Бадиий гимнастика юксалиш йўлида

Бадиий гимнастика – спортнинг нафис тури бўлиб, кейинги йилларда юртимизда у билан шуғулланувчи қизлар сони тобора ортиб бораётир. Буни гимнастaикачиларимизнинг халқаро мусобақалардаги иштироки, эришаётган улкан муваффақиятларида ҳам яққол кўриш мумкин.

Айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида бадиий гимнастикани ривожлантириш ва оммалаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Натижада барча вилоятларда мазкур спорт турини кенг тарғиб қилиш ва у билан шуғулланувчи қизлар сафини кенгайтириш сезиларли даражада яхшиланди. Спортчи қизларимиз бадиий гимнастика техникаси, сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, ўз тажриба ва маҳоратларини кун сайин ошириб бормоқдалар. Гимнастикачиларимизнинг эришаётган ютуқларидан, айниқса, ота-оналар беҳад мамнун бўлмоқда. Жумладан, Андижон вилоятидан Улуғнор гимнастика мактаби тарбияланувчиси Мадина Нуралиеванинг онаси Оқилахон Мараҳимова қизининг қўлга киритган ғалабаларидан фахрланиб шундай деди:

– Бугун мамлакатимизда болалар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида кўплаб спорт иншоотлари бунёд этилаётир. Ёшларимиз ҳам бунга жавобан спорт билан мунтазам шуғулланиб, халқаро майдонларда улкан ғалабаларни қўлга киритишмоқда.

Мадинани илк бор чиройли, замонавий гимнастика залига етаклаб борганимда, келажакда унинг моҳир гимнастикачи бўлиб етишишини орзу қилган эдим. Шукрки, қилган эзгу ниятларим амалга ошиб, бугун фарзандим спортда улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда.

Жорий йилда спортнинг бадиий гимнастика тури билан мунтазам шуғулланиб келаётган қизлар сони 35 минг 854 нафарга етди. Ваҳоланки, ушбу кўрсатгич 2003 йилда 1 минг 646 нафарни ташкил этган.

Спортга қаратилаётган бу каби эътибор сабаб кўплаб нуфузли спорт мусобақалари юртимизда ўтказилмоқда. Хабарингиз бор, жорий йилда пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон Кубоги бос­қичи мусобақалари ва «Happy Caravan» халқаро турнири бўлиб ўтди. Мазкур спорт анжумани Халқаро гимнастика федерацияси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилди. Мусобақада дунёнинг энг кучли гимнастикачилари билан бир қаторда юртимизнинг энг иқтидорли спортчилари ҳам ғолиблик учун баҳс олиб боришди. XVI ёзги Осиё ўйинларининг кумуш медали соҳибаси Ульяна Трофимова, жамоа беллашувларида кумуш медалларни қўлга киритган Жамила Раҳматова ва Замира Санақулова мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Бундан таш­қари, Жаҳон Кубогининг мазкур босқичи мусобақаларининг жамоавий баҳсларида Феруза Аминова, Луиза Ғаниева, Олга Кирякова, Зарина Қурбонова, Екатерина Сафронова ва Яйра Сержанова каби иқтидорли гимнастикачи қизларимиз ҳам иштирок этишди.

Яна ўқинг:  Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда

Мустақил Ўзбекистонни бугунги кунда ҳақли равишда спорт мамлакати деб аташ мумкин. Буни нуфузли халқаро турнирлар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ғалабалари ҳам тасдиқлайди.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир».

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: