Ўзбекистон – безгакдан холи ҳудуд

Буни дунё шифокорлари эътироф этмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили дунё бўйича 400 млн. дан ортиқ одам безгак дардига чалиниб, уларнинг 1 млн. дан зиёди вафот этади.

Жумладан, вафот этганларнинг 90 фоизини Экваториал Африкадаги яшовчилар ташкил этиб, шундан 18 фоизи 5 ёшгача бўлган болалардир.

Безгак – анофелес (безгак) чивинининг чақиши орқали юқадиган, беморнинг совқотиб қалтираши, тана ҳароратининг кўтарилиши, жигар ҳамда талоқнинг зарарланиши ва камқонлик билан кечадиган хавфли ва ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. Хасталикни плазмодий деб аталмиш паразитлар қўзғатади. Плазмодийларнинг 4 тури мавжуд бўлиб, уларни фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Бу паразитлар инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларида жойлашиб, уларни парчалайди ҳамда қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак қон-томир ва организмнинг бошқа тизимлари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Касаллик манбаи бемор одам ва паразит ташувчи хаста киши, унинг тарқатувчилари эса анофелес авлодига мансуб чивинлар ҳисобланади.

2007 йилнинг май ойида Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблеясининг 60-сессиясида “25 апрель – Халқаро безгакка қарши кураш куни” деб эълон қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. Бугунги кунда безгак дунёнинг 100 дан ортиқ давлатлари аҳолисининг соғлиғига жиддий хавф солиб келмоқда. Касаллик асосан Африка, Марказий Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг айрим ҳудудларида рўйхатга олинмоқда. Безгак аввал элиминация (бартараф) этилган МДҲ мамлакатлари (Тожикистон, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатлар)да яна қайд этилиши кузатилмоқда.

Ўзбекистонда безгак касаллиги 1925 йилдан 1960 йилгача кенг тарқалган бўлиб, ўша даврда 700 мингдан ортиқ хасталик ҳолатлари рўйхатга олинган эди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонда ушбу касалликни йўқ қилишга эришилди. Аммо 1980–1990 йилларда Ўзбекистон билан қўшни бўлган давлатлар – Афғонистон ва Тожикистон Республикаларида безгак касаллигининг эпидемияси кузатилди. Шунингдек, ушбу давлатлар ўртасида аҳолининг фаол қатнови (миграция) натижасида безгак касаллигини республикамиз ҳудудига кириб келишнинг айрим ҳолатлари кузатила бошланди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистоннинг безгак касаллиги тарқалган ҳудудлари билан чегарадош бўлган мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида чегаранинг узунлигини ҳисобга олган ҳолда 1999 йилда Сурхондарё вилоятида уч кунлик безгакнинг паст даражада маҳаллий юқиши юзага келди.

Яна ўқинг:  Нос: ҳузурга айланган қусур

Кейинчалик Қашқадарё вилоятида хасталикнинг янги фаол ўчоқлари қайд этилди. Қўшни Қирғизистонда 2002 йили инфекциянинг эпидемик тарқалиши содир бўлиб, 2744 нафар безгак билан касалланиш ҳолати қайд этилди, ҳамда республикамизнинг чегарага яқин бўлган вилоятларига касаллик кириб келиш ва тарқалиш хавфи юзага келди.

ЖССТнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2005 йилнинг 18-20 октябрь кунлари Европа минтақавий ҳудудида безгакнинг маҳаллий касаллик сифатида юқишини бартараф этиш ва унинг элиминациясига эришиш учун I халқаро анжуман ўтказилди. Хасталик тарқалган мамлакатларда “Безгакни орқага қайтарамиз” минтақавий лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Сўнг “Курашдан безгакнинг элиминациясига ўтиш” Тошкент декларацияси тасдиқланди.

Безгак бўйича Миллий дастурни кучайтириш мақсадида 2005–2010 йиллар мобайнида “Ўзбекистонда безгакка қарши курашни кенгайтириш 2005–2009 йилларда юқиш хавфи юқори бўлган ҳудудларга асосий эътиборни қаратиш” бўйича “ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш Глобал жамғармаси” томонидан молиялаштирилган лойиҳа амалга оширилди.

ЖССТнинг “Безгакни орқага қайтарамиз” минтақавий стратегиясига биноан Миллий дастурлар Глобал жамғармаси томонидан ушбу инфекция билан курашишда салмоқли муваффақиятларга эришилди. Касалликнинг эпидемиологик назорат тизимида бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Жумладан, хасталик ҳолатларини эрта аниқлаш, уни лаборатория усули билан ташхислаш, касаллик манбаи бўлган бемор ва паразит ташувчиларни ўз вақтида даволаш, эпидемиологик кўрсатма бўйича Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида безгакнинг фаол ўчоқларидаги аҳоли орасида кимёвий профилактика ўтказиш амалга оширилди. Энтомологик назорат ва чивинларга қарши кураш комплекс чора-тадбирлари, амалий-илмий изланишлар, аҳолини чивинлар ҳужумидан шахсий ва гуруҳли ҳимоялаш чоралари, фуқаролар орасида касалликнинг олдини олиш бўйича санитария-тарғибот ишлари кучайтирилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник таъминоти яхшиланди. Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари янада жадаллашди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикада 2010 йилдан буён маҳаллий безгак касаллиги рўйхатга олинмади.

Хуршида АҲМЕДОВА,

Республика ДСЭНМ

паразитология бўлими шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: