МАҚСАД – ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИКНИ САҚЛАШ

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида давлатимиз ўзининг замонавий, давр талабига тўла жавоб берадиган миллий армиясига эга бўлди. Бугун мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун эзгу орзу, том маънодаги шон-шараф ишига айланди.

Фахру ифтихор манбаи бўлган миллий армиямиз янгича шакл ва мазмун касб этиб бораётганлигини Шарқий ҳарбий округнинг Наманган шаҳрида жойлашган ҳарбий қисми мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ихчам, ҳаракатчан ва кучли салоҳиятга эга миллий армияни шакллантириш ва унинг моддий-техника базасини давр талаби асосида мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг жанговар, интеллектуал тайёргарлигини юксалтиришга қаратилаётган катта эътибор соҳамизда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг асосий омили бўлмоқда, — дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари майор Нуриддин Мирзаев. — Бу нафақат ҳарбий қисмларнинг бугунги жанговар ҳолати, балки ёшлар ўртасида ҳарбий хизматчи бўлишга қизиқиш тобора кучайиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Маънавият хонаси, мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона ва барча шарт-шароитларга эга спорт залида ўз билим ва маҳоратини ошираётган аскарлар муддатли ҳарбий хизматни айнан шу қисмда ўтаётганидан мамнун.

– Мен Самарқандда туғилиб ўсганман, – дейди Шуҳрат Раҳматов. – Муддатли ҳарбий хизматни Андижонда ўтаб, шартнома асосида ҳарбий хизматни мазкур қисмда давом эттираётганимдан жуда хурсандман. Чунки, бу ерда етук ҳарбий хизматчи бўлиб шаклланиш учун барча шароит бор. Мақсадим олий ҳарбий билим юртида ўқиб, профессионал Ватан ҳимоячиси бўлиб етишиш.

Қисм шахсий таркибининг ҳарбий билим ва малакасини ошириш учун замонавий қурол-аслаҳалар, анжомлар, жиҳозлар билан тўла таъминланган. Жумладан, фотоэлектронтренажёр аскарларда мураккаб шароитларда автомат ва пистолетдан нишонга уриш бўйича психологик кўникмалар ҳосил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, бу ерда Наманган муҳандислик-технология, Наманган муҳандислик-педагогика институтларининг профессор-ўқитувчилари томонидан келгусида олий ўқув юртларига кириш ниятида бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар имтиҳонларга тайёрлаш дастури бўйича ўқитилмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига шарт-шароитлар яратиб бериш, уларнинг бу борадаги имтиёзлардан унумли фойдаланишига кўмаклашиш ҳам ҳарбий қисм раҳбариятининг доимий диққат эътиборида. Ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғини ишга, бошқа вилоятлардан келган офицерларнинг фарзандларини мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш масаласида доимий равишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Муддатли ҳарбий хизматни ҳар жиҳатдан намунали ўтаган аскарлардан йигирма бир нафарига турли олий ўқув юртларига кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилди.

Яна ўқинг:  МУШТАРАК МАҚСАДЛИ ТАКЛИФЛАР

Бундай юксак эътибор ва кенг имкониятларга жавобан аскарлар мустақил юртимиз ва унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, халқимиз тинчлик-осойишталигини сақлаш, она Ватанимизнинг равнақи ва ёруғ келажаги йўлида садоқат билан хизмат қилмоқдалар.

А. САТТОРОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: