Оромгоҳлар мавсумга шай

Жорий йил ёз мавсумида Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамкорлигида болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида мазмунли дам олдиришни ташкил этиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят мактаблари қошида 61 та оромгоҳлар ташкил этилиб, уларда жами 9345 нафар ўғил-қизнинг ҳордиқ чиқариши мўлжалланган.

Теварак-атрофи ям-яшил арчазорлар билан қопланган Моргузар тоғ тизмалари оралиғидаги Ғаллаорол туман, “Гулистон” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Жабош қишлоғида жойлашган тажрибали педагог Собир Содиқов раҳбарлигидаги 2-умумтаълим мактабида ташкил этилган сўлим маскан ҳадемай, 70 нафар болажонларнинг шўх ўйин-кулгилари билан янада тароватли бўлади.

Оромгоҳ остонасига қадам қўйишингиз билан “Бугун дам олиш масканида” деб аталувчи ёзувга ва иш режасига кўзингиз тушади. “Менинг ўлкам”, “Баланд қоя ва тоғлар”, “Қанотли ҳимоячиларимиз” каби мавзудаги фотостендлар беихтиёр эътиборингизни тортади.

Шу туманнинг Болғали қишлоғида жойлашган Асадулла Абдушукуров раҳбарлигидаги “Қуёшча” номли ёзги соғломлаштириш масканида 70 нафар дам олувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилганлигининг гувоҳи бўлдик. Жисмоний тарбия маданияти ўқитувчиси Шуҳрат Ўтанов етакчилигидаги тарбияланувчилар анъанавий ўйинлардан ташқари “Тортишмачоқ”, “Елкада кураш”, “Ким чаққон?” каби миллий ўйинлар, оромгоҳ йўлаклари бўйлаб тез юриш ва югуриш машқларини бажариш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Сув ҳавзасида эса ўғил-қизлар сузиш сирларини ўрганиш имконига эга бўладилар.

Жиззах туман, “Зиёкор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган олий тоифали педагог Хосият Жўраева раҳбарлигидаги “Ниҳол” соғломлаштириш оромгоҳида ҳам 100 нафар ўғил-қизнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун белгиланган режа асосида иш олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

Шу туманга қарашли Алишер Навоий номли фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10-умумтаълим мактаби қошидаги “Камолот” номли соғломлаштириш оромгоҳида эса 100 нафар ўғил-қизнинг ёзги таътил кунларини мароқли ва кўнгилдагидек ўтказиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганлигига ишонч ҳосил қилдик.

Шунингдек, Жиззах туманидаги 30-, 31–ва 46-умумтаълим мактаблари, Ғаллаорол туманидаги 10-, 30-, 73–ва 79-умумтаълим мактаблари ҳамда Жиззах шаҳридаги 2–ва 25-умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам болажонларнинг турли тўгаракларга қатнашишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилганлигидан мамнун бўлдик. Дам олувчилар Сангзор дарёсига туташ жойдаги қадимий ғорни томоша қилиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконига эга бўладилар. Бу эса болажонларнинг юртимиз табиатига бўлган меҳрини ошириш баробарида миллий қадриятларимизни авайлаб-асрашга ўргатади.

Яна ўқинг:  Сил бедаво дард эмас

– Соғломлаштириш оромгоҳларида олиб бориладиган ҳар бир тадбир болалар дунёқарашини бойитиш, ижодий қобилиятини шакллантириш, маънавий камол топишида ёрдам берувчи асосий тарбия воситаси бўлиб хизмат қилади, – дейди Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исомиддин Умаров. – Мавсум олдидан тайёргарликни ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси” тўғрисидаги қарор асосида ташкил этганмиз.

Ўйлаймизки, бу йилги ёз масумида фарзандларимиз ҳар йилгидан-да мароқли дам олиб, янги ўқув йилига улкан орзулар билан қадам қўядилар.

Зебо МАМАТҚУЛОВА,

Абдулла САИДОВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: