7 кун давомида

Республика болалар ва ўсмирлар шахмат мактабида 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида мамлакат чемпионати бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 200 дан зиёд ўғил-қиз иштирок этган мусобақа қизғин ва кутилмаган натижаларга бой бўлди. Беллашувлар якунига кўра Одина Олимова, Алихон Авазхонов, Руҳшона Раҳимбердиева, Абдулвосит Шарифжонов, Умида Омонова, Олмос Раҳматуллаев, Дилбар Ҳамроева, Суҳроб Аввалбоев, Асал Салимова, Фотиҳ Абдухолиқов тенгдошларидан устун келиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

 

 

Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида буйрак-тош касалликларининг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволашнинг замонавий услубларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган урология маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизда аҳолига урологик хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, буйрак-тош касаллигини даволашнинг янгича тамойилларини қўллаш, янги технологиялардан оқилона фойдаланиш борасидаги вазифаларга оид маърузалар тингланди.

 

 

Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Қрим-Конго ва бошқа геморрагик иситма касалликларини олдини олиш бўйича республика миқёсида олиб борилаётган тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир қатнашчиларининг Қрим-конго геморрагик иситмаси, унинг келиб чиқиши, профилактикаси, касалликнинг четдан мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маърузалари тингланди.

 

 

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижроси доирасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Қудратли юртнинг соғлом фарзандлари” шиори остида хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар эътиборга муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг маънавий-жисмоний камолоти йўлида зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

 

Хорижлик шифокорлар юртимизда

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Фонднинг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти билан 2008–2015 йиллардаги ҳамкорлиги давомида Ча университети қошидаги Пундан Ча госпиталида хайрия йўли билан жами 56 нафар ўзбекистонлик болалар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти ва Ча университети қошидаги Пундан Ча госпиталидан жами 12 нафар мутахассис ва врачлар жорий йилнинг 24-28 май кунлари Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида бўлишиб, туғма юрак нуқсони ташхиси қўйилган бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишмоқда. Кўрик натижаларига кўра аҳволи оғир деб топилган бемор болалар Корея Республикасининг нуфузли клиникаларида соғломлаштирилади.

Яна ўқинг:  Кўз ёшлар ғалаба олиб келмайди

 

М. ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: