САРИҚ ДАРДДАН сарғайманг
ёки сурункали С вирусли гепатитнинг хавфли асоратлари
Вирусли гепатитлар – бу турли вируслар қўзғатадиган юқумли касалликлар гуруҳи бўлиб, асосан жигарнинг жароҳатланиши, организмнинг умумий заҳарланиши ва баъзи ҳолларда сариқлик билан кечади. Қадимдан халқ орасида бу хасталик “сариқ касаллиги” деб аталади. Бу касалликларнинг қўзғатувчиси вирус бўлганлиги боис, бугунги кунда улар “вирусли гепатитлар” деб юритилмоқда.
Сурункали гепатитлар орасида C вирусли гепатит алоҳида ўрин тутади. Дунёда гепатитнинг бу тури асосан парентерал, яъни, қон ва қон маҳсулотларини қуйиш, ностерил шприцлар орқали инъекция қилиш (бу ҳолат гиёҳванд моддаларни томир ичига қабул қилувчи кишилар орасида учрайди), аъзолар трансплантацияси (организм аъзоларини кўчириб ўтқазиш) ва тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ бўлган бошқа тиббий ҳамда тиббий бўлмаган муолажалар орқали ҳам юқиши мумкин. Айрим ҳолларда бу касалликнинг юқиш йўли аниқланмай қолади.
С вирусли гепатит кўпинча клиник аломатларсиз кечиши, кўп ҳолларда жараённинг сурункали тус олиши, жигардан ташқари организмнинг бошқа кўпгина аъзоларининг зарарланиши ва оғир асоратларга сабаб бўлиши билан тавсифланади. Дастлаб мазкур гепатит тури шартли равишда “А ҳам эмас, В ҳам эмас” деган ном билан юритилган. Бу шартли ташхиснинг номи амалиётда 15 йилгача қўлланилиб келган.
Ушбу турдаги гепатитлар сурункали кечишга мойиллиги ва жигар циррози ҳамда жигар саратони каби асоратлар билан якунланиши мумкинлиги боис бугунги кунда жаҳон тиббиётининг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. С вирусли гепатит дунё миқёсида кенг тарқалган касалликлардан биридир.
1989 йилда С гепатит вируси аниқланган бўлиб, бу вирус сабабчи бўладиган хасталикка тегишли бўлган айрим муаммолар ҳанузгача ўз ечимини кутмоқда. Вирус рибонуклеин кислотага эга бўлиб, бугунги кунда унинг бир нечта генотиплари аниқланган. Ўзбекистонда асосан 1-генотип вирус кўпроқ аниқланади. Шу билан бирга 2–ва 3-генотиплар ҳам учрайди. Вируснинг 3–ва 4-генотиплари асосан Африка ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида кўпроқ кузатилмоқда.
Маккор хасталик
С гепатит вируси гепатотроп яъни, жигарни зарарлайдиган вирус бўлиб, қон орқали организмга тарқалади ҳамда жигар ҳужайралари – гепатоцитларга ўрнашиб олиб, шу ҳужайраларда ривожланади ва уларни жароҳатлайди. Бу вирусни “иммун тизимга чап берадиган” вирус ҳам дейилади. Вирусдаги бу хусусиятнинг механизми ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган. Ҳозирги вақтда олимларимиз вируснинг иммун тизим таъсиридан қочиш сабабини вируснинг жуда ўзгарувчанлиги билан боғлашмоқда. Организмда иммун тизим ҳужайралари вирусни тезда таний олмайди ва натижада касаллик чўзилувчан сурункали тус олади. Вируснинг организмдаги липопротеинлар деб номланувчи ёғ ва оқсил табиатли моддалар билан бирикиб организм иммунитетидан яшириниши мумкин деган фаразлар ҳам илмий асосда ўрганилмоқда. Шу сабабли ҳам бу касаллик маккор ҳисобланади.
Жаҳонда бу хасталик В вирусли гепатитга қараганда кўпроқ учрайди. Касалликнинг клиник белгиларига келсак, хасталикнинг ўткир кечиши деярли аниқланмай қолади: бунга сабаб бир томондан касалликнинг асосан енгил кечиши бўлса, иккинчи томондан унинг кўпинча сариқликсиз ўтишидир. Сурункали С вирусли гепатитнинг асосий хусусиятларидан бири унинг узоқ йиллар давомида клиник белгиларсиз кечишидир. Шунинг учун кўп ҳолларда С гепатит вируси профилактик кўриклардан ўтишда ёки хасталикнинг асоратлари яъни, жигар циррози ёки жигар саратони босқичида аниқланади.
Бу гепатитлар кўпинча катта ёшдаги кишиларда учрайди. Болалар касалликлари орасида сурункали С вирусли гепатитлар жуда кам ҳолларда аниқланади. Касаллик юққанидан 10-15 йил ва ундан кўп вақт ўтганда касалликнинг айрим клиник кўринишларини аниқлаш мумкин. Бу вақтда беморлар иштаҳанинг пасайиши, ёғлироқ овқатларнинг қийин ҳазм бўлиши, кўнгил айниши, кам ҳолларда қусиш, оғизда аччиқ таъм сезишдан шикоят қиладилар. Бу беморларда қабзият билан ич кетишининг алмашиб туриши, қорин дамлаши, ўнг қовурға остида оғриқ ёки оғирлик, тана вазнининг камайиши, уйқунинг бузилиши ва милкларнинг қонаб туриши кузатилиши мумкин. Жигар катталашади, пайпаслаб кўрилганда оғриқ сезилиши мумкин. Айрим беморларда талоқ катталашиши аниқланади.
Касаллик холестатик компонентлар (ўт димланиши) билан кечганда кўз ва терининг сарғайиши кузатилади. Хасталикнинг бу турида интоксикация (организмнинг заҳарланиш) белгилари кам намоён бўлади. Беморнинг умумий аҳволи кўпинча қониқарли бўлиб, кўпроқ терининг қичишиши ва тана ҳароратининг субфебрил (37, 0о-37, 5о) даражада кўтарилиши кузатилади. Қонда умумий билирубин миқдори кўпайсада, жигар ферментлари меъёрий кўрсаткичларда аниқланиши мумкин. Касалликнинг холестатик тури кўпинча катта ёшдаги кишиларда учрайди.
Сурункали С вирусли гепатитда жигар зарарланишидан ташқари бошқа аъзоларнинг касалликлари ҳам кўп учрайди: васкулит (қон томирларининг яллиғланиши), полимиозит (тананинг кўпгина мушакларининг яллиғланиши ва оғриқ билан кечиши), пиелонефрит (буйракларнинг яллиғланиши), кўришнинг хиралашиши каби ўзгаришлар аниқланади.
Беморларда С ва В гепатит вируслари бирга аниқланиши ҳам мумкин. Бундай гепатитларни микст-гепатитлар дейилади. Юқумли касалликларнинг асосий қонуниятларидан бири бу ҳар бир юқумли касалликнинг ўз қўзғатувчиси борлигидир.
Сурункали С вирусли гепатитга ташхис қўйишда эпидемиологик маълумотлар ва касалликнинг клиник белгилари (умумий ҳолсизлик, ўнг қовурға остида оғирлик ёки оғриқ), объектив текширув маълумотлари (жигар ва кам ҳолларда талоқнинг катталашиши) касалликни аниқлашда муҳим роль ўйнайди. Касалликка якуний ташхис қўйишда лаборатория текширув усуллари асосий ўрин тутади. Қоннинг умумий клиник ва биокимёвий таҳлиллари натижалари ўрганилади. Қонда жигар ферментлари ҳисобланган аланинаминотрансфераза (АлАТ) кўрсаткичларининг ошиши жигардаги жараённинг фаоллигини кўрсатади. Олимларимиз томонидан кейинги йилларда олинган маълумотларга кўра мазкур кўрсаткичнинг доимий кўтарилиб туриши жигар тўқималарининг жароҳатланаётганлигини билдиради. Шунинг учун қондаги бу биокимёвий кўрсаткични мунтазам равишда текшириб туриш мақсадга мувофиқдир. Замонавий серологик ва вирусологик лаборатория текширувларидан иммунофермент таҳлил орқали С гепатит вирусига қарши ишлаб чиқилган антителолар ва полимераза занжир реакцияси усулида вируснинг тури, қондаги миқдори ва генотиплари аниқланади. Қонда вирус миқдори (вирус юкламаси)нинг аниқланиши ҳам вируснинг жигар ҳужайраларига фаол таъсир кўрсатаётганлигини билдиради. Қондаги вирус миқдори аниқлангандан кейин вируснинг қайси генотипга мансублиги текширилади.
Ташхис қўйишда ультратовуш текшируви (УТТ) ва жигарни фибросканда текшириш ноинвазив (тери ва шиллиқ қаватларни жароҳатламайдиган) текширув усулларидан бўлиб ҳисобланади. Бу текширувлар орқали жигарнинг катталиги, юзасининг текис ва силлиқлиги, унинг тўқималарининг зичлашуви, жигарда фиброз тўқима ривожланишининг даражаси ва бошқа кўрсаткичлар аниқланади.
Парҳез ва руҳий осойишталик – асосий шифобахш омил
Даволашнинг асоси – парҳез ва кун тартибига риоя қилишдир. Сурункали С вирусли гепатитда жигар касалликларида қўлланиладиган 5-парҳез таомлар тайинланади. Истеъмол қилинаддиган овқат осон ҳазм бўлиши зарур. Гўшт ёғсиз, қийма ва қайнатиб пиширилган ҳолда тавсия қилинади. Бемор қиймали мастава, сутли ва бошқа суюқ овқатлар ейиши мумкин. Қуюқ овқатлардан эзилган картошка, гуручли қийма, ширгуруч, қайнатиб пиширилган товуқ гўшти ёки балиқ, буғда пиширилган қовоқ каби таомлар тавсия этилади. Хаста кишига кўк чой, мева шарбатлари, гази чиқариб юборилган минерал сувлар, қатиқ ичиш рухсат этилади.
Жисмоний ва руҳий толиқиш беморга тўғри келмайди. Дардманд одам қийин ҳазм бўладиган, серёғ овқатлар, шўр ва аччиқ, қовурилган, дудланган, консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилмаслиги зарур. Спиртли ичимликларни ичиш мумкин эмас. Парҳез сақлаш жигар фаолиятини тез тиклайди, унинг ҳимоя кучини оширади.
Вирусга қарши дори воситаларини қўллаш специфик (махсус) даволаш дейилади. Бугунги кунда организм учун зарарсиз бўлган С гепатит вирусига қарши самарали дори воситалари яратилди. Бундай дори воситаларини қўллаш орқали организм вирусдан халос бўлиши мумкин. Бундан ташқари бу дорилар жигарда фиброз тўқима шаклланиши жараёнини тўхтатади ва жигар ҳужайраларининг қайта тикланиши таъминлайди.
SHU O‘RINDA
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра дунё бўйича 500 миллион киши хасталик вирусини юқтирганлиги аниқланган. Айнан С гепатит вируси жигарда учрайдиган барча сурункали жараёнларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб ҳисобланади. Патологик жараённинг сурункали тус олиши 50-60 фоизни ташкил этиши мумкин.
Аллаберган БАЙЖАНОВ,
Вирусология илмий текшириш институти катта илмий ходими,
тиббиёт фанлари номзоди