ЎЗБЕК ПОЛВОНЛАРИ ЖАҲОНДА ТЕНГСИЗ
Эроннинг Хуррамобод шаҳрида ўзбек миллий кураши бўйича ўтказилган Х жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Дунёнинг элликдан зиёд мамлакати вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган полвонларимиз 5 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди. Чемпионатда Темурхон Тўраев, Эркин Дониёров, Муҳсин Ҳисомиддинов, Маъруф Ғайбуллаев, Давлат Абраевлар ўз вазн тоифасида олтин, Руслан Болтаев ва Бекзод Каримов кумуш медални қўлга киритди.
Вазни 60 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида яна бир ҳамюртимиз Раҳмон Жумаев кумуш, Миржон Тўхтаев бронза медални қўлга киритди. Мутлақ вазнда ўтказилган қизиқарли беллашувда Муҳсин Ҳисомиддинов учинчи ўринни эгаллади.