КАСАЛЛИК СУРУНКАЛИ ТУС ОЛМАСИН, ДЕСАНГИЗ…

Простатит-простата безининг яллиғланиш касаллиги эркаклар ичида энг кўп тарқалган урологик касаллик ҳисобланади. Ушбу хасталикнинг келиб чиқишига асосий сабаб простата безига инфекциянинг тушишидир. Простата безига инфекция қовуқ, пешоб йўллари, тўғри ичак, қон ва лимфа томирлари орқали тушиши мумкин.

Фақатгина инфекциянинг уш­бу аъзога тушиши касалликни ҳамма белгиларини ҳали тўлиқ намоён қила олмайди. Хасталикни тўлиқ ҳамма жараёнлари кўзга кўриниб, беморни безовта қилиши учун касалликни келиб чиқишига мойиллик қилувчи омиллар бўлиши керак. Ушбу мойиллик қилувчи омилларга организмнинг совуқ қотиши, доимий ўтириб ишлаш, қабзият (ич қотиши), айрим сабабларга кўра узоқ вақт жинсий ҳаётдан узоқ бўлиш, кам ҳаракат ҳаёт тарзи, аъзолардаги сурункали касалликлар, бошдан ўтказилган урологик ва венерик хасталиклар беморларда простатит ривожланишига кенг йўл очиб беради. Юқорида айтиб ўтилган касаллик келиб чиқишига мо­йиллик қилувчи жараёнлар прос­тата безида қон айланиши бузилишига олиб келиб, микробни безнинг ичига кириб келишини осонлаштиради.

Бу ҳолат микробни простата бези тўқимасида кўпайиши ва яллиғланишига олиб келади. Касаллик ўткир ва сурункали прос­татит кўринишида ўзини намоён қилади. Ўткир простатитда шикоятлар ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, чот оралиғи, чов, қовуқ устидаги оғриқлар ва қийинчилик билан пешоб чиқариш кўринишида бўлади. Лекин кўпинча простатит сурункали тарзда беморни безовта қилмаган ҳолда бошланади. Простатит касаллигининг аломатлари жуда кўп. Бироқ, унинг илк белгиларининг айримларини ўз вақтида илғаш қийин. Хасталикнинг асосий белгиларидан бири оғриқ ҳисси бўлиб, кўпинча у бемор тинч, осойишта бўлган пайтда пайдо бўлади. Оғриқ асосан моякларда, қовуқ устида ва белда бўлади. Кўпгина ҳолларда простатит радикулит билан аралаш кечганлиги сабабли белдаги оғриқнинг кетиши анча мушкулдир. Агар яллиғланиш жараёни қўшни аъзолар, уруғ дўмбоқчаси ёҳуд пешоб чиқарув каналига ўтса, бундай ҳолатда пешоб чиқариш оғриқли кечиши ҳам кузатилади. Гоҳо беморда жинсий қўзғалиш ва уруғ чиқиш пайтида ҳам оғриқ ҳисси кузатилади.

Дарднинг энг кўп учрайдиган асосий белгилардан яна бири пешоб чиқариш жараёнида паталогик ўзгаришдир. Беморларда тез-тез ва бироз қийналиб пешоб чиқиши ҳамда унинг томчилаши кузатилади.

Касалликнинг умумий белгилари жуда кўп бўлиб, бемор жиззакилик, уйқу бузилиши, беҳоллик, иш қобилиятининг пасайиши, чанқаш, оғиз қуришидан шикоят қилади. Вақт ўтиши билан беморларда жинсий қувват сусаяди. Шунинг ҳисобига беморда юқоридаги айтиб ўтилган асаб билан боғлиқ шикоятлар авжига чиқади.

Яна ўқинг:  Қайси витамин ичак микрофлораси бузилганда ас қотади?

Простатитнинг ўткир ҳолати кузатилганда беморлар дарҳол шифокорларга мурожаат этса, лекин сурункали касаллик билан оғриган беморлар кўпинча ўз ҳолича уй шароитида даволанишни маъқул кўришади. Сурункали простатит қўзиши қайта-қайта кузатилганда простата безидаги яллиғланиш жараёнлари кучаяди. Шунинг ҳисобига бу касалликнинг асоратлари келиб чиқади. Кўпинча бу асоратларга уруғ пуфагининг яллиғланиши (везикулит), мояк ва унинг ортиғини яллиғланиши (орхоэпидидимит) билан намоён бўлади. Натижада ўз вақтида даволанмаган простатит жинсий ожизлик ва эркаклик бепуштлигига сабаб бўлади.

Баҳодир РАҲМАТУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари номзоди,

“Андрология” тиббиёт маркази шифокор-урологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: