ҲАЁТ МУТАНОСИБЛИГИ АСОСИ

У руҳият ва тананинг уйғунлигига боғлиқ

Олимлар инсон организмини ва унинг руҳиятини бир неча асрлардан бери ўрганиб келишган ва бу борада жуда кўп маълумотлар тўпланган. Аммо шунга қарамай танамиздаги кўпгина биокимёвий жараёнлар, уларнинг моҳияти, келиб чиқиш сабабларининг ўрганилмаган қирралари талайгина.

Дарахт ўзининг пояси ва илдизига боғланганидек тана ҳам руҳият билан шундай боғланган. Ер устида туриб дарахтнинг поясини хоҳлаганча ўрганиш мумкин, лекин илдизини кўриб бўлмайди. Қарангки, поянинг қанчалик бақувват бўлиши унинг илдизига боғлиқ.

Яқинда япон олимлари бутун дунёга шундай деб эълон қилишди: “инсон руҳининг оғирлиги 4 грамм”…”илм билан шуғулланган инсоннинг руҳи бошқаларникига нисбатан 2-3 баробар катта бўлади”. Буни қарангки, одам ўлимидан олдин ва жони узилгандан кейинги тана оғирлигининг 4 граммга фарқ қилиши узоқ йиллик илмий тадқиқотлар асосида исботланди.

Машҳур психолог, академик Мирзакарим Норбеков онг, қалб, тана ҳақида баъзи жуда қизиқарли маълумотларни қатор китобларида нашр эттирган. Унинг таъкидлашича, тана – бу онг, қалб ва руҳ жойлашган “идиш”дир.

Қалб ва онг – бир-бирига қарама-қарши бўлган бир-бирини мувозанатда сақлаб турувчи инсоннинг икки асосий таянч нуқтасидир, десак муболаға бўлмайди. Онг барча ҳаётий тажриба ва билимларни ўзида сақлайди. Унинг вазифаси ҳаётни доимий тартибда ушлаб туриш. У абсолют барқарорликка интилади. Қалб эса барча туйғулар, орзулар қўним топган маскан. У абсолют беқарорликка интилади. Унинг вазифаси ҳаётимизга турли жўшқин ва рангдор бўёқлар билан ишлов беришдир.

Руҳ эса қалб ва онгни мувозанатда ушлаб турувчи куч. Қалб, руҳ ва онг бирлашиб тирикликни ҳосил қилади. Бу ҳаёт эса танада жойлашади.

Кўпинча инсон руҳиятидаги зўриқиш (стресс)лар сабабли танада касаллик келиб чиқади. Масалан, юрак қон томир касалликлари, турли неврозлар, қандли диабет ва ҳакозо. Шифокорлар жуда кўп ҳолларда беморларнинг шикоятларини тинглаётганларида юракдаги оғриқлар, артериал босимнинг кўтарилиши айнан руҳий зўриқишлар сабаблигига гувоҳ бўлишади ва бу ҳақида касаллик тарихига ёзиб қўйишади.

Келинг, ҳозир инсоннинг турли ҳис-ҳаяжонли ёки руҳий зўриқиш ва тасаввуримиздаги турли фикрларга организмнинг жавобини кўриб чиқамиз. Инсон ҳаяжонланганда унинг юрак уриши тезлашади. Баъзи кишиларнинг бошида оғриқ туради. Ҳаттоки, қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Бу тананинг турли ҳис-туйғуларга жавобидир. Энди вужуднинг фикрларимизга жавобини кўриб чиқамиз. Тасаввур қилинг пўсти артилган, ҳиди уфириб турган катта лимон бўлаги, Сиз уни қўлингизга олиб қарадингиз, сап-сариқ лимон бўлаги усти ялтираб турипти. Сўнг уни оғзингизга солиб, тез-тез чайнай бошладингиз. Хўш… сўлак ажралиши камида уч баробарига кўпайди. Бу тананинг мияда пайдо бўладиган фикрларга жавоби.

Яна ўқинг:  Парҳезбоп қўзиқорин – таомнома кўрки

Доимо соғлом бўлиб юришни хоҳлаган инсон қуйидагиларга риоя қилиши зарур:

1. Ташқи муҳитда қандай воқеалар содир бўлишидан қатъи назар ижобий ҳис-туйғулар билан танани озиқлантириш зарур.

2. Фикрларни назорат қилиб туриш керак. Уларда ўзингизга нисбатан бефарқлик, ўз-ўзидан қониқмаслик кабилар пайдо бўлса организм шу заҳотиёқ жавоб реакциясини беради. Касалликдан тузалишни хоҳлаган инсон эса хасталикдан кўра кўпроқ соғлом бўлиши ҳақида фикр юритиши даркор.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бизнинг салбий ўй-фикр ва туйғуларимиз баъзида ҳар қандай микроб ёки ташқи таъсирдан кўра кўпроқ танамизга зарар етказиши мумкин. Масаланинг иккинчи томони эса ижобий фикр ва туйғуларни биз вужудимизни бошқаришда кучли ирода воситаси сифатида ишлатишимиз мумкин.

 

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: