Эл корига яраш саодати

“Маҳалла раиси – халқ виждони”, деган иборани эшитсам, маҳалламиз оқсоқоли Убайдулло ота кўз олдимдан ўтади. Ҳалол, виждонли ва тиришқоқ киши эди, у. Бу инсонни гоҳ маҳалламизда бўлаётган қурилишда, гоҳ ҳашару маъракаларда элга бош-қош бўлиб турганини учратардик.

Ёдимда, бир куни алламаҳалда хонадонимиз эшиги тақиллади. Дадам эшикни очса, ташқарида Убайдулло ота турибди.

“Ғофир, эртага маҳалладаги газ қувурлар таъмирланади. Шунга у ёқ, бу ёққа қараб қўй. Хонадонма хонадон айтиб, кеч қолиб кетдим. Айбга буюрмайсан энди”, деганди у киши. Ўша вақт Убайдулло отага нима зарурат экан-а, одамлар билмаса билмабди-да, деб ўйлагандим. Кейин билсам, у инсон учун бунинг зарурати катта бўлган экан.

Минг йиллик қадриятлар қарор топган гўша – маҳалла бугун ҳуқуқий ва демократик давлатимизнинг асосий таянчига айланиб улгурди. Ҳозирда ушбу тизимда эл дардини ўз манфаатидан устун қўядиган халқчил раҳбарлар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида белгиланганидек шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини-ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилмоқда.

Бу йилги сайловда 9 минг 764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиларини сайлаш режалаштирилган. Мазкур сиёсий жараён ҳам юртимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий бир қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Бир сўз билан айтганда фуқаролар келажакда маҳалла кўйга қайишадиган, эл корига ярайдиган, унинг ободлиги ва фаровонлиги учун ўз ҳаловатидан ҳам воз кечадиган фидойи инсонларни маҳалла раислигига муносиб номзод этиб сайлашади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа туманида яшовчи аҳоли ҳам ўзларининг муносиб номзодларига овоз бермоқда.

– Бу йилги сайлов жараёнини кузатиб, аҳолининг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онги нечоғлик ўсганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Зеро, ушбу муҳим сиёсий жараёнга фуқароларимиз масъулият билан ёндашмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Элликқалъа туман бўлими раҳбари Дилором Қосимова. – Сайловга уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир овул ва маҳаллада семинарлар ўтказилди. Жойларда учрашув ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Туманимизда 30 та фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, бугунги кунга қадар 20 та ҳудудда сайловлар ўтказилди. 20 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда 211 нафар маҳалла маслаҳатчилари сайланди.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг маслаҳатчиларининг зиммасига юклатилган вазифа ўта масъулиятлидир. У давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда фуқаролар йиғини номидан иш олиб бориши ҳамда унинг манфаатларини ҳимоя қилиши зарур. Бундай вазифа эгалари, албатта, ўзининг ташкилотчилиги, хулқ-атвори, билими, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб туриши, эл орасида обрў-эътиборли бўлмоғи лозим. Шунингдек, ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, оилалар, айниқса, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил этиши лозим.

Ўзининг кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган Фарҳод Абдураимов эндиликда Элликқалъа туманидаги Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият юритади. Сайлов олди дастурлари билан эл назарига тушган бу фидойи инсон бундан буён 3 минг 42 нафар аҳоли фаровонлиги учун кунни тунга улаб ишлашига тўғри келади.

 

Фарғона вилояти

Бугунги кунда Фарғона вилоятида жами 1 минг 40 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Сайлов бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари сони 143 тани ташкил этади. Вилоят бўйича кўрсатилган номзодлар сони жами 614 нафар, шулардан очиқ сайлов 42та, ёпиқ сайлов бўйича 101та сайлов бўлиб ўтди.

– Маълумки, маҳалла раислигига номзод ўз заммасига маъсулиятли вазифани бажаришни мақсад қилиб белгилайди. Бундан ташқари номзоднинг келгусида маҳаллани ривожлантириш борасидаги фаолият дастури ҳам муқобиллик асосида кўриб чиқилади. Сайлов жараёнида мазкур дастурлар билан танишиш орқали фуқаролар вакиллари муайян ҳамда ўйланган қарорни қабул қилади. Бу галги сайловларда фуқароларнинг хуқуқий онги ва қарашлари янада ортганига гувоҳ бўлдик. Жамиятда бўлаётган янгиликларга уларнинг муносабатларини англаб олдик, – дейди “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дониёр Зокиров.

Мухтасар қилиб айтганда маҳалла жамиятнинг муҳим бўлаги саналади. Унинг янада гуллаб-яшнаши эса юрт равнақи, халқ фаровонлигини таъминлайди. Бугун эл ишончи билан сайланаётган маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчилари ўз вазифаларига ҳалол ва виждонан ёндошиши талаб этилади. Зеро, тараққиёт ана шу фазилатлар негизида бунёд этилади.

 

Қашқадарё вилояти

Қашқадарё вилоятида ҳам сайлов жараёни қизғин паллага кирган. Воҳанинг чекка қишлоқларидан бири Кўкдалада ҳам куни кеча қишлоқ фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ўтказилди. Аҳоли хоҳиш иродасига кўра Холмурод ака Бойқулов ўз лавозимига қайта сайланди. Бу бежизга эмас, албатта. Боиси, Холмурод ака илгариги фаолияти даврида ҳам ўзининг жонкуярлиги билан қишлоқ аҳлининг меҳрига сазовор бўлган эди.

Яна ўқинг:  Мўйноқ туризм марказига айлантирилади

– Холмурод ака ёш фермерларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади, – дейди фермер Нарзулло Холбоев.

Холмурод Бойқулов янги иш-фаолияти даврида коммунал тўловларни тўлаш тартибини шакллантириш, қишлоқнинг ички йўлларини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий қатламига моддий кўмак бериш, жойларда бўш иш ўринларини ташкил этиш ишларини янада жадаллаштириш ниятида.

 

Маърифат ТОЛИПОВА, Майна ҲАСАНОВА, Чарос ҲУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: