ХОРИЖ САҲНАСИДА ЎЗБЕГИМ ЁШЛАРИ

Юртимизга Шарқона Янги йил дея эътироф этиладиган Наврўз байрами ҳам кириб келди. Байрам сайллари, сумалагу ҳалимлар, кўклам таомлари пиширилиб дастурхонга тортилди. Мамлакатимизнинг барча маҳалла ва қишлоқларида байрам сайллари ташкил этилмоқда. Байрам шукуҳи барчага кўтаринки кайфият баҳш этади.

Элимиз севган санъаткаорлар байрам тадбирларида иштирок этиб юртдошларимизга янада хурсандчилик улашишмоқда.

Наврўз байрамининг хорижий мамлакаталарда ҳам нишонланаётгани ва унда Ватанимиз йигит-қизларининг ўзбек халқ урф-одатлари, маданияти, анъаналарини тараннум этувчи куй-қўшиқларини куйлаб, дунё халқларини миллатимиз ҳазиналари билан яқиндан таништириб келаётган “Ўзбегим ёшлари” ансамбли ҳам ана шундай тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Қарангки, мазкур ансамблнинг ташкил этилганига ҳам ўн йилдан зиёд вақт бўлибди. 2004 йилдан бошлаб Олий ҳарбий божхона институти қошида ташкил топган “Ўзбегим ёшлари” ансамбли эндиликда айни ижоди гуркираган навқирон ёшда. Ансамбль аъзоларининг ҳар бири истеъдодли, жамоада ўз ўрнига эга. Уларга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Лутфия Рўзибоева раҳбарлик қилиб келмоқда.

– Юртимизнинг ҳар гўшаси ўзига хос урф-одат ва қадриятларга эга. Ўз ўлкасининг асрий қадриятлари, санъатини ҳеч ким асл фарзандичалик дилдан англамайди. Шу ўлканинг бахту қувончи, дарду аламларини ўша муҳитда тарбияланган, фальклори, катта ашуласини болалигидан тинглаб улғайган инсонларгина юракдан ҳис этади, – дейди Лутфия опа. – Зеро, санъат қондан қонга, авлоддан авлодга сингиб кетаётган боқий бир меърос.

Чиндан ҳам ансамбль томонидан тайёрланган миллий йўналишдаги халқ оғзаки ижоди намуналари, рақс дастаси эл эътиборига тушиб, эндиликда бутун дунё тан олмоқда. Ансамбльда 17 нафардан ортиқ Ниҳол мукофоти совриндорлари, қатор Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритганлар, бутунжаҳон фестиваль ғолиблари, Президент стипендиантлари бор.

– 2002 йил Жанубий Кореяга борганимда рамзий бир ниҳол эътиборимни тортди. Унда навниҳолни уч томондан тиргак тутиб турарди. Маълум бўлишича бу тиргакларнинг бири оила, бири ота-она, яна бириси эса давлат саналаркан. Яратганга шукрки, юртимизда ҳам униб келаётган ёшлар учун ана шу уч томонлама тиргак мустаҳкам ва ишончлидир. Ана шу ишонч туфайли бизнинг гуруҳ 10 йил ичида ўн саккизта давлатга бориб, ўз маҳорати ва истеъдодини кўрсатиш билан биргаликда миллатимизнинг боқий қадриятларини тараннум этиб келмоқда, – дейди Лутфия Рўзибоева.

Яна ўқинг:  БУ ЮРТДА ИНСОН ҚАДРИ – АЗИЗ

Маълумки, Юнеско қошидаги бутун жаҳон ёшлар фестивалини ташкил қиладиган ташкилот рўйхатида Ўрта Осиё ҳудудида мамлакатимиз муҳим ўринни эгаллайди. Ягона сертификатни қўлга киритган ушбу ансамбль ҳар йили камида 5-6 давлатга таклиф қилинади. Уларнинг ҳар бир чиқишларини интиқлик билан қарши олишади. Шундан аён бўладики, Ўзбегим ёшлари дунё бўйича маълум ва машҳур.

– Табиийки, бошқа мамлакатлардан фарқли жиҳатларимиз жуда кўп. Бу биринчи навбатда санъатимизнинг хилма-хиллиги бўлса, иккинчидан либосларимизнинг ранг-баранглигида. Фестивал давомида ҳар бир давлатнинг чиқиши учун 15 дақиқа вақт берилади. Мана шу вақт давомида имкон доирасида мамлакатимизнинг ҳар жабҳасидан ижод намуналарини кўрсатамиз, шунга мос кийинамиз. Чунки, бошқа давлатлар чиқишида деярли буни кузатмаймиз. Хоразмча, сурхонча, андижон полкаси, бухороча каби услублар намойиш этилганда юртимиз санъати, урф одати шу даражада ранг-баранг ва хилма-хиллигига ҳайъат аъзолари ва томошабинлар хайрон қолишади. Қолаверса, қайси давлатга бормайлик, репертуаримиздан ўша миллат тилида айтилган машҳур ижод намуналари ҳам жой олади. Хусусан, бир сафар Малайзияда уларнинг “Малайшен” деган миллий рақсини намойиш қилиб эътирофга лойиқ топилганмиз ҳамда 20 давлат орасидан финал қисмини олиб боришга муяссар бўлганмиз. Хитойда эса энг юқори баллни Хоразм услубидаги чиқишимиз олган эди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Хуллас, Францияда бўламизми, Белгиядами, Италиядами, Португалиями, қаёққа бормайлик Ўзбекистон санъатини олқишлар билан кутиб олишади, – дейди биз билан суҳбатда “Ўзбегим ёшлари” гуруҳининг аъзоси, халқаро танловлар ғолиби Умида Тожиматова.

Дарҳақиқат, “Ўзбегим ёшлари” ансамбли ҳозирда катта эътирофларга сазовор бўлиб келмоқда. Юртимиз бўйлаб қандай тадбир, байрам тантаналари ўтказилмасин ушбу гуруҳ аъзолари ҳамиша хизматга шай. Бундан ташқари турли хайрия дастурларида ҳам ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқда. Бугунги кунда “Ўзбегим ёшлари” ансамбли навбатдаги хориж сафарига тайёргарлик кўрмоқда.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: