Олам офтобидек мангусан

Тил – миллатнинг улкан бойлиги, бебаҳо мулки. У жамиятда яшайдиган кишилар ўртасидаги алоқа воситаси. Сўз эса инсоннинг даража ва камолини, илм ва фазилатини ўлчаб кўрсатадиган тарози, кишилик маданиятининг юксак ифодаси. Зеро, ҳар бир миллатнинг ўзлиги унинг тили ва адабиётида намоён бўлади. Тил умр бўйи ўрганилаётган фан, сайқал берган сари очилиб, яшнайдиган санъат дурдонасидир.

Ўқиш ва билимнинг асоси – тил. Инсонга яхшилик, эзгулик, ҳурмат-иззат тили орқали келади. Киши қадр-қимматини, обрў-эътиборини, меҳр-оқибатини тил туфайли топади. Агар тилга эътибор берилмаса, ноўрин қўлланса, одам бошининг ёрилиши ҳеч гап эмас. Зеро, бобокалон шоиримиз Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек:

Тил арслон каби ётар

қафасда,

Бехабар бошни у ер

нафасда…

Сўзингни тийиб юр, бошинг

ёрмасин,

Тилингни тийиб юр,

тишинг синмасин.

Азал-азалдан тил халқларни бир-бирига боғлайдиган, яқинлаштирадиган асосий восита бўлиб келган. У дилингиздаги бор яхшиликларни очиб берадиган калитдир. Тил халқнинг улуғ карвон йўли. Бу йўлдан халқнинг тарихи ўтади. Тили ривожланаётган элнинг руҳида яхшилик бўлади, у ўзлигидан узоқлашмайди. Миллий тил ҳар бир ватанпарвар кишининг суянган тоғи, ишонган боғидир. Тили эркин халқнинг эли ҳам эркиндир. Ватан ҳурлигини, мустақиллигини миллий тилисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан 1989 йил 19 октябрь куни ўта муҳим масала мамлакатимиздаги ўша давр Олий Кенгаши сессияси муҳокамасига қўйилди ва қарийиб 1, 5 асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили Давлат тили деб эълон қилинди. 1989 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.

Президентимиз шарофати билан халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди.

Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида” ги қонун қабул қилинди. Ана шундай кун, ана шундай байрам – тил байрами барчамизга муборак бўлсин. Тилда халқнинг руҳи акс этади. Сўз воситасида фикр, унинг ёрдамида эса инсоннинг мураккаб руҳий дунёси очиб берилади. Қалбдаги туғён тилда барқ уради. Уни она тилимизда баён этсангиз, дилингиз яйрайди.

“Тил билган – эл билади”, – дейди доно халқимиз. Бу мақол кўп тилни билган кишини ҳеч қаерда хор бўлмаслиги, ҳар қандай чигал масаланинг тўғри ечимини топа олиш ҳақида айтилган. Шу боис Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида чет тилларни ўрганишга жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  ОҚИЛОНА ОВҚАТЛАНИШ – УЗОҚ УМР ГАРОВИ

Бу эса ўз навбатида юртимиз чет тили ўқитувчилари учун шараф ва юксак масъулият юклайди. Шулар қатори мен ҳам чет тили, яъни француз тили ўқитувчиси бўлганимдан фахрланаман. Қарийиб 40 йил мобайнида ёшларга француз тилидан сабоқ бердим. Уларни ўз она тилларини бойитишига қўшган ҳиссамдан хурсандман.

Бугунги ёшлар Президентимизнинг шундай ғамхўрлик­ларига жавоб тариқасида чет тилларини ўрганиб, мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган соғлом авлод вояга етаётганини намойиш қилишлари керак.

Тил орқали Ватанимизни жаҳонга танитиш ҳар бир келажак авлоднинг вазифасидир.

Абдурашид ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: