ОИЛАДА САДОҚАТ, ФАОЛИЯТДА ФИДОИЙЛИК АЁЛНИНГ САОДАТИ

Малакали шифокор Кавсар Қодированинг ҳаёт йўлига назар солар эканмиз, ҳавас қилса арзугулик жиҳатлари кўплигига амин бўламиз.

– Ҳозирда аёлларимиз ўз иқтидорлари, билим ва салоҳиятлари билан дунёни лол қолдирмоқда, – дейди Кавсар опа. – Болалигимдан шифокор бўлиш орзусида астойдил ўқиб, ўргандим. Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини, кейинчалик интернатурани тамомлагач, Темирйўл поликлиникасида врач-терапевт бўлиб иш фаолиятимни бошладим.

Олийгоҳда ўқиб юрган кезлариданоқ шифокорликни қаҳрамонимиз машаққатли, масъулиятли, шу билан бирга шарафли касб эканини англаб етган. У ўз касбига жон-жаҳди билан ёндашиб, фидойи бўлиб яшашни ҳаётининг эзгу амалига айлантирди. Кавсар опа Қодирова узоқ йиллардан буён Темирйўлчилар поликлиникасининг бош шифокори лавозимида ишлаб келмоқда.

– Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соҳага илғор технологиялар ва ютуқларни изчил татбиқ этишга қаратилган фармон ва қарорларига асосан “Ўзбекистон Темир йўллари” АК поликлиникасида ҳам замонавий тиббий жиҳозлар аҳоли саломатлиги йўлида фойдаланиб келинмоқда. Пластик операциялар бўйича энг малакали шифокорлардан Андрей Диксович Корея Республикасига бориб ўз малакасини ошириб қайтди. Шунингдек, рентгенолог Евгений Хегай, терапевт Александра Султонова ҳамда 32 мутахассислик бўйича малакали шифокорлар эл саломатлиги йўлида сидқидилдан ишлаб келмоқда. Дилфуза Иноятова икки ой Жанубий Кореяда, Виктория Муи Санкт-Петербургда ўқиб, ўз тажрибасини оширади. Кристина Пак-Шеева, Зиёда Азимова, Елена Грешкина, Дилфуза Носирова, Гулнора Усмоновалар ҳам улар изидан бориб доимий изланишда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига асосан, “Ўзбекистон Темир йўллари” АКда фаолият юритган фахрий хизматчилар, кекса ва ёш болали оналар ва уларнинг болаларига ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Корхоналардаги аёллар, оналар ва болалар ўз вақтида мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиб борилади, – дейди Кавсар Қодирова.

Буларнинг бари давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган юксак эътибор, соҳа ходимларининг моддий, маънавий манфаатдорлигини ошириш йўлида кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик самарасидир.

Кавсар опанинг отаси Розиқ Қодиров зиёли педагог бўлгани учун 1937 йилдаги қатағонларда Новосибирскка сургун қилинади. Ана шу сургунлик пайтида дунёга келган Кавсар опа отасининг рўшнолик кўрмай ўтганини юрагида чексиз оғриқ, ўкинч билан эслайди.

– Мустақиллик шарофати билан кўплаб қатағон қурбонлари қаторида отамнинг ҳам номи тўла оқланди, – дейди Кавсар опа. – Ана шундай имкониятлар учун шукроналик келтираман. Энди бевосита фаолиятимга қайтадиган бўлсам, қарийб 25 йилдан буён шу даргоҳда бош шифокор лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман. Дастлаб иш бошлаган кезларимда ҳаётий сабоқ бериб, доимо йўл-йўриқ кўрсатиб турган устозларим Нормат Эрматов, Шавкат Жўраевлардан миннатдорман. Мени яна қувонтирган бир жиҳат, фаолиятим мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан баробар кечмоқда. Фахрланиб айтаман, истиқлол йилларида юртимизнинг ҳар бир гўшасида улкан ўзгаришлар рўй берди. Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Фарғона водийси вилоятларини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи Ангрен-Поп темир йўл қурилиши, “Афросиёб” тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши темирйўл соҳасида улкан тарихий воқеа бўлди. Бу эса соҳа ходимларидан доимий равишда изланишни, билим ва малакаларини ошириб боришни талаб қилади. Қолаверса, ходимларнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш, тиббий кўриклар ўтказиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда биз шифокорлардан катта масъулият талаб қилинади.

Яна ўқинг:  КИЧИК ЙЎЛОВЧИ УЧУН АВТОЎРИНДИҚЛАР

Қувонарлиси, беморларга тўғри ташхис қўйиш, зарурий муолажаларни кўрсатиш учун тиббиёт муассасамиз барча зарурий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Кавсар опа Қодирова ҳаётда тўкис бахтга эришган аёл десак муболаға бўлмайди. Ўғли Беҳрузжоннинг, невараларининг қувончи юрагини нурга тўлдиради.

Эзгулик ва гўзаллик тимсоли бўлган аёлга эҳтиром кўрсатиш Соғлом она ва бола йилида янада устуворлик касб этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш авлодларимиздан қолган мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доимо содиқ яшаймиз”, – дейди Кавсар опа Қодирова.

Шундай экан, Кавсар опа ҳам оиласи, ҳам жамоаси билан ҳамжиҳатликда юксак ютуқларни қўлга киритмоқда. Бундай ютуқларда уларга омадлар ёр бўлсин, деймиз.

Ойгул РАЗЗОҚОВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: