САЛОМАТЛИК – БОЙЛИКДАН АФЗАЛ НЕЪМАТ

Жигар саратони ҳақида нималарни биласиз?

Инсон туғилгандан бошлаб, бутун умри давомида ташқи муҳитнинг турли кўринишдаги таъсирига рўбарў бўлади. Ер куррасида энг кўп учрайдиган ва оғир кечадиган касалликларга сабаб бўладиган микроорганизмлар – бу вируслардир.

Бугунги кунда вируслар сабабчи бўлаётган вирусли гепатитлар дунё миқёсида тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Жигар саратонининг ривожланиши беморнинг сурункали В ва С вирусли гепатит билан касалланиши асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Вирусли гепатитлар – жигар ҳужайраларининг вирус таъсирида зарарланиши, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, турли клиник ва лаборатор ўзгаришлар билан кечадиган вирус табиатли юқумли касалликлар гуруҳидир. Бу касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш жараёнида зарарланмаган жигар тўқимасида ҳеч қачон жигар саратони юзага келмайди.

Жигар ҳақида гап кетганда бу аъзо энг асосий вазифаларни бажариши ва уни инсон организмидаги ўрни муҳимлигидан далолат беради. Жигар организмнинг «биокимёвий лаборатория»си сифатида қаралади. Негаки, унинг (заҳар) токсинлардан зарарсизлантириш, сафро ишлаб чиқариш, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, микроэлементлар алмашинувида, қон таркибий қисмлари, биоген аминлар, гормонлар синтезида қатнашиши каби ва яна кўплаб организмда юзага келадиган кимёвий жараёнларда иштирок этиши муҳим ўрин эгаллайди.

Хавфли ўсмаларнинг илк белгиларини билиш, уларни эрта босқичларида аниқлаш ва, албатта, беморларни тезда ихтисослашган онкологик муассасалардаги малакали шифокорларга юборилиши касалликнинг самарали даволашнинг асосий мезони бўлиб хизмат қилади. Афсуски, баъзи беморларга жигар саратони ташхиси қўйилганда онкологик муассасаларда даволанмасдан айрим сохта табибларда нотўғри даволанишади. Уларга ишониш эса ҳар бир инсоннинг маънавий онги ва тиббий маданиятининг қай даражада шаклланганлигига боғлиқ.

Замонавий юқори технологик текшириш усуллари вирусли гепатитларнинг А, В, С, D ва Е турларини аниқлаш ва уларнинг ўзига хос жиҳатларини чуқур ўрганиш имконини берди. Кейинги йилларда илмий адабиётларда вирусли гепатитларнинг F ва G турларининг мавжудлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда. Аксарият ҳолларда В, С ва D вирусли гепатитлар сурункали кечади ва узоқ йиллар давомида вируслар организмда яшасада касаллик аломатлари сезилмайди. В, С ва D вирусли гепатитлар вақт ўтиши билан жигар циррози ва жигар саратони сингари жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Кўпинча лаборатория текширувлари натижасида қонда вируслар тасодифан аниқланади. Инсон бир вақтда битта эмас, бир нечта гепатит вирусини юқтирган бўлиши мумкин. Вирусли гепатитлар ўткир тарзда ва сариқлик билан кечганда касалликка ташхис қўйиш қийинчилик туғдирмайди. Лекин касалликнинг сариқликсиз кечадиган турларида ва аксарият ҳолларда клиник белгиларсиз сурункали кечадиган парентерал вирусли гепатитларга ташхис қўйиш лаборатория текширувларига асосланади. Лекин бу охирги ҳолатда бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат этмайди. Бу сурункали вирусли гепатит таъсири натижасида жигар циррозига айланади. Жигар циррози эса статистик маълумотларга кўра 50-70 фоиз ҳолатларда саратонга айланади.

Яна ўқинг:  Жигарни қандай тозалаш мумкин?

Сурункали алкоголь истеъмол қилган инсонларда ҳам 60-90 фоиз ҳолларда жигар циррози ривожланиб, бу эса ўз навбатида жигар саратонини келтириб чиқаради. Жигар циррози ривожлангандан сўнг алкоголли ичимликлардан воз кечиш афсуски, саратонга айланиш жараёнини тўхтата олмайди.

Таркибида хлор тутувчи пестицидлар, органик ва ноорганик буёқларни организмга таъсири ҳам гепатоканцероген эканлиги тажрибада аниқланган. Дори воситаларини, яъни шу жумладан, гормонал контрацептивлар, андрогенлар, стероид анаболикларни узоқ муддат давомида қабул қилиш соғлом жигар ҳужайрасини касалланишига ва пировард натижасида баъзи ҳолларда саратонга айланишига сабаб бўлади. Шунингдек, бир қатор бошқа омиллар борки, уларнинг таъсири остида ҳам жигар зарарланиши ортади. Иш фаолиятини қониқарсиз шароитлари, овқат рационида оқсил етишмовчилиги, витамин етишмовчилиги, турли хил интоксикация(заҳарланиш) ҳолатлари шулар жумласидандир.

Касалликнинг клиник кўриниши қай тарзда кечади?

Жигар саратонининг бошланғич даври деярли аниқ бир белгисиз кечади. Чунки, клиник кўриниши сурункали жигар касаллиги фонида кечади. Клиник жиҳатдан белгисиз кечган давр давомийлигини аниқлаб бўлмайди. Беморлар одатда ривожланиб борувчи умумий ҳолсизлик, иштаҳани ёмонлашуви, таъм сезишнинг бузилиши, кўнгил айниши, тана вазнининг сабабсиз йўқолиши, ўнг қовурға ости соҳасидаги тўмтоқ оғриқлар каби шикоятлар билан шифокорга мурожаат қиладилар. Ўсма ҳажми катталашган сари оғриқлар кучаяди ва доимийга айлана боради. Ушбу ҳолатда оддий оғриқ қолдирувчи дори воситалари таъсир этмасдан фақатгина кучли анальгетиклардан фойдаланилади. Шу билан бирга жигар ўлчамлари ҳам катталаша боради, яъни бу аъзо зич, қаттиқ ва ундаги оғриқли ўсма жигар билан биргаликда пайпасланади.

Хасталикнинг яна бир клиник белгиларидан бири бу талоқнинг катталашишидир. Бу ҳолат ўз навбатида жигар циррози ҳисобига ривожланади. Сариқлик белгиси касалликнинг аксарият ҳолатларида беморларда эрта юзага келади. Беморларни терининг қичиши безовта қилмайди, шу сабабли уларга вирусли гепатит ташхиси қўйилади. Жигар саратони билан касалланган беморларга характерли белгилардан бири бу қорин бўшлиғида асцитик суюқликнинг йиғилишидир.

Қорин бўшлиғидаги суюқлик миқдори кўпайган сари беморнинг нафас олиши қийинлашиб, унда ҳансираш, кескин ҳолсизлик, юракни тез уриши каби шикоятлари безовта қилади. Касалликнинг кечки даврида беморнинг бутун танаси бўйлаб умумий шишлар кузатилади. Шу билан бирга тана ҳароратининг ошиши ҳам кузатилиши мумкин.

Яна ўқинг:  ЁЗНИНГ ЁРҚИН РАНГЛАРИ

Жигар саратони билан боғлиқ тана ҳароратини ошишида антибиотик дори воситаларининг таъсири кузатилмайди. Ушбу ҳолатларда тана ҳарорати 37-40 даражагача ошиши мумкин. Цирроз билан кечувчи саратонда беморни ич кетиши ёки қотиши дам-бадам алмашиниб безовта қилади. Яна хаста одамнинг қорни ҳам дам бўлиб туради. Қизилўнгач веналарининг варикоз кенгайиши ҳисобига беморлар қон кайт қилишлари мумкин. Касалликнинг кечки даражаларида ўсмани кескин катталашиши ёки емирилиши туфайли жигар ёрилиши ва тўхтовсиз қон кетиши асорати сабабли инсон ҳаёти хавф остида қолади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: