги пайдо бўлади ва аниқ бир соҳани танлайди.

Мутахассислар томонидан ўрганилган ушбу даврлар психологиясида амалда бўлувчи ушбу босқичлар оилавий муҳит, атрофдагилар таъсири ва қизиқишлар болада касб танлаш ҳақидаги сўнгги қарорини юзага чиқаради. Ўз имконияти ва қизиқишларидан келиб чиқибгина танланган мутахассислик жамият ривожи учун хизмат қилади. Мавжуд орзу-истак, психик-физиологик имкониятларни инобатга олиб, ҳар соҳада қарор қабул қилиш, инсон ҳаёти давомида амалга ошириладиган барча ўзгариш ва фаолиятларининг мувафаққиятли якунига олиб келади. Бир сўз билан айтганда у малакали мутахассис, жамият учун зарур шахс, қобил фарзанд ва намунали ота ёки рисоладагидек она сифатида шаклланади. Ота-оналар, азиз фарзандларини мустақил, ўз ишида фаол ва бахтли бўлишини истаса, бола ҳаётидаги муҳим ҳамда маъсулиятли паллада унга ғамхўрлик, раҳнамолик қилиш билан бирга, истак ва имкониятларини ҳам эътиборга олиши мақсадга мувофиқдир.

Яна ўқинг:  “ХИТОЙ ОЛМАСИ”НИНГ АЖОЙИБОТЛАРИ

Шаҳноза КАРИМОВА,

ТДПУ “Педагогика ва психология” факультети катта ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: