Табиат фарзандини кутмоқда

Ўташбой илгари ҳеч эътибор бермаган экан, туртиб чиққан учта харсангнинг бири каркидонга, бири тошбақага, бири қурбақага ўхшаркан. Уларга хаёл кўзи билан қарасангиз, бир-бирларига тумшуқларини текизгудай қилиб, нималар ҳақидадир баҳслашаётганга ўхшарди…

Ўташбой ўша томонга бурилди. Эшагини пастликка эндирди, кечувдан ўтди ва ёзда қўй қўтонлаган жойга чиқа бошлади. Шу пайт димоғига куйган гўштнинг ҳиди урилди. Демак қўтонда биров бор, ўт ёқаяпти, – ўйлади у. Қарасаки, жўраси Эшбек, какликларни симга тизиб, чангалнинг чўғида кабоб қилаяпти.

– Қайнонанг яхши кўрар экан жўра, ё иси бурнингга бордими?

Ўташбойнинг уйланмагани учун ҳамиша шундай ҳазиллашарди. “Қайнона” сўзини тилга олиб, жонига тегишни яхши кўрарди.

Новчадан келган, бақувват Ўташбойга фақат жўраси эмас, аллақачон бўйи етган қизлар ҳам шундай дейишарди. У қизлар олдида уялгандай ерга қарар, суҳбат мавзусини бошқа ёққа буриб, жўнаб қоларди. Кейин шу кетганча тоғу тошлар орасига сингиб кетар, ҳафталаб уйига келмасди. Мана бугун ҳам жўраси…

Йўқ, Ўташбойнинг бу ҳазилга жаҳли чиққани йўқ. Какликлар тухум қўйиб, бола очаётган шундай пайтда унинг қилиб ўтирган ишига қаранг.

– Ўзинг еявер, мен тирик жонзотни ўлдириб, уни оловда куйдиришга бир марта дуч келганман. Шундан кейин бу ишни қилмасликка қасам ичганман.

– Э, шу расмиятчилигинг қолмади-қолмади-да! Битта сен жон куйдирганинг билан табиатни сақлаб қола олармидинг. Ундан кўра кел, тоғларда каклик борида еб қолайлик.

Жўрасининг гаплари Ўташбойнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетди. У қизариб турган чўғларни оёғи билан тепиб, ҳар ёнга сочиб юборди, тошлардан қилинган қўрани бузиб, жизғанак бўлаётган гўшт бўлакларини улоқтирди. Милтиғини эса тошга урди, тош кўчди, кўчган жойидан бир кафт туз, гугурт, гармдори чиқди. Уни кўриб, ҳайрон бўлиб қолди.

– Ҳа, сендан илгари ҳам бу ерга келаркан-да, қоронғуда топишганларинг… Эҳтимол буни савоб деб ўйласалар керак. Ахир шундай кимсасиз жойда одамга асқотадиган нарсалар топилиб турса?

– Тентак бўлма, биламиз сен табиатни муҳофаза қиладиган ташкилотдансан. Лекин жўра, шу табиат ҳам одамлар учун-да!

Эшбек сочилган гўштларни тўплаб қайтадан тизиб, гуриллатиб ўт ёқиб, чўғ қилди.

Яна ўқинг:  “Ана, Рисолатнинг эри...”

– Сенга битта насиҳат, кўп оташин бўлаверма, жувонмарг бўлиб кетасан.

Ўташбой ўйланиб қолди. Қандай қилиб буларга ўргатса бўлади. Катталар фақат мажлис ўтказиш билан овора, буёқдаги гап-сўзлардан хабари йўқ.

“Эҳ, бу одамлар. Кўра била туриб, сувга тупирадилар. Тилида бошқа нарса, дилида эса бош_қа… Ўзичи, ўзиям уларга қарши туролмади-ку. Юзи иссиқлик қилди. Йўқ деёлмади. Энди бу мудҳиш воқеа ҳар куни тушларига кириб чиқади…

…Унга овчилик ҳужжатини топшираркан, мутасадди ходим “Сиз бу милтиқ билан табиатни отмайсиз, муҳофаза қиласиз. Маҳкам ушланг…”, деганди. Лекин ўзининг иродасиз эканлигини билмаган экан. Бир куни уни идорага чақиришиб, хўжайиннинг хотини кийикнинг гўштига бошқоронғу бўлганини айтишганида, ўзини ҳимоя қилолмади. Айтувчи бало экан, агар бош қоронғу аёл кўнгли тусаганини емаса, бола нуқс билан туғилармиш, сизга хўжайиннинг боласи афзалми ё кийикми?

Ўташбой кийикни отаётган пайтда шу гапни эслаб, икки марта милтиқ тепкисидан бармоғини тортиб олди, лекин учинчисида… Ҳали, ҳали кўз олдидан кетмайди, ўша оҳу кўзлар, сувлоққа ташна лаблар, ҳуркак нигоҳлар… Милтиқнинг овозини эшитмади, қулоғи том битган эди. Ўлжанинг олдига боролмади… Орадан вақт ўтгач, уни лақиллатишгани, аёлни баҳона қилиб, кийикни ўзлари тановул қилишганини билди.

Қилинган қабиҳ ишнинг гуноҳи ер остида ҳам тинч ётмас экан. Гап қочиб, табиатга килинган зуғум алоқадор ташкилотларга етиб борди. Раҳбар ишдан олинди. Тўғри-да, кийикларни кўпайтириш учун хўжаликлар ташкил этилиб, уларни табиат қўйнига эркин қўйиб юборилаётган пайтда бу қандай номаъқулчилик! Лекин Ўташбойга раҳм қилишди, уни буйруқни бажарганини ҳисобга олиб, ҳайфсан билан ишида қолдиришди…

– Ўртоқчилик ўз йўлига. Энди табиатга келтирилган зарарни тўлайсан. Яна ўйлама, фақат мени кўрди, деб. Худо кўриб турибди. Бу сен каби табиатни писанд қилмовчиларга мактаб бўлади. Хафа бўлмайсан энди…

Эшбек жўраси ҳазил қилиб айтаётган бўлса керак, деб юзига қаради. Ёшлигида бирга ўсгани учун жаҳли чиққанини биларди. Шунинг учун ён босди. Тавба қилди, эртага бориб, талабини бажаришга сўз берди.

– Бўлди, жўра сен енгдинг, лекин бир савол, одамларга қўшилмайсан, уйланмайсан, бутунлай ўзгариб қолдинг. Нимага?

– Кийикни отганимдан кейин узоқ вақт ухлай олмадим. Кўзимни юмсам бўлди, олдимда кийик. Бир куни каттиқ ҳаяжондан ўзимни йўқотган эканман, олдимда кийик намоён бўлди, одамдай гапирди:

Яна ўқинг:  Жасорат

– Энди мени ҳаётга қайтаролмайсан, – деди у. Агар қарғишим урмасин десанг, зурриёдларимга раҳм қил. Одамларга, кийикларга яхшилик қил…

– Э, э! Энди билдим сени одамлар қор қалин ёққанда кийикларга беда беришингни, қушларга дон сепишингни.

– Шундай жўра! Кийикнинг қарғишидан қўрқаман…

Кўнгли жойига тушган Эшбек гапни ҳазилга бурди:

– Қачон уйланасан жўра, ўзим совчи бўлардим…

– Қўрқаман жўра, хотиним кийикнинг гўштига бошқоронғи бўлса қаердан топиб бераман!

–…

Икки жўра борлиққа қарадилар. Баҳорнинг серёғин келганидан ҳамма жой бахмалга ўхшайди. Ўташбой шу гўзаллик одамларнинг қалбига кўчишни истарди. Эртага уйланса, туғилажак боласининг қалбига шу ҳисларни солишини ўйлаб, унинг юзига қизиллик югирди.

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: