БОЛА қувончи – ОЛАМ қувончи

Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боб, 64-моддаси

Ҳовлига кирганимиз заҳоти атрофнинг саранжом-саришталигидан кўзимиз қувонди. Бизни “Мурувват” ногирон болалар 1-сон интернат уйи ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира опа Шермуҳамедова очиқ юз билан кутиб олди. Мақсадимизни эшитгач, “Юринг ишни биринчи ҳовли билан танишишдан бошлаймиз”, дея таклиф билдирди.

– Мана бу бизнинг футбол, волейбол, баскетбол ўйингоҳимиз. Бу ерда тарбияланувчиларимиз ўз имкониятлари даражасида спортнинг барча турлари билан шуғулланадилар. Бунинг учун уларга зарур шароитлар яратилган. Ҳовлида болаларнинг ўтиришлари, бемалол чиқиб-тушишлари учун қулай сўрилар жойлаштирилган.

Ичкарига киришга чоғланаётган пайтимизда иссиқхонага кўзимиз тушди.

– Шоира опа, анави иссиқхонами, – дедим қизиқишим устун келиб.

– Ҳа, иссиқхона. Болаларни меҳнатга ўргатиш мақсадида ташкил қилганмиз. Улар билан биргаликда иссиқхонамизда турли хил сабзавот, кўкатлар экамиз. Мана, ҳатто лимонлар ҳам етиштирганмиз. Болалар учун ўз меҳнатлари билан етиштирган ҳосилининг роҳати бошқача-да.

Лимонзорга бир қур назар соламан. У ерда сап-сариқ олтиндек товланиб турган лимонлар шохи ҳосил мўллигидан эгилиб турибди.

Ичкарига кириб борар эканмиз, ҳар бир хона алоҳида дизайн асосида жиҳозланганига гувоҳ бўлдик. Ахборот ресурс маркази, бассейн, турли тўгарак ва ювиниш хоналарида тарбияланувчилар учун барча қулайликлар мавжуд. Бизнинг боришимиз болалар ухлайдиган вақтга тўғри келган эди. Шунга қарамай уларнинг кўпчилиги уйғоқ… нималарнидир хаёл сураётган бўлишса ажаб эмас…

Айни дам расм тўгараги хонаси остонасидан бир зум жилмай қолдим. Бурчакда ярми йўқ бармоқларига зўрға қалам тутган боланинг суратида турли белгилар… сал нарироқда эса… мана бу қизнинг суратларини кўриб ҳайратланасан, киши. Қувонч ва ғам уйғунлиги, сокин ранглар жилоси қўли гул ижодкорнинг меҳнат маҳсули. Ҳар қандай кишини ўзига маҳлиё қилган ушбу суратлар оёқлари ёрдамида мўйқалам тебратган қизнинг ижод намуналари эканлиги ҳайратланарли. Ушбу масканда тарбияланувчи болалар тўрт мучаси соғлом болалардан тубдан фарқ қилади. Ўйлаб қоласан, ахир улар ҳам соғлом бўлиб дунёга келишлари мумкин эди… Қачонки, қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўйилмаса, ёшлар гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик, токсимания дардига мубтало бўлмаса бу ердаги болалар ҳам ҳозир ўйнаб-кулиб юришлари, жамиятга фойдаси тегадиган комил инсонлар бўлиб вояга етишлари мумкин эди. Баъзида бўлажак оналаримиз, оила қуриш остонасидаги қиз ва йигитларимизнинг саломатлигига озгина бефарқлиги ҳам ногирон болаларнинг дунёга келишига сабаб бўлаётганини бугун тиббиёт ҳам тасдиқлаб турибди.

Яна ўқинг:  Меҳрсиз МУНОСИБ тарбия бўлмас

Шу билан бир қаторда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан оналик ва болалик муҳофазаси, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик юзасидан амалга оширилган ишлар ўз самарасини бераётганини айтиб ўтиш лозим. Хўш, шундай экан бу вазиятда асли айбдор, ҳаётимизга масъул шахс ўзимиз эмасми?

Шуларни ўйлаб туриб ҳозиргина боласини кўришга келган аёл – Сайёра опанинг аччиқ қисмати ёдимга тушди. У билан шу ердан оқиб ўтадиган анҳор бўйидаги ўриндиқда узоқ суҳбатлашдик.

– Қариндошларимнинг қистови билан амакимнинг ўғлига турмушга чиқдим. Аввалига турмушим жуда ҳам ширин кечди – деб сўз бошлади Сайёра опа узоқ жимликдан сўнг. – Бир пайтлар холасининг ўғлига “ахир у менинг акам қатори акам”, дея турмушга чиқишдан бош тортиб “дод-вой” солган дугонам аҳволини эса ўзим фарзандлик бўлгандагина тушундим. Ўшанда унинг ҳасратига бефарқ қарагандим, ҳатто кулгим қистаганди. Дугонам ўз севган йигитига турмушга чиқди. Тўйлари унчалик дабдабали бўлмаса ҳам меъёр даражасида чиройли ўтди. Ҳозир улардан бахтли жуфтлик йўқ назаримда. Ўғли беш ёш бўлишига қарамай спортнинг шахмат тури билан мунтазам шуғулланади, шаҳар, республика миқёсида ҳам фахрли ўринларни олиб келмоқда.

Мен эса амакимнинг ўғлига турмушга чиқдим. Аввалига ҳамма турмушимизнинг чиройлилигига ва иккаламизнинг аҳиллигимизга ҳавас қилди, аммо фарзандсиз оила оилами? Узоқ тиббий кўриклардан сўнг ҳомиладор ҳам бўлдим. Қалбимизда умид уйғонди. Эр-хотин ширин хаёлларга берилдик. Шифокорлар “ўзингизни эҳтиёт қилинг” дея кўп маротаба уқтиришди. Уч ойдан сўнг тиббий текширувлар натижасида туғилажак фарзандимнинг оёқлари ривожланмай қолгани маълум бўлди. Кўз олдим қоронғулашиб, еттинчи осмондан қандай қилиб ерга тушганимни билмай қолдим. Шифокорлар: “Оила-аъзоларингиз билан маслаҳатлашинг, хоҳласангиз ҳомилани олиб ташлаймиз”, дейишди. Чала-ярим тушунганларимни уйдагиларга етказдим. Қайнона-қайнотам: “Улар гапираверади, насиб қилса набирагинам соғлом дунёга келади”, деб розилик билдиришмади. Кунларим таҳликали ўта бошлади. Яна олти ойдан сўнг фарзандим дунёга келди. Эндигина дунё юзини кўрган, бармоқлари чангак ҳолда туғилган боламга қўлларимни, унинг ривожланмай қолган тўмтоқ оёқлари ўрнига оёқларимни кесиб бергим келди… Мана буёғи кўриб турганингиздай бир оёғим уйда бўлса, бир оёғим шаҳар марказидаги “Мурувват” уйида…

***

Яна ўқинг:  Яхшининг боғи абадий мева беради

Мурувват” уйида атиги ярим кунгина вақтим ўтган бўлсада, ўзим билмаган ҳолда мижжаларимга ёш қуйилиб келаверди. Болаларга кўз, қулоқ, қўл, ҳам оёқ бўлаётган тарбиячилар ҳар куни, ҳар соат ва ҳар дақиқа мен ярим кунлик ичган аччиқ зардобни қайта-қайта симирадилар. Уларга она каби меҳрибон, дўст каби сирдош, отадек маслаҳатчи бўлаётган фидойилар чин маънодаги жафокаш инсондир. Кези келганда оналар болажонларининг “ойижон, мана бу нима?” деган саволларига жавоб беришга оғринишади.

– Имконияти чекланган болалар бир саволни юз марталаб беришлари, ҳатто қошиғу ручка ушлашни ҳар куни қайта-қайта ўрганишлари турган гап, – дейди узоқ йиллардан бери шу ерда ишлаб келаётган тарбиячи опалардан бири. – Эндигина ишга келган пайтларимда ич-ичимдан сиқилиб кетардим. Кейинчалик болаларнинг юз-кўзларига қараб йиғлай-йиғлай, бу муҳитга ҳам кўника бошлаганман. Ҳозир уларнинг шодлигини кўрсам кўзим қувнайди. Болаларнинг ҳам ўзлари яшайдиган беғубор оламлари бор. Бу олам билан танишиш учун улар билан яқин сирдош бўлиш кифоя…

***

Болалик нималигини англамай яшаётган болалар билан ўзимча хайрлашдим. Аммо уларнинг бирлари маъносиз тикилди, яна бири шунчаки жилмайиб қўйди, яна бири менга парво ҳам қилмади. Ташқарига чиқарканман, дилимни сўнгсиз ғашлик эгаллади. Бу ҳолимни осмон ҳам кузатиб тургандек юзимга ёмғир томчилари урилди. Ҳозиргина қуёш чиқиб турган самони булут қоплади. Мен файзли, саранжом-саришта ҳовлида ўз ишлари билан машғул бўлган фариштасифат тарбиячилар билан хайрлашдим.

Ташқарида эса ҳаёт қайнайди. Ана катта йўлдан ўтаётган болажонларнинг шодон кулгулари жаранглади. Сумка орқалаб мактабдан қайтаётган жажжи болакайларни кўриб ўйлаб қолдим. Уларнинг кулгуларидан олам қувончи, ҳаётнинг завқини туясан, киши. Аммо девор ортидаги болалар буларнинг баридан бебаҳра эканлиги яна бир карра ҳар бир инсонни мулоҳаза юритишга чорлайди. Ахир, беғубор болаликнинг унутилмас онларини ким қайтариб беради уларга? Бунинг бадалини ким тўлайди?! Ўйланг, фикр юритинг, мулоҳазаю мушоҳада қилинг. Зеро, болаларнинг беғубор кулгусидан-да гўзалроқ яна нима бор дунёда? Бола кулса олам кулади, деб бежиз айтишмайди.

Фаёза АВЛАЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: