Гўдакдан ҳаёт иси келади
… Лола минг бир ҳаяжонда туғруқхона остонасига қадам қўяркан, аввало Яратгандан нажот сўради. Шифокорлардан мадад кутиб, омон-эсон кўзи ёришига умид қилди.
Бўлажак онани қабулхонада навбатчи шифокор ва ҳамширалар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Уларнинг “Ҳаммаси яхши бўлади, фарзандингиз соғ-саломат дунёга келиши ҳақида ўйланг”, деган гаплари унга куч ва таскин берди…
Пойтахтимиздаги 7-туғруқ мажмуасида иш қизғин. Шифокор Умида Рустамованинг навбатчиликдаги иш жараёнини кузатиб, бунга амин бўлдик. Тажрибали мутахассис ҳомиладор аёлларга тез ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш, туғилажак болаларнинг соғлом дунёга келиши учун зарур барча юмушларни ўз вақтида, сифатли бажаришга доимо шай.
– Шифокорлик, айниқса, доялик ўта масъулиятли ва шарафли касб, – дейди У. Рустамова. – Чақалоқнинг беғубор “инга”сини эшитишингиз билан қалбингизда аллақандай ёруғлик пайдо бўлади. Бу биз учун энг катта қувонч! Биласиз, она бўлиш буюк бахт. Соғлом фарзандини бағрига босган онани кўрганимизда ҳаракат ва меҳнатларимиз зое кетмаганига ишонч ҳосил қиламиз.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Зеро, у туфайли одамзод эзгу орзу-интилишлар билан яшайди. Шу боис соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши мамлакатимиз келажаги бўлмиш баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги яна бир залворли қадамдир.
7-туғруқ мажмуасида бўлажак она ва гўдаклар учун барча шарт-шароит яратилган.
– Туғруқхонамизда тиббиётнинг янгича даволаш усуллари, жаҳон андозаларига мос технологиялар амалиётга татбиқ этилган, – дейди чақалоқлар бўлими мудири Ҳилола Тоҳирова. – Мажмуамизда эрта дунёга келган гўдаклар учун алоҳида реанимация бўлими фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда чақалоқ худди она қорнидагидек муҳитда, яъни вакуумда парваришланади. “SPAP” ускунаси ёрдамида унга узлуксиз кислород етказиб берилади. Бундан ташқари бўлажак она юрак хасталиги, буйрак етишмовчилиги, жигар, қандли диабет каби касалликларга чалинган бўлса, кардиотокограф тиббий ускунаси ёрдамида гўдакнинг юрак уришини она қорнидаёқ назорат қиламиз. Ушбу замонавий мослама юрак ритми ва ундаги ўзгаришларни жуда аниқ кўрсатиб бериши билан аҳамиятли.
… Шифокорлар яна бир қувончни қарши олишди! Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида яшовчи Лола Аҳмаджонованинг биринчи фарзанди дунёга келди. Оналик бахти ва ҳаяжонидан энтиккан аёл чақалоғини бағрига босаркан, унинг соғ-омон туғилганидан қалбида чексиз мамнунлик ва шукроналик ҳиссини туйди.
Шифокор “Болангизнинг вазни 3, 5 килограмм, бўйи 51 сантиметр, текширув натижаларига кўра, у ҳар томонлама соғлом”, деди. Ёш она боши осмонга етгудек хурсанд бўлиб, қувончдан кўзларига ёш тўлди. Дилбандини тўққиз ой вужудида кўтариб юрган кунлари ёдига тушаркан, унинг соғлом дунёга келиши учун барча зарур амалларни бажаришида қўллаб-қувватлаган оиласидан, турмуш ўртоғидан миннатдор бўлди. Мунтазам шифокорлар назоратида бўлиш, тўғри овқатланиш, дам олиш, маданий ҳордиқ чиқариш – буларнинг бари бугунгидек тенгсиз саодатга эришишида муҳим аҳамият касб этди.
– Врач ва ҳамширалардан миннатдорман, уларнинг ширин сўзи, далдаси менга куч берди, – дейди Л. Аҳмаджонова. – Биз, оналарнинг бахтимизга юртимизда шундай фидойи касб эгалари, маҳоратли мутахассислар кўпаяверсин!
– Туғруқхонамизда қирққа яқин шифокор ва бир юз олтмиш нафар ҳамшира фаолият юритмоқда, – дейди туғруқхона бош шифокори вазифасини бажарувчи Шаҳло Тошхўжаева. – Бугун ҳар бир бола ва она алоҳида ҳамшира назоратида бўлмоқда. Ҳамшираларнинг билимини бойитиш мақсадида ҳар ҳафта ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар ўтказилади. Интерфаол усулда ташкил этиладиган ушбу дарслар орқали мутахассислар бўлажак онага юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сирларини амалий мулоқот ва воситалар ёрдамида ўрганиб бормоқда.
… Боласини бағрига босганча ором олаётган она. Навбатчи шифокор уларнинг ҳар иккисига мамнун боқаётганини кузатар эканмиз, ич-ичидан енгил тортгани, барча чарчоғи унут бўлганини ҳис қилдик. Яна бир ёш оиланинг шодлигига шерик бўлгани, энг муҳими, зиммасидаги бурчни адо этганидан кўнгли хотиржам эди, шифокорнинг.
Гўзал САТТОРОВА,
ЎзА мухбири