ПНЕВМОКОКК ИНФЕКЦИЯСИ ҲАҚИДА ОГОҲЛИК

Фарзандингизни қандай ҳимоя қиласиз?

Пневмококклар соғлом одамларнинг тахминан 70 фоизида бурун-халқум бўшлиғида аниқланади ва бу инфекция айниқса, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларнинг бош­ланғич синфларида кенг тарқалган бўлади. Пневмококк кичик ёшдаги болалар (чақалоқлар) ҳаётининг дастлабки олти ойида жуда хавфли.

Бу инфекция пневмококкларнинг энг хавфли турлари қўзғатадиган кўплаб турли оғир касалликларни келтириб чиқаради. Уларга қуйидаги оғир хасталиклар киради: Жумладан, пневмония (ўпканинг яллиғланиши), йирингли менингит (мия қобиғининг касаллиги), бронхит (бронхларнинг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг йирингли яллиғланиши), синусит (бурун бўшлиқларининг хасталиги), сепсис (қонга инфекция ўтиши), эндокардит (юрак ички қобиғининг яллиғланиши), артрит (бўғимларнинг яллиғланиши) ва ҳакозо.

Пневмококк инфекциясининг олдини олиш ва ундан сақланиш қоидалари

Ушбу касалликларга чалиниш хавфини қуйидаги чора-тадбирлар ёрдамида камайтириш мумкин: Яъни, қўлларни совунлаб ювиш, гўдак ҳаётининг дастлабки 6 ойи давомида уни фақат кўкрак сути билан боқиш, хоналарни ва унинг ҳавосини тоза сақлаш, касаллик аломатлари намоён бўлганда ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш зарур.

Хасталикни енгишда вакцинация усули энг самарали воситадир. Республикамизда пневмококк инфекциясига қарши эмлаш тадбири Миллий эмлаш жадвалига 2015 йил сентябрь ойидан бошлаб киритилди. Ушбу жадвал асосида 2, 3 ва 12 ойлик гўдаклар эмланади. Пневмококк инфекциясига қарши эмланган бола бу жараённи енгил ўтказади. Вакцина хавфсиз, мушак ичига юборилади ва кучли иммунитет ҳосил қилади.

Инфекциянинг тарқалиш йўллари

Пневмококк инфекцияси ҳаво-томчи йўли билан бемор йўталганда, аксирганда тарқалади. Айниқса, хасталик бемор билан яқин мулоқотда бўлганда тез юқади.

Ҳеч қандай касаллик аломатлари намоён бўлмаган одам ҳам ушбу юқумли инфекциянинг манбаи бўлиши мумкин. Одамда асосан қишда ёки эрта баҳорда уни юқтириш эҳтимоли юқори бўлади. Касалликнинг инкубацион даври 1 кундан 3 кунгача давом этади.

Бу касаллик кимлар учун хавфли?

Қуйида кўрсатилган “хатар гуруҳи”га мансуб болаларда пневмококк инфекциясининг оғир шакллари ривожланиши эҳтимоли энг юқори даражада бўлади. Яъни, 5 ёшгача бўлган тез-тез ва узоқ муддат хасталаниб юрадиган болалар, юқори нафас йўллари, юрак-томир ва пешоб ажратиш тизимининг сурункали яллиғланиш касалликларига чалинган бемор болалар, талоғи олиб ташланган ва ОИВ инфекциясини юқтирган кичкинтойлар (бундай болалар пневмококк инфекцияси билан зарарланган ҳолатда уларнинг орасидаги ўлим даражаси 50 фоизга етади). Шунингдек, қандли диабет, иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС)га чалинган дардманд болалар, ҳамда мактабгача таълим муассасаларига қатнаётган ёки бунга тайёрланаётган касалликка қарши чидамлилиги паст болалар ҳам инфекцияни тез юқтириши мумкин.

Яна ўқинг:  Грипп касаллигини оёқда ўтказманг, унинг асоратлари ҳаёт учун хавфли

Профилактика чора-тадбирлари

Пневмококк касалликларини, айниқса, менингитни даволаш учун қимматбаҳо антибиотиклар талаб этилиши мумкин. Лекин кейинги вақтларда пневмококкнинг кўпгина штаммлари антибиотикларга чидамли бўлиб қолганлиги кузатилмоқда. Шу боис пневмококк касалликларини даволагандан кўра унинг олдини олиш афзалдир.

Унга қарши вакцинанинг жорий этилиши нафақат хасталаниш ҳолатлари ва беморларни касалхонага ётқизиш, шунингдек мудҳиш оқибатларнинг ҳам олдини олади. Эмлаш болаларда пневмококклар сабабли кечадиган касалликларнинг асоратсиз (кар бўлиб қолиш, кўрлик, гидроцефалия (бошнинг хумдай катта бўлиши), нафас йўлларининг сурункали касалликлари) ўтишига ёрдам беради.

Бу инфекциянинг энг катта хавфи шундаки, ўз вақтида беморга малакали тиббий хизмат кўрсатилмаса, у менингит, бактериемия ёки пневмония сабабли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Барча бактериал инфекциялар орасида пневмококк бугунги кунда одамларни нобуд қилиш бўйича дунёда 1 ўрин эгаллайди. Статистик маълумотларга кўра, пневмококкли менингитни бошдан кечирган ва омон қолган болаларнинг 60 фоизи ногирон бўлиб қолади. Уларнинг 25-30 фоизи эшитиш қобилиятини йўқотади. Беморлар тутқаноққа чалинади, турли фалажликлардан азият чекади. Хаста бола руҳий ривожланишдан орқада қолиб кетади. Пневмония хасталигидан ҳар йили бутун дунёда 5 ёшгача бўлган 1 миллион нафардан ортиқ болалар нобуд бўлади. Гўдакни эмлатиш эса уни соғлом улғайишига кафолат беради.

ЮНИСЕФ маълумотлари асосида Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: