Кўз ёшлар ғалаба олиб келмайди
Батутда парвоз қилаётган спортчини кўрсангиз, унинг ҳаракатларига беихтиёр мафтун бўласиз. Бу спорт турида муваффақият қозониш учун унинг машаққатларига бардош бериш, ўз ишининг фидойиси бўлиш зарур. Баландлик қироличаси дея эътироф этиладиган Екатерина Хилькони мухлис ва ишқибозларга таништиришнинг ҳожати йўқ. 2000 йилда у илк бор Сиднейдаги Олимпия ўйинларида иштирок этган. 2008 йили Пекин Олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлган бу спортчи давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган.
У билан суҳбатлашаётганда қаршингизда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи”, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонларига сазовор бўлган инсон турганлигига ишонмайсиз. Спортда эришган натижаларидан қатъий назар у ниҳоятда камтар, самимий ва инсонларнинг машаққатли меҳнатини қадрлайдиган инсон.
– Ҳаётимни батутсиз сира тасаввур қила олмайман. Чорак асрдирки, шу спорт тури билан шуғулланаман. Мендаги спортга бўлган меҳр онамдан ўтган десам, хато бўлмайди. Волидам гимнастика бўйича мураббий бўлганлиги учун болалигимда улар мени гимнастика залига олиб борган. Сизга айтсам, ҳеч қачон баландликдан қўрқмаганман. Биринчи марта батутни кўрганимда эса ўзимга-ўзим, айнан шу спорт тури билан шуғулланаман, деганман.
Спортда юқори натижаларга эришиш учун боланинг кўнглини кўтарадиган, уни тушунадиган, кун тартиби, овқатланиш меъёрларига риоя қилишда ёрдам берадиган оила аъзоларининг ўрни катта.
– Авваламбор, онам мени доим қўллаб-қувватлаб турган. Оилада онажонимнинг эътибори, меҳри мен учун жуда муҳим. Отамнинг ҳам алоҳида ўрни бўлган. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Нима десам экан, доим менга ёрдам беришган. Бир воқеа ҳамон ёдимда. Бизнинг спортимизда вазн меъёрда бўлиши керак. Ўсмирлик пайтимда мен бир оз тўлишганман. Кўпчилик қизларда бундай муаммо бўлиб туради. Озмоқчи бўлганимда, отам билан онам мен билан бирга машқ қилиб, эрталаб югуришган. Менинг муаммомни биргаликда ҳал қилганмиз. Бундай эътибор, меҳр, менимча, ҳар қандай фарзанднинг кўнглини кўтаради.
Нафақат спортчилар, балки барча одамлар соғлом турмуш тарзига, тўғри овқатланишга риоя қилишлари зарур. Вазнини меъёрида ушлаб тура олган, шу билан бирга, фойдали маҳсулотлардан тайёрланган овқатларни тановул қилганлар кун давомида тетик юрадилар. Екатерина Хильконинг бу борадаги ўзига хос тавсиялари билан қизиқдик.
– Гимнастикачилар учун тўғри овқатланиш ниҳоятда муҳим. Агар ортиқча вазн бўлса, батутда сакраш қийин бўлади. Ҳар бир гимнастикачи парҳезга риоя қилиши керак. Агар оз-оздан меъёрда тановул қилинса, парҳез тутмаса ҳам бўлади.
Мен унчалик ҳам овқат танламайман. Кунлик рационда албатта гўшт, тухум ва мева-сабзавотлар бўлишига эътибор бераман. Ширинлик ҳам таъқиқланмайди. Машғулотлардан аввал бир бўлак шоколад ейман. Балки ўзимни шунга одатлантиргандирман. Менга бу ёрдам беради, деб ўйлайман.
Спортнинг машаққатли дамлари кўп бўлади. Вазн муаммосидан тортиб, ҳатто жароҳат олиш ҳолатларигача. Аммо мақсад сари интилган, орзуси амалга ошишини истаган ҳар бир атлет кўзлаган мақсадидан воз кечмайди. Танлаган йўлини ўзгартирмайди.
– Болалигимда машғулотларга катта иштиёқ билан келардим. Ҳеч қачон хоҳламайман, бормайман деб айтмаганман. Олимпиада ўйинларида иштирок этишни истаган атлет ўзи танлаган спортга бутун борлиғини бағишлаши керак.
Аёллар ниҳоятда ҳиссиётли бўлишади. Хурсанд бўлишганида ҳам, қайғуришганида ҳам йиғлаб юборишади. Айниқса, мағлуб бўлган пайтда ҳар қандай спортчининг кўзларидан алам кўз ёшлари чиқса керак.
– Балки бу сизга бироз ғалати туюлар, лекин мен мусобақаларда йиғламаганман. Нима бўлса, бари яхшиликка дейман. Омадсиз чиқишдан кейин ҳаракатларимни таҳлил қиламан. Доимо эзгуликка интилиб яшайман.
Бу йил Екатерина Хилько Рио де-Жанейрода бўладиган Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Эндиликда, у дунёда беш марта Олимпия ўйинларида иштирок этган ягона батутчи аёл спортчи бўлади. Умрининг асосий қисмини спорт залида ўтказган, бу оламнинг аччиқ-чучугини яхши билган атлет барча ота-оналарга болаларини спорт залига олиб келишлари зарурлигини айтади.
– Юртимиздаги барча ота-оналарга фарзандларини спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиб беришларини истаган бўлардим. Спорт кишида ирода, сабр-тоқат, меҳнаткашлик каби инсоний фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.
Баландликни ўзига бўйсундира олган Екатерина Хилько суҳбатдошининг кўнглини ҳам осонгина забт эта олади. Унинг чиройли мовий кўзларида эса, ирода, матонат, соддадиллик билан қатъиятнинг уйғунлигини кўрасиз. Суҳбат сўнггида омад кучлиларга, ўз ишининг фидойиларига, ўзига ишонганларга насиб этишини тушунамиз…
Суҳбатдош:
Юлдуз ОРТИҚОВА