Чиройли “қалпоқча”лар жозибасига учманг

заҳарли қўзиқоринлардан эҳтиёт бўлинг

Баҳор фаслидаги ёғингарчиликлар туфайли замбуруғ, яъни қўзиқоринларнинг униб-ўсиши учун қулай шароит вужудга келади. Бугун ер юзида уларнинг 100 мингдан зиёд ботаник тури бўлиб, шулардан 200 туригина истеъмол учун яроқлидир.

Ўзбекистон ҳудудида эса қўзиқоринларнинг 200 дан зиёд тури ўсади. Бироқ, шулардан 25 туринигина истеъмол қилса бўлади. Қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда “С” ва “В” гуруҳларига мансуб витаминларга жуда бойдир. Аммо республикамиз ҳудудида ўсадиган замбуруғларнинг 150 дан зиёд ботаник турлари заҳарли ҳисобланади. Уларни асло истеъмол қилиб бўлмайди.

Бу турларга мансуб қўзиқоринлар таркибида гельвелат кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар бўлиб, уларга қанчалик ишлов берилмасин, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Улар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва меъда-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда бундай қўзиқоринларни истеъмол қилган кишилар заҳарланади.

Республикамиз ҳудудида заҳарли замбуруғларнинг “лепиота”, “мухамор” ва “ложный опенок” (“бурамали қўзиқорин”) каби турлари кўп учрайди. Улар боғларда, қабристонларда, сайҳон жойларда, дарахтлар теварагида ўсади. Бу каби замбуруғлар ҳам истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринларга ўхшаб, соябон шаклида ўсади.

Таркибида фақат гельвелат кислотаси бор бўлган замбуруғлар турига “сморчок” ва “строчок”лар киради. Гельвелат кислотаси сувда яхши эриганлиги сабабли, бу турга мансуб замбуруғларни аввал сувда қайнатиб, сўнг таом тайёрлаш мумкин.

Шаҳарлараро автомагистраль йўллари ёқасида, кимёвий моддалар ишлаб чиқариш корхоналари ёки улар сақланадиган омборларга туташ ҳудудларда ўсган истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқорин турларини ҳам тановул қилиш мумкин эмас. Чунки, қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, кимёвий моддалар билан заҳарланган сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни ўзига сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун терилган жойи номаълум бўлган қўзиқоринларни асло харид қилманг.

Республикамиздаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган баъзи ширкатларга махсус иссиқхоналарда истеъмол учун яроқли бўлган “вешанка” ва “шампиньон” номли қўзиқорин турларини етиштириш ва уларни сотишга рухсат берилган. Бу қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария-эпидемиология хизмати лабораторияларида тиббий текширувдан ўтказилиб, улар инсон соғлиги учун зарарсиз эканлиги маълум бўлгандан кейингина гигиеник сертификат берилади. Ана шундай текширувдан ўтган қўзиқорин ва ундан тайёрланган маҳсулотларни савдо шохобчалари орқали харид қилишингиз мумкин.

Яна ўқинг:  Узоқ вақт ишлаш – соғлиқ учун зарарли

Заҳарли замбуруғларни билмай истеъмол қилган беморларнинг орадан бир неча соат вақт ўтгач, кўнгли айнийди, тез-тез қайт қилади. Меъда-ичак фаолияти бузилади. Қоринда оғриқ пайдо бўлиб, бутун аъзои бадани бўшашиб кетади.

Замбуруғлар таркибидаги заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Қўзиқориндан заҳарланиш аломатлари вужудга келган тақдирда беморга 5-6 пиёла илиқ нимтатир шўр сув ичирилиб, уни сунъий қайт қилдирилиб, меъдаси ювилиши керак. Агар меъда ювилиб, ундаги заҳарли моддалардан халос этилмаса, бу моддалар қонга сўрилади ва заҳарланиш янада оғир кечади. Бу беморларни уй шароитида билиб-билмай даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни унутманг.

Баҳодир ТОШПЎЛАТОВ,

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани давлат санитария назорати маркази “Овқатланиш гигиенаси” бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: