КИЧКИНТОЙНИНГ ДОРИ ҚУТИСИ

Кичкинтой доимо парваришга муҳтож. Чақалоқ туғилгунига қадар унга керак бўладиган дори-дармонлар, махсус гигиеник воситалар тайёрлаб қўйилса, у туғилганидан сўнг ортиқча югур-югурларнинг олди олинади. Янги меҳмон уйингизга ташриф буюришининг илк кунидан бошлаб болажон дори қутисига эҳтиёж сезилади. Демак, табиий равишда савол туғилади – мазкур қути ўзида қандай воситаларни жамлаши керак?

Бу қутича ичида гигиеник воситалар, киндик яраси учун антисептик воситалар, бироз нимжон бўлиб туғилган болага алоҳида, шошилинч ёрдам учун керак бўладиган дори-дармонлардан иборат бўлиши керак. Чўмилишга мўлжалланган болалар совуни, бўғимларни мойлашга мўлжалланган крем, таглик остидан сепишга мўлжалланган упа гигиеник парваришловчи воситалар сирасига киради. Уни крем билан бир вақтда қўллаш мумкин эмас. Гўдакни уқалаш учун мўлжалланган махсус мой, қулоқ ва бурунни тозалашга ва киндик атрофини тозалаш учун фойдаланишга мўлжалланган махсус пахта шунингдек, шошилинч вақтларда керак бўладиган нам сочиқчалар ҳам гўдак парваришида муҳим аҳамиятга эга.

Парваришлашда керак бўладиган воситалар

– Тирноқ олишга мўлжалланган кичик қайчи, у махсус ҳимояловчи ғилофга эга бўлиши керак.

– Чўмилиш вақтида сувнинг ҳароратини ўлчашга мўлжалланган ҳарорат ўлчагич (термометр).

– Бурундаги ажралмани кетказишда ёрдамлашувчи мослама.

Тиббий анжомлар

Қулоқ ва бурунга дори моддасини томизишга мўлжалланган томизгич – 2 дона.

Қорин оғриқларини бартараф қилишга кўмаклашувчи резина грелка.

Ҳуқна учун мўлжалланган кичик ноксимон мослама – 25 мл.

Тана ҳароратини ўзгаришини ўлчаб борувчи ҳарорат ўлчагич.

Боғлашга мўлжалланган тоза (стериль) бинт.

Дори ичиришга мўлжалланган ўлчагичли қошиқ ёки шприц.

Антисептик моддалар

– Перекись водород 3 фоиз.

– Стерил салфетка.

– Дезинфекция учун мўлжалланган тиббиёт спирти (этиль спирти 70 фоизли).

Бундан ташқари боланинг дори қутисига шифокор билан маслаҳатлашиб, шифобахш ўтлар ҳам солишингиз мумкин. Масалан, мойчечакнинг махсус қуритилган турини болажонни чўмилишида ишлатса бўлади. У антисептик хусусиятга эга бўлиб, бола терисига яхши таъсир қилиб, турли хил яллиғланишларни олдини олади.

Юқорида санаб ўтилган воситалар болажон учун энг муҳим бўлиб, улар шошилинч вазиятлар учун мўлжалланган. Кейинчалик шифокорингиз тавсиясига кўра қўшимча воситаларни дори қутисига қўйишингиз мумкин.

Махсус дори қутиси икки қисмдан иборат. Унинг биринчи қисмида доимий ишлатиладиган, иккинчи қисмида эса шошилинч вазиятларда зарур бўладиган дори воситалари сақланади. Мазкур дори-дармон солинган қутини қуруқ ва қоронғу жойда сақлаш мақсадга мувофиқ. Шамча ва малҳам дорилар совутгичда сақланиши зарур. Унутманг, сақланаётган дори воситаларининг яроқлилик муддати ва қаерда ишлаб чиқарилгани билан танишиб чиқиш гўдак соғлиғи учун жуда муҳим.

Яна ўқинг:  Репродуктив саломатлик – барқарор ҳаёт кафолати

Болалар шифокори Лола МУСАЖОНОВА тавсиялари асосида Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: