Мамнун тилаклар

– Туғилиб ўсган юртга хизмат қилиш, шу эл корига яраш ҳар бир эр йигитнинг муқаддас бурчидир. Мана юртимизга қиш фасли ўзининг кутилмаган совғалари билан кириб келди. 12 йиллик хизмат фаолиятим давомида “Қамчиқ” довонида содир бўлиши мумкин бўлган табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, довондаги автотранспорт воситаларини узлуксиз қатновини таъминлашдаги камтарона хизматларим, Ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг юксак мукофоти – “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим. Бу нафақат мен учун, балки бутун отрядимиз учун берилган мукофот деб биламан.

Азиз юртдошлар, сизларни кириб келаётган 2013 йил – Обод турмуш йили билан бутун ҳарбийлар, отрядимиз номидан муборакбод этаман. Сизларнинг хавфсизлигингиз ва осуда ҳаёт кечиришларингиз учун биз харбийлар, жумладан, қутқарувчилар доимо шаймиз. Янги йилингиз яна бир бор қутлуғ бўлсин!

Алихон СОПОРОВ,

“Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби,

Қамчиқ қидирув қутқарув отряди, йўриқчи-қутқарувчиси

***

– Бахт инсоннинг ўз қўлида эканини ҳаётий тажрибамдан ўтказдим. Мен аввало онаман, турмуш ўртоғим Луқмон ака Юсупов билан тўрт қиз, икки нафар ўғилни ҳамжиҳатликда, меҳнатсевар этиб вояга етказдик.

2006 йилда 3,7 гектар ер олиб боғдорчилик фермер хўжалигини ташкил этдик. Оиламиз билан биргаликда меҳнат қилдик. Кейинчалик 2010 йилда Нидерландиянинг “супер элита” картошкасини олиб келдик ва 2 гектар ердан 260 центнер ҳосил олдик. Фермер хўжалигимизда 30 киши доимий иш билан таъминланган.

Бу йил “Мустаҳкам оила йили”да “Элдорбек-Аброржон Луқмонович” фермер хўжалигимиз 80 гектарга етди. Сабзавот, узум ва картошкадан ташқари 30 гектар ерга ғалла экиб, мўл ҳосил етиштириб халқимиз дастурхонига етказиб бердик.

Қолаверса, бу йил “Йил аёли” анъанавий миллий танловининг туман, вилоят босқичларидан муваффақиятли ўтиб, республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишим ҳаётимда муҳим воқелик бўлди. Бунинг барчаси менга билдирилган ишончда деб биламан.

Бизнинг юртда аёллар эъзозланади, уларнинг меҳнати қадрланади. Шу боис ҳам ўзбек аёллари чинакамига бахтлидир.

Янги йил – оилавий байрам. Мен бўш вақтларимни оила даврасида ўтказишга ҳаракат қиламан. Ҳар йили ушбу байрамда тўкин дастурхон атрофида бутун оиламиз билан Янги йилни қаршилаймиз.

Яна ўқинг:  ЭР ВА ХОТИННИНГ УМУМИЙ МУЛКЛАРИ

Барча юртдошларимизни кириб келаётган “Обод турмуш йили” билан самимий табриклайман. Оиламиз тинч-тотув, ҳаётимиз фаровон бўлсин. Янги йил барчага омад олиб келсин!

Насиба НУРОВА,

“Йил аёли – 2012” анъанавий танлови ғолиби

***

Якунланиб бораётган 2012 йил мен учун омадли йил бўлди, деб бемалол айта оламан. Жорий йилда “Йилнинг энг яхши мактаб директори – 2012” кўрик танлови республика босқичида биринчиликни қўлга киритганим ҳаётимда муҳим воқеа бўлди.

Бундай танловлар муаллимнинг ўз устида тинимсиз ишлашини, атрофдаги ҳамкасблари билан соҳа бўйича фикр алмашиш имконини беради. Педагог ўз вақтини ва меҳнатини аямасдан таълим соҳасида фидойи меҳнат қилса, таълим сифати юқори бўлади.

Келаётган Янги йилга барча янги орзу-умидлар билан қадам қўяди. Орзулари ушалишига ишонади ва шу мақсад йўлида ҳаракат қилади. Истагим, кириб келаётган Янги йилда оилаларимиз тинч-тотув бўлсин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Фарида ШАРИПОВА,

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 258-мактаб директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: