Миллий армия – ватанимиз хавфсизлигининг мустаҳкам пойдевори

Бугунги замонавий, ихчам, тез ҳаракатлана оладиган профессионал армиямиз ҳамда унда хизмат қилаётган мард ва жасур йигитларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Чунки, ана шундай забардаст армия мустақил Ватанимизнинг осойишталигини, миллий хавфсизлигини, тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлабгина қолмай, барқарор тараққиёт ва нурли истиқболимизнинг кафолатидир.

Дарҳақиқат, Мустақиллик қўлга киритилган дастлабки кунларданоқ, мамлакатимизда Қуролли кучларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди. Аввало, ушбу тизимни қонун йўли билан ҳимоялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки қадам Бош Қомусимизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикасида яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи” деган модда билан қатъий белгилаб қўйилди. Минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишни кучайтириш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2012 йил сентябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун айнан ушбу мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслиги, ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга экани, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, мустақил, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориши ҳақидаги принциплар аниқ-равшан баён этилган.

Ўтган йиллар давомида мақсад қилиб олинган эзгу амаллар бугун ўз самарасини кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини қўриқлашга қодир, замонавий ҳарбий техника билан таъминланган профессионал армия вужудга келди. Қуролли Кучларни ислоҳ қилишга қаратилган Давлат дастури эса миллий армияни шакллантириш ва бошқаришнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимига ўтиш имконини берди. Шу боисдан ҳам ҳарбий хизмат муддати бир йил этиб белгиланди, сафарбарлик-чақирув захира хизмати жорий этилди ва бу жараёнлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туриш учун қўшинлар моддий-техник негизини яхшилаш, уларни замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлаш, амалиётда халқаро тажриба усулларидан фойдаланиш борасида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида ҳарбий хизматга ишонч, айниқса ёшларимиз орасида ҳарбий касбларга қизиқиш янада ортди.

Яна ўқинг:  МИЛЛИЙ ЭМЛАШ тақвимида янги вакцина

Дарҳақиқат, ҳарбий кадрларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш ишлари замон талаблари даражасида амалга оширилаётгани таҳсинга сазовордир. Қўшинларда шартнома асосида хизмат қиладиган ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар асосан уларни ўқув-жанговар ва тарбиявий ишлар борасидаги маҳоратини оширишга қаратилмоқда.

Миллий армияни шакллантиришдаги яна бир муҳим жиҳат ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу маънода уларни уй-жой билан таъминлаш, кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш, моддий ва маиший шароитларини янада яхшилаш борасида давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса ҳарбийларга қатор имконият ва имтиёзлар яратмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган шахсларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чоралари, жумладан, олий ўқув юртларига киришда уларга давлат томонидан имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги ҳарбий хизматнинг нуфузи ва обрўси янада юксалишида муҳим омил бўлмоқда.

Мудофаа соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳарбийларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқин-яқинларга қадар мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун тиббий хизмат офицерларини тайёрлайдиган бундай ўқув муассасаси йўқ эди. Шунинг учун олий тиббиёт ўқув юртлари битирувчилари ҳарбий шифокор бўлиб ишларди. Фуқаро ва ҳарбий тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш жараёнида сезиларли фарқ бор. Негаки, ҳарбий шифокорлик ўзига хос хусусиятларга эга. Тиббий хизмат офицерлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тиббий таркиби ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида 2012 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Интеллектуал салоҳиятга эга, она юртига садоқатли, қўшинларда тиббий хизматни самарали ташкил этишга қодир, тиббий хизматнинг юқори малакали офицерларини, резерв ва захирадаги офицерлар таркибини тайёрлаш, Қуролли Кучлар тиббий ходимларининг ҳарбий ва касб тайёргарлиги даражасини мунтазам ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, махсус билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш, ҳарбий тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳарбий-тиббиёт факультетининг асосий вазифалари этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий тиббиёт муассасалари, Тошкент тиббиёт академиясининг клиника ва кафедралари мазкур факультетнинг ўқув базалари ҳисобланади.

Яна ўқинг:  KO‘NGILGA ORZULAR SOLDI SAMARQAND

Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетининг ташкил этилиши миллий армиямизнинг жанговар қобилиятини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланди. Бу ерда яратилган тиббий хизмат офицерларини тайёрлаш тизими мамлакатимизнинг барча ҳарбий қисмларини юқори малакали ва пухта тайёргарликка эга ҳарбий шифокорлар билан таъминлаш имконини беради.

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 24 йиллиги арафасида амалга оширилган изчил ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, ҳар бир фуқаронинг кўнглидан мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, тинч ва осойишта ҳаётимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучларимиз билан фахрланиш, ғурурланиш туйғулари кечиши табиийдир.

Зеро, тинчлик – бебаҳо неъмат, уни сақламоқ, авайламоқ ва бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Зеро осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик туфайлидир.

Шуни фахр ва қувонч билан таъкидлаш жоизки, Ватанга, халқига садоқатли офицер, сержант ва аскарлардан ташкил топган миллий армиямиз юртимиз мустақиллигининг, тинч ва осойишта ҳаётимиз кафолатидир.

Элбек ШУКУРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: