“ҚИРҚ ҚИЗ”

у ҳақида нималарни биласиз?

Чошгоҳ вақти. Борлиқ ҳам шомнинг оғушига ўз ихтиёрини топширгандек сукунатда. Алдамчи жимжитликка ишонмаган малика қирқ нафар канизаклари билан аста ортига ўгирилди. Ортда отасининг мағлубияти-ю, неча-неча қурбонлар… Аскарларининг Ватан учун тўккан қони уфққа туташиб кетгандек само қирмиз тус олган. Душман малика ортидан изма-из таъқиб этар экан сўнгги илинжининг шовуллаши унинг кўнглига умид шулъасини ёқарди. Сўнгги илинж – қаршисидаги асов дарё. Ор-номус қадри, эрк ва жасорат туйғуси малика ва унинг канизаклари томирида шу дарёдан ҳам кучлироқ, шиддатлироқ жўш урардики, бу куч уларга бир сония ҳам ўйлашга изн бермади. Лаҳза ўтмай юракдаги куч ва шиддат асов дарё билан қоришиб кетди…

Тошкент вилояти, Олмалиқ туманидаги “Қирққиз” зиёратгоҳи тарихи ана шу ривоят билан боғланади. Ҳозир бу ерда дарёнинг қуриши натижасида ҳосил бўлган қирқта ирмоқ мавжуд. Айтишларича, улар қирқта қизнинг кўз ёшлари эмиш. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, чошгоҳ вақтида зиёратгоҳ атрофида қирққизнинг аламли йиғиси элас-элас эшитилиб турармиш.

Қирққиз ривояти номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар Фарғона вилоятининг Сўх, Фарғона, Бешариқ, Охунбобоев, Олтиариқ туманларида, шунингдек, Корақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилоятида ҳам мавжуд. Қадимшунос Л.Толстовнинг таъкидлашича, “Қирқ қиз” номи билан боғлиқ ривоятлар ва халқ достонларининг илдизлари милоддан аввалги асрларда яшаган сак-массагетларидаги ривоятлар билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ўша даврларда қабилаларда жангчи қизлар бўлинмаларининг борлиги Юнон ва Рим тарихчилари томонидан ҳам тилга олинган. Бу аёлларнинг жасорати, шижоати, ҳарбий соҳадаги маҳорати эл оғзига тушиб, кейинчалик улар тўғрисида турли ривоят ва достонлар юзага келади. Шу тариқа жой номлари ҳам пайдо бўлган. Элшунос О.Муродовнинг ёзишича, Ўрта Осиё халқларида қадимдан “Қирқ қизлар”га илтижо қилиб, мадад сўраш одати ҳам мавжуд. Кейинчалик бу одат фолбин аёлларда сақланиб қолган.

“Қирқ қиз” ёки форсча “Чилдухторон” номли жойлар Ўрта Осиёда ҳам кўплаб учрайди. Айтиш жоиз, қирқ рақамини эъзозлаш туркий халқларда қадим замонлардан бошланганини деярли барча олимлар тасдиқлашади.

Афсона ва ривоятларда эл-юрт, ватан ҳимоячиси ёки душман таъқибидан сирли йўсинда ғойиб бўлган қирқ нафар соҳибжамол, гўзал қизлар образининг юзага келишида, қирқ сонининг сеҳрли рақам сифатидаги талқинлари ҳам муҳим ўрин тутган. Маълумки, қирқ рақами қадим замонларда саноқнинг охири вазифасини бажарган ва бўлиқлик, тўлиқлик, буюклик, илоҳий қудрат тимсоли маъноларини англатган. Қирқ рақами матриархат даврида ҳам кўплик тушунчасининг мифологик ифодаси вазифасини бажарган.

Яна ўқинг:  АВВАЛО, КЎНГИЛ ОБОД БЎЛСИН

Қирқиз номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар билан яқиндан танишар экансиз, юртимизда шунга ўхшаш кўплаб муқаддас қадамжолар, афсоналар мавжудлигига гувоҳ бўласиз. Тарихни ўрганиш асносида рақамлар ва афсоналарга эътибор бериш эмас, ундаги афсона ва ривоятларнинг замиридаги ибратли томонларни ўрганиш, унинг тарбиявий аҳамиятини англашдан иборатдир. Муқаддас зиёратгоҳларга меҳр ва ихлос қўйиш баробарида Ватанга, юрт тарихига ҳурмат ва эҳтиром туйғулари янада мустаҳкамланади.

Акбар БОБОБЕКОВ,

ЎзМУ “Археология ва этнология” кафедраси доценти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: