ЯНГИ ЙИЛНИ ЎЗБЕКИСТОНДА КУТИБ ОЛАЁТГАНИМДАН ХУРСАНДМАН

Мамлакатимизда Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Кўчалар, майдонлар, хиёбонлар байрамона безатилмоқда. Янги йилни мамлакатимизда кутиб олиш истагида келган хорижлик меҳмонлар ҳам кўп. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири улардан айримларининг байрам олди таассуротлари билан қизиқди.

– Аввало, Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мамлакатингиз улкан салоҳиятга эга ва шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда, – дейди ирландиялик Давин Мёрфи. – Касбим меъмор. Бунёдкорлик ишлари изчил олиб борилаётган мамлакатингизга хизмат сафари юзасидан кўп бор келганман. Ўзбекистонлик дўстларим билан бир неча бор Янги йил айёмини кутиб олганмиз. Мустақиллик майдонида бунёд этилган “Эртаклар шаҳарчаси” менда унутилмас таассурот қолдирди. Бу ерда намойиш этиладиган байрам томошалари нафақат кичкинтойларга, балки катталарга ҳам манзур бўлиши шубҳасиз.

– Ўзбекистонга дўстимнинг тавсияси билан келдим. У менга мамлакатингизга қилган ажойиб ва унутилмас саёҳати ҳақида сўзлаб берган эди, – дейди япониялик Асэми Маэда хоним. – Тошкентга келишим билан пойтахтингизнинг ҳар гўшасида байрамона шукуҳ кезиб юрганига гувоҳ бўлдим. Меҳмонхоналарда, супермаркетлар, кўчалар ва майдонларда байрам нафаси уфуриб турибди. Безатилган арчалар, бозор расталаридаги турфа ўйинчоқлар ва совғалар киши кўзини қувонтиради.

Саёҳатим давомида Самарқанд, Бухоро каби дунёга машҳур қадимий шаҳарларни кўриш истагидаман. Ўзбекистонга саёҳатимдан эсдалик сифатида миллий ҳайкалчаларни харид қилдим. Усталарингизнинг яратган бундай нафис ва бетакрор ҳунармандлик буюмлари оилам учун ажойиб совға бўлишига ишонаман.

– Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун Ўзбекистонни дунёнинг барча минтақаларида яхши билишади, – дейди буюк британиялик Питер Аддерли. – Бу ўринда фақат ўзбек заминининг гўзаллиги ва саховатинигина эмас, балки Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатингизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самараларни ҳам назарда тутмоқдаман. Мисол учун, мамлакатингизда сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Буни юртингиздаги бунёд этилган кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистонда Янги йил айёми арафасида болалар учун турли томошалар, байрам кечалари ўтказилиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари топширилишини эшитиб ғоят қувондим. Бу каби хайрли тадбирлар кичкинтойлар қалбини олам-олам қувончга тўлдириши шубҳасиз.

Яна ўқинг:  БИЛИМЛИЛАР БЕЛЛАШУВИ

– 2013 йилни эртакмонанд диёрингизда кутиб олишдан бахтиёрман, – дейди италиялик сайёҳ Стефано Капорали. – Одамларингизнинг кўнгли очиқ, миллий қадриятларингиз ғоят ажойиб ва жуда бой экан. Мамлакатингиздаги ноёб обидалар, халқ амалий санъати дурдоналарини катта ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилмоқдаман. Байрам кунлари чет эллик меҳмонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун юртингизда барча шароит муҳайё. Бу заминда ҳар бир байрам қизиқарли ўтишига ишонаман. Ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Янги йил айёми билан чин юракдан қутлайман.

ЎзА мухбири Мадина УМАРОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: