МАҲАЛЛА – ҚАДРИЯТЛАР ОШИЁНИ, ҲАМЖИҲАТЛИК МАСКАНИ

Яқинда туғилиб ўсган қишлоғимга бордим. Мен учун қадрдон ҳовлига кириб борарканман, қалбимни ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмас, ажиб ҳислар эгаллади.

Ота-онам, яқинларим билан шу куни узоқ суҳбатлашиб, ярим тун бўлганини ҳам билмай қолибмиз.

Эрта тонг онамнинг “Ахир болам кеча йўлдан келган бўлса, бироз дам ола қолсин” дейишига қарамай, отам мени қўшни маҳалладаги Сойибжон аканикига наҳорги ошга олиб борди.

– Ўғлим, шу ишинг яхши бўлди-да. Анча вақтдан бери маҳалла-кўйга аралашолмадинг. Сени кўриб, қўни-қўшни, ёшу кекса, айниқса, Сойибжон роса хурсанд бўлади, – деди дадам йўл-йўлакай кетиб борарканмиз.

Аввал ҳеч эътибор бермаган эканман, тўй маҳалла-кўй, қўни-қўшни, кекса-ю ёш билан файзли ўтаркан. Қишлоқ аҳли эрта тонгдан “Бизга нима хизмат?” дея қўлини кўксига қўйиб юмушга шай бўлиб туришини, тан олиб айтиш керакки, ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқда учратмаймиз. Маҳалланинг раисидан тортиб ундаги фаолларгача тўйнинг чиройли тарзда ўтишига бош-қош бўлди. Ўша кез қишлоқдошларимнинг юз-кўзига боқиб, шундай муқаддас заминда туғилиб ўсганимдан, танти ва содда ўзбек халқи фарзанди эканимдан ич-ичимдан севиндим.

Ҳа, яхши кунларимиз, турмуш ташвишларимиз эл билан бирга. Меҳмондўстлик, аҳиллик, сахийлик, бағрикенглик каби чин инсоний фазилатлар ҳам онгу шууримизга маҳаллада сингган. Қўшничилик оқибати, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ҳашар ўтказиш каби эзгу фазилатлар ҳам халқимизга хос қадриятлардандир.

Қувонарлиси, истиқлол йилларида маҳалланинг мақоми мустаҳкамланиб, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни юксалиб бормоқда. Президентимиз раҳнамолигида маҳалла фаолиятини тубдан яхшилаш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, вазифалари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимизда ҳам унинг ҳуқуқий мақоми белгиланиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини тартибга солишга оид қонунлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 22 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ унинг фаолияти янада кенгайтирилди. Эндиликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳудудни ободонлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, айниқса, касаначиликни ривожлантириш каби кўплаб вазифалар ҳам маҳалла зиммасига юклатилди.

Маҳалла фаоллари, етакчи ёшлар томонидан байрам кунларида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларидаги фуқаро ва тарбияланувчиларга мурувват ёрдамлари кўрсатилаётгани ҳам кўплаб инсонларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаётир.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР СИЁСАТИ – МАМЛАКАТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Ана шундай эътибордан мамнун юртдошларимиздан бири Надежда Кузьминадир. Надежда “Меҳрибонлик” уйида тарбияланган. Қувонарлиси, яқинда Тошкент шаҳар, Миробод тумани ҳокимияти, тумандаги “Олмазор” маҳалла фаоллари саъй-ҳаракати ёрдамида бу қиз ўз уйига эга бўлди. Чуқур билими, намунали хулқи билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган Надежда келажакда юртимиз равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни ният қилган.

– Болалигимдан ота-она меҳридан бебаҳра ўсдим. Мени шу халқ, шу Ватан улғайтирди, ўқитди, вояга етказди. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли бугун жамиятда ўз ўрнимни топишга, малакали кадр сифатида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқдаман. Келажакда она Ватанимга муносиб фарзанд бўлишга ваъда бераман, – дейди Надежда.

Мана шундай сўзларни эшитиб, тинчлик ҳукм сураётган жонажон юртимизда инсон қадри ҳар нарсадан устун ва азиз эканлигига, маҳаллаларимизда соғлом маънавий муҳит қарор топиб бораётганлигига яна бир бор амин бўлдик.

Келинг, шу ўринда рақамларга мурожаат қилайлик. Ўтган 2015 йилда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 3, 5 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Аҳоли соғлиғини тиклаш, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг уй-жойларини таъмирлаш бўйича ҳам салмоқли маблағ ажратилди. 398 нафар ногирон ва чин етимларнинг 525, 8 миллион сўмлик ўқув-шартнома пули тўлаб берилди. Бу ҳам ушбу соҳага ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг май-июнь ойларида юртимизда фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг сайлови бўлиб ўтади. Ушбу жараёнда маҳалла аҳли фаоллик кўрсатиб, инсонлар дарди, уларнинг қувонч ва ташвишлари билан яшайдиган, ҳар жиҳатдан муносиб номзодга овоз бериши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, маҳаллаларда амалга ошириладиган барча эзгу ишлар кўп жиҳатдан фуқаролар йиғинлари раисларига боғлиқ.

Тошкент шаҳар, Миробод туманидаги “Олмазор” маҳалласида бугун 3162 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2452 нафари сайлов ёшидаги фуқаролардир. Барча жойларда бўлгани каби ушбу маҳаллада ҳам мазкур сиёсий тадбирга жиддий ҳозирлик кўрилмоқда.

– Турмуш ўртоғим билан оғир замонларни кўрдик, – дейди меҳнат фахрийси Лаълихон Самедова. – Шукр, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, маҳаллаларимиз эса кундан-кун обод бўлиб боряпти. Фарзанд ва набираларимнинг юз кўзидаги қувонч-у шодликка қараб, уларга шундай доруломон замонларнинг қадрига етинглар, дейман. Яқинда маҳалламизда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилади. Мен ҳам ушбу сиёсий тадбирда иштирок этиб, ўз номзодимга овоз бермоқчиман.

Яна ўқинг:  МЕҲР ВА САОДАТ ОШЁНИ

Маҳалла – қадриятлар бешиги, ҳамжиҳатлик маскани. Унинг гуллаб-яшнаши, тараққий этиши сизга, бизга, барчамизга боғлиқ.

Саъдулло ТУРСИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: