ҲУСНИХАТ САРИ БИР ҚАДАМ

Ҳар бир ота-она фарзандининг саводли, чиройли ҳуснихатга эга бўлишини истайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра ёзуви бир қолипга тушган кишилар ҳам дастхатини чиройли қилиши мумкин. Аммо бунинг учун ундан кучли хоҳиш-истак ва қунт талаб этилади.

Такрор-такрор қилинган машқлар ҳам яхши натижага эришишга ёрдам бериши тайин. Қуйидаги маслаҳатларимиз фарзандининг ҳуснихати намунали бўлишини истовчи ота-оналар учундир. Таъкидлаш жоизки, болани 4-5 ёшдан бошлаб ёзув кўникмаларига ўргатиб бориш зарур. Бу пайтда унинг ёзувга бўлган лаёқати тўлиқ шаклланмаган бўлади. Бу борада ота-оналар қуйидагиларга эътибор бермоғи лозим:

* Аввало, боланинг ёзув столига эътибор беринг. У боланинг гавдасига нисбатан баланд ҳам, паст ҳам бўлмасин. Унда ортиқча буюм турмасин. Ручка ва қаламларнинг дизайни ва қулайлиги ҳам боланинг машғулотларга иштиёқи ошишига хизмат қилади. Ёзув жараёнида тўғри ўтиришига эътибор қаратинг: қаддини тўғри тутсин, ўриндиққа суянмасин, тирсаги столдан осилиб турмаслиги лозим, қўллари билан баравар тутсин, акс ҳолда боланинг қўли тезда толиқиб қолади.

* Бола ва ёзув дафтари орасидаги масофа 30 см. дан ошмасин. Ручкани тўғри тутишга ўргатинг. Қаламни учта асосий бармоғида ушласин. Бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқ билан. Унга тоза ва озода дафтар беринг. Дафтарни чиройли қилиб муқовалашни унутманг. Болангизни ҳам уни озода ва бўямасдан тутишга ўргатинг.

* Аввало бола босма ҳарфларни тўғри ёзишни ўрганиб олсин. Бу унга осон ва қулай кўринади. Бунда у бевосита китобни ҳам ҳижжалаб ўқишга киришади.

* Илк ёзув кўникмаларини бола қаламда бошлагани маъқул. Бола турли шакллар, шунингдек, турли чизиқлар бўйлаб қўл ҳаракатини шакллантириб олсин. Агар сизда ҳуснихат намуналари бўлмаса, уни ўзингиз тайёрлаб беришингиз мумкин. Дафтарга катак, учбурчак, чизиқлар каби геометрик шаклларни унга намуна сифатида кўрсатиб беринг.

* Боланинг ёзувини намунадагига ўхшатишга унданг. Натижа сизни қониқтирсагина ҳарфларга ўтишингиз мумкин. Ҳарфларни ҳам турли қисмларга бўлиб чиқинг. Ҳар бир бўлагини бола тўғри чизмагунга қадар кейингисига ўтманг. Уни бола тартибли бажаришига эътибор беринг.

* Қўлнинг моторикасини яхши ривожлантириш учун болага асосан бармоқлар ҳаракатга келадиган майда ўйинларни тавсия этинг. Мисол учун турли кубикларни ўйнаш, бўёқ дафтарларни бўяш, пластилинлардан турли шакллар ва ҳайвончалар ясаш, шунингдек, мозайкалардан фойдаланиш лозим.

Яна ўқинг:  СУРАТЛАРДА ЯРАТУВЧАНЛИК НАФАСИ

* Ҳарфларни ўзлаштириб олган болага энди уларнинг ёзма усулини ўргатинг. Унинг ёзуви чиройли ва текис чиқиши учун ёзув дафтарига билинтирмасдан қора қаламда чизиқ тортиб беринг. Бу боланинг ҳарфларни ва шаклларни чизиқдан ўтказиб юбормаслигига ёрдам беради. Ёки дафтарининг тагига чизиқли қоғоз қўйиб беринг. Бундан бола бир хил ёзишга ҳаракат қилгунича фойдаланишингиз лозим.

Мухтасар қилиб айтганда болалар бизнинг келажагимиз. Уларнинг чиройли ва саводли ҳуснихати гўзал юзу кўзини ифода этади. Бу эса фақат ўзимизга боғлиқ.

 

Маърифат ТОЛИПОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: