Qatralar (2015–44)

НИҲОЛ

У келин қилди-ю, келиндорлик қилолмади. Жиловини бошидан олиш учун мурғаккина ниҳолни минг кўйга солди – дам у ёққа эгди, дам бу ёққа. Эга-эга синдирди. На унгани қўйди, на ўсгани.

Бошқа ниҳол экди. Бу ниҳол маҳкам экан, эгилмади, синмади, боз устига тиканини санчиб-санчиб олди.

Ковушини тўғрилаб қўйди унинг ҳам…

Латтачайнар ўғилнинг эса икки кўзи онасида, қулоғини динг қилиб олган: энди қанақа ниҳол экаркин?

ЖАВОБ

Осмонларда учиб юрган Ёшлик ерда судралиб кетаётган Кексаликка қичқирди:

– Ҳей!.. Менга етолмайсан… Мен осмону фалакдаман… Оймомо шундоққина оёғим остида. Қўлимни узатсам, юлдузлар кафтимга қўнади. Менга етолмайсан…

Кексалик жавоб қайтарди:

– Учавер, набирам, учавер… Сенга етишим шарт эмас… Мен у жойлардан аллақачон учиб ўтганман. Яхшиси, ўзинг менга етиб келишинг ҳақида ўйла…

ТУПРОҚ

У ҳеч қачон ҳаволанмайди, кибрланмайди. Шундоққина оёқ остида тўшалиб ётади. Уни босадилар, тепадилар, аммо ранжимайди, ранж чекмайди.

У онадай хокисор, отадай улуғвор, Ватан билан баробар.

Келар Макон ҳам – у. Кетар Макон ҳам – у.

ЙЎЛ

Умр сип-силлиқ асфальтдангина иборат эмас, унинг лой кўчалари, тош кўчалари бор. Тошларнинг чақиридан баъзан товонлар тешилади, баъзан тиззагача лойга ботади киши.

Кимдир тош ва лой йўллардан асфальтга ўтиб олса, кимдир асфальтдан чиқиб кетади – йўлини йўқотади.

Ҳар ҳолда асфальт йўлдан кетаётган кимса йўлнинг қадрига етгани яхши.

Лола ЎРОҚОВА

Яна ўқинг:  Болари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: