БОЛАЖОНЛАРНИНГ ҚУВОНЧЛИ ЛАҲЗАЛАРИ
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар униб-ўсиб келаётган фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишларида муҳим омил бўлмоқда.
Мамлакатимизда йигирма йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент арчаси” байрами тантаналари ҳам барча ўғил-қизларнинг доимо меҳр ва ғамхўрлик оғушида камол топаётганидан ёрқин далолатдир.
Бу йил ҳам Янги йил байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг шаҳар ва туманларида “Президент арчаси” байрами тантаналари кўтаринки руҳда ўтказилди. Мазкур тадбирларга жойлардаги Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, хизмат бурчини ўташ пайтида ҳалок бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Байрам тадбирларида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, улар келажаги юртимиз келажагига бевосита дахлдор масала сифатида давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги алоҳида эътироф этилди. Болажонларга Президентимизнинг байрам совғалари топширилди.
Вилоятлардаги мусиқали драма ва қўғирчоқ театрлари, академик ҳамда халқ бадиий жамоаларининг байрам томошалари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандалари ва болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари тантаналарга янада файз, кўтаринки руҳ бағишлади. Улкан арча атрофида турли эртак қаҳрамонлари билан биргаликдаги қувноқ қўшиқлар, шодон рақслар болажонларга бир олам завқ, байрамона кайфият бахш этди.
– “Президент арчаси” байрами бизда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Комила Жабборова. — Ранг-баранг ўйинчоқлар билан ясатилган улкан арча атрофида қўшиқ айтдик, рақсга тушдик. Айниқса, Президентимизнинг совғаларидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бизга кўрсатилаётган беқиёс эътибор ва ғамхўрлик учун чексиз миннатдормиз.
– Янги йил байрами биз болалар учун энг севимли байрамдир, – дейди Қўрғонтепа туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинур Абдуҳалимова. – Юртбошимизнинг “Менинг фарзандларим” дея биз ёшларга кўрсатаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигига жавобан эл-юртимизга муносиб фарзанд бўлишга интиламиз.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги таълим ва соғлиқни сақлаш, болалар муассасаларида юксак савияда ташкил этилган “Президент арчаси” шодиёналарида ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиши ва келажакда жамиятда ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрлик яна бир бор ўзининг амалий ифодасини топди. Мазкур тантаналарда мамлакатимизда ҳар бир фарзанднинг давлат ва жамият эътиборидан четда эмаслиги, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик фазилатлари яна бир бор ёрқин намоён бўлди.
ЎзА