КУТИЛМАГАН КУНДА КУТИЛГАН “МЕҲМОН”

тез тиббий ёрдам шифокори ҳаётига чизгилар

Тонг саҳардан остона ҳатлаб кўчага одимлар эканмиз, бобо-бувимиз “Бугунги кунинг хайрли ўтсин, бошланган иш кунинг унумли бўлсин”, дея эзгу тилак билдиришади. Дарҳақиқат, янги кун билан дийдорлашиш бахтига эришган ҳар бир инсон қалбини шукроналик туйғуси эгаллайди. Бугунги кунига катта умид боғлайди. Зеро, ушбу кун – кеча улгуролмаган ишларни бажаришга берилган яна бир имконият, қўйингки, эртанги кун учун қўйилган қадам ҳамдир.

Тошкент вилояти, Зангиота туман тез тиббий ёрдамининг Кўктерак шахобчасида меҳнат қилиб келаётган қўли енгил шифокор Муҳаббат опа Исломованинг ўтказган ҳар бир куни ўзидан мазмунли, ибратли дастхат қолдиради. Эҳтимол, бу касб тақозосидандир. Аммо меҳнаткаш, чаққон, зийрак бу шифокор ўтмишининг ёди билан эмас, аксинча, бугунги кун истиқболи билан яшайди.

Оилавий ишларини жой-жойига қўйган шифокор аёл бугун ҳам одатдаги касб фаолиятини, янги кечинма, ҳаяжон, масъулият ва бироз ҳадик билан бошлайди. Тиббиёт соҳасида ишлаётганига ўттиз йилдан ортиқ вақт бўлган бўлса ҳам ҳар сафар ана шундай кечинмалар билан ишга отланади. Зеро, ўртада инсон тақдири бор. Аммо аёл билим ва тажрибасига таяниб бунга тезда барҳам беради.

Ишга келиб нафас ростламасиданоқ, Муҳаббат опа илк чақирувга йўл олади. Мурожаат – юқори қон босимли бемор. Керакли ускуналар, дори-дармонни оладию, кўп йилдан бери шу соҳада ҳайдовчилик қилиб келаётган Холмурод ака билан йўл сўраб белгиланган манзилга ошиқади… Манзил – қишлоқнинг чекка ҳудуди. Шошилиш зарур.

Бундай лаҳзалар олий ҳакамга айланади. Ана шунда шу икки инсоннинг тажрибаси яққол кўзга ташланади. Малакали ҳайдовчи ва шифокорнинг. Гоҳ равон, гоҳ баланд-паст йўллардан машина силкина-силкина одимлайди. Орадаги ёлғиз сукунат икки кишининг қалбидаги беҳаловатликка гувоҳ… “Беморнинг умумий аҳволи қандай экан?”, “Кечикмасмиканмиз”, “Улгуриш керак”, деган хаёл Муҳаббат опа ҳамда ҳайдовчининг кўнглида чарх уради. Бир кунлик меҳнат фаолиятида тажрибали шифокор камида 15 маротаба шошилинч чақирувга йўл олади. Ҳар бир беморга тезда тўғри ва аниқ ташхис қўйиб, унга керакли муолажа қилиш лозим…

Белгиланган мазилга етиб келган шифокор бемор – кекса отахонга зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатади. “Хайрият, хавф ортда қолди”, дея енгил тин олиб, тиббий муолажа билан биргаликда беморга ширин сўз “терапиясини” ҳам ўтказади. Тўғрида, ахир ширин сўз ва хушмуомалалик шифокорнинг яна бир “даво малҳами” эмасми!?…

Яна ўқинг:  Kelajakning yorqin ranglari

…Навбатдаги чақирув бўлгунга қадар ҳайдовчи ва шифокор марказга қайтишади. Муҳаббат опа атрофни кузатиб борар экан доимий қатнов йўли бўлса ҳам бир-бирига туташган, равон йўлларни кўриб кўнгли ёришади-да, “Барака топишсин, бу йўлларни қачон қуриб битказишган экан-а?! Жуда қулай бўлибди”, дея кўнглидан ўтказади. Аслида бу йўлларнинг қурилганига ҳам кўп бўлган. Эҳтимол, ҳар сафар шошилинч ҳолатда – кўнглига қил сиғмайдиган вазиятда ўтганлиги учун пайқамагандир.

Тез тиббий чақирувга ўз вақтида етиб келишда йўлларнинг аҳамияти беқиёс. “Кейинги йилларда қишлоғимизнинг асосий йўллари билан бир қаторда маҳалла кўчалари ҳам обод бўлиб бораяпти, янги кўприкларнинг қурилиши аҳолига кўпгина қулайликлар яратяпти”. Муҳаббат опа шу ҳақда ўйлар экан, бир умр ёдида қолган бир воқеа кўз ўнгида гавдаланди…

…Ўшанда қўни-қўшниларнинг чақируви билан юрак хуружини бошидан ўтказган ёлғиз кекса отахоннинг хонадонига етиб келганди. Бемор зудлик билан тез тиббий ёрдам машинасига олиб ўтилди. Энди шифохонага улгуриш керак. Ҳайдовчи автоуловни шифохона томон ҳайдайди. Шифокор аёл зийраклигини йўқотмаган ҳолда вазиятни қўлга олиб, беморга барча зарурий биринчи тиббий даво чораларини кўради. Аммо отахоннинг аҳволи ҳали яхши томонга ўзгарганича йўқ. Кутилмаганда асосий йўлни поезднинг носозлиги туфайли тўсиб қўйганлигига дуч келишди. Яқин атрофда ўзга йўл йўқ. Отахоннинг нафас олиши борган сари қийинлашар, ранги ҳам аста кўкариб борарди. Шунда шифокор жон ҳолатда ҳайдовчига юзланиб – Ҳеч иложи йўқми? – дея бақиради.

– Учиб ўтмайманку, биргина айланма йўл бор, холос!

– Неча дақиқалик!?

– Чамаси 15-20.

– Ҳайданг!!!

Машина тез тиббий ёрдам марказига етиб келиб тўхтаганида Муҳаббат опанинг хаёли ҳар томонга тарқалиб кетди.

“Ана шу 15 дақиқа, 15 йилга айланиб кетгандек бўлди гўё, шукр, ўшанда отахонни вақтида реанимация бўлимига етказиб келган эканмиз, эртасига аҳволи яхши томонга ўзгарди”, шуларни ўйларкан, шифокор мамнун жилмаяди.

***

Диспетчер хонасида яна қўнғироқ чалинди. Навбатчи гўшакни кўтариб чақирувни қабул қилди. Чамадонини қўйишга улгурмаган Муҳаббат опага юзланди.

– Шошилинг, манзил: Бахт кўчаси, 15-уй.

Етиб борилган манзилда – чақирувда айтилган исм-шарифли бемор йўқ. “Қўнғироқда нотўғри эшитилдимикин”, деб ўйлади Муҳаббат опа. Маълум бўлишича, бир номдаги кўчада бир хил рақамли икки хонадон бор экан.

“Баъзан кўча номларини қайта-қайта ўзгартириш, беморларнинг ўз манзилини аниқ билмаслик ҳам тез тиббий ёрдам ходимларига манзилни топиб боришига қийинчилик туғдиради”, шу хаёллар билан хонадонга кириб борди. Чамаси 30 ёшдан ошган эркак юрак санчиғи билан шикоят қил­япти. Бироз совуқ қотиш бор, аммо иситма аломати кузатилмаяпти. Қон босими аста тушиб бораяпти. Шифокор беморни текширувдан ўтказиш баробарида хонадонга разм солди. Стол устида идишда очилган консерва маҳсулоти.

Яна ўқинг:  Qatralar (2015–44)

– Нима едингиз? – сўради Муҳаббат опа.

– Бугун тузукроқ ҳеч нима, кеча қўшним берган помидор икрасини егандим, холос.

Бемор сўзларини тинглаган шифокорнинг бирдан миясида ўт чақнади, “Ҳа, ботулизм”, дея хаёлидан ўтказди-да, аммо беморга билдирмади.

– Яна ким еди?

– Беш яшар жияним.

– У ҳозир қани?

Беморнинг аёли: – Тонг саҳарда шифохонага олиб кетишганди, – дея суҳбатга қўшилди.

– Қандай ташхис билан?

– Заҳарланиш, деди шекилли!

– Бошқа гап айтмадими?

– Шифокорга учрашинг, дегандай қилди.

Муҳаббат опа бирданига қаттиқ жазавага тушдию, юрагидан бор овози билан “Шу қадар ўз саломатлигига бепарво бўладими, инсон?! Ахир, кун пешиндан оғдику”, дея бақиргиси келди-ю, ўзини босди. Кўнглида пўртана кучи ғалаён қилсада, ўзини хотиржам кўрсатишга уринди…

…Кун давомида шифокор аёл нав­батма-навбат чақирувларга йўл олар экан, турли ўй-хаёллар, мушоҳадалар билан банд бўлади.

“Тиббий маданиятни ошириш, тиббий билимни юксалтириш шунчаки гап эмас, – дейди у ўзича – бунга инсон ҳаёти, тақдири ва бахти тикилган. Баъзан маҳалла-кўй, гузарларда тиббий мавзуда суҳбатлар ташкил этилса, аҳолининг камчилик қисми иштирок этади. Ваҳоланки, бундай суҳбатларнинг давраси кенг бўлмоғи лозим. Биргина ёш оналар ҳаётида тез-тез рўй берадиган – боланинг нафас йўлига ёт жисм тиқилиб қолиш (асфиксия) ҳолатида қандай кўмак беришни билмай тез тиббий ёрдамни чақиришади. Афсуски, манзилга боргунга қадар кўп ҳолларда жуда кеч бўлади. Баъзан аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг етарлича шаклланмаганлиги бу ўз ҳаёти ва бебаҳо умрига шу қадар бепарволигидан бўлак ҳеч нарса эмас”, дея баҳолайди у. “Мана шундай бепарволик натижасида беш яшар, ҳали ҳаётни тушунмайдиган бир гўдак жабрини тортяпти”, аёл хаёлида чарх уриб айланган ўйлар, адоғи йўқ саволлар қуршовида қоларкан чуқур хўрсиниб, – Ҳозир унинг аҳволи қандай экан-а?” деб қўйди. Яна тонгги “бепарвогина” хонадонга сим қоқди. Гўшакнинг нариги тарафидан аёлнинг йиғи овози эшитилди. – Муҳаббат опанинг бирдан ранги оқариб кетди. Аранг деворга суяниб олдида бир сўз айтмай гўшакни оҳиста қўйди. “Афсус”…

Ана шундай нохушликлар оила аъзоларини бир ғамга солса, ҳақиқий шифокорлар минг бир азоб чекишади. Унга баъзан ихтиёрида бўлмаган масъулиятни оқлолмаганидан виждони қийналади. Бундан эса фақат тўғри хулоса чиқариш лозим.

Яна ўқинг:  Ички туризм: ҳам саёҳат, ҳам зиёрат

Бир чақирувдан сўнг навбатдагиси, сўнг яна ва яна… ҳар жойда дард чеккан бемор шифо топиш илинжида шифокорларнинг йўлига интизор. Шундай пайтлар бўладики, ҳатто, ул-бул тамадди қилиб олишга ҳам вақт бўлмайди. Тўғрироғи бу мавзу унутилади. Ҳар галги навбатчилик куни шундай ҳаяжонли, жиддий, таҳликали жараёнларга бой бўлади. Навбатчилик куни қандай ўтмасин, ўз касбига меҳр қўйган аёл ҳеч қачон бундан нолимайди. Ҳар сафар янги иштиёқ ва тараддуд билан меҳнат фаолиятини бошлайди. Касбига садоқати туфайли фарзандларини ҳам ана шу соҳага ундаган. Опанинг катта қизи Муножотхон ҳам онаси каби тез тиббий бўлимда фаолият олиб боради. Ўғли Жаҳонгир ва Мунирахоннинг касби ҳам тиббиёт соҳаси билан боғлиқ. Шу касб орқали Муҳаббат опа турмуш ўртоғи Зоҳид ака билан танишган. Икки умр йўллари туташ келди. Зоҳид ака Халилов ҳам тез тиббий бўлимда ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида меҳнат қилади. У ҳам аёли каби тажрибали мутахассис.

Касбидан мамнун ва бироз чарчоқ билан аёл хонадонига қайтди. Бутун оила бир дастурхон атрофида жам бўлишди. Ўз бахтидан масрур аёл суҳбат давомида орттирилган тажриба, соҳада йўл қўйилган кичик хато ва камчиликлар, эришган ютуқлар ва муваффақиятлари ва энг асосийси бугунги кун ҳикмати борасида тўлиб тошиб оила аъзоларига айтиб берди. Ҳамкасби, маслаҳатгўйи, турмуш ўртоғи Зоҳид ака билан биргаликда бу мавзуда ҳар сафар соатлаб суҳбат қуришади. Зоҳид аканинг ҳам аёлига айтар сўзлари талайгина. Суҳбат бошқа мавзуда бошланса ҳам бора-бора касбий фаолиятга бориб тақалаверади. Зеро, бу икки инсон тиббиёт соҳасининг энг масъулиятли бўлимида ишлашмайди, улар шу соҳада умргузаронлик қилишади.

Кеч тушди. Тун тим қора зулфини борлиққа ёйди. Муҳаббат опа бугун ўтказган кунини сарҳисоб қилар экан, мамнун жилмайиб қўйди. Бу шунчаки табассум эмас, бу тақдирнинг унга битилган қисматидан миннатдорлик изҳори, юрак розлари эди.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: