ҚУТЛУҒ АЙЁМ ҚУВОНЧЛАРИ

Ҳайит арафасида дарвозамиз беозоргина тақиллади. Қўшнимиз Назира келинойи экан.

– Тандирда нон, сомса ёпган эдим. Турсуной холани кўриб келайлик. Мен ёпган нонларни яхши кўрарди, – деди келинойи мулойимлик билан. Қувониб кетдим. Чунки, мен ҳам шу ниятда холага ҳайитлик тайёрлаб қўйган эдим-да. Турсуной хола узоқ йиллар жамоа хўжалигида ишлаган, қўли ширин ошпаз бўлган. Тўқсон ёшни қоралаётган онахонимизнинг яқиндан буён кўзлари хира тортиб, уйда ўтириб қолган. Ўғил-қизлар, келин-набиралар атрофида парвона. Ташрифимиз холани қувонтириб юборди.

– Ҳайит баҳона суҳбатингизни олайлик, – дедик хола билан қучоқлашиб кўришар эканмиз.

– Синглим унда маҳалламизда ҳар кун Ҳайит экан-да, – жилмайди хола. Кунда-кунора қайсидир қўшним йўқлаб келади. Кўнглим тоғдек кўтарилади. Ўзим қозон-қозон овқат пиширган дала шийпонини, ҳосилдан ларзон-ларзон эгилган боғларни кўргандай бўламан. Соғинч тафтим босилади. Шундай меҳр-оқибатли халқнинг боласи эканлигимдан суюниб, Яратганга шукроналар айтаман. Болаларимга ўзимнинг, чолимнинг тенгқурларини, бир кўрпани тепалашиб ўсган дугоналаримни кўриб келинглар, мендан салом айтинглар, деб тайинлайман. Одам кексайганида кўпроқ ширин нонни эмас, ширин сўзнинг шайдоси бўлиб қолар экан. Барака топинглар, менинг ёшимга кириб юринглар. Назирахон, хўп замонлар бўлди-да. Бизнинг давримизда Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайитини бутун мамлакатда бирдай байрам қилиш у ёқда турсин, масжидга чиқиш ҳам таъқиқланган эди.

– Тўғри айтасиз, холажон. Отам раҳматлик ҳам ибодат маҳали дарвозани ичидан қулфлаб қўярди. Бугун юртимизда Рамазон-у, Қурбон ҳайитининг умумхалқ байрамига айланганини, кишиларимиз Ҳайит намозларини Хасти Имом, Минор каби ҳашаматли, миллий услуб­ларда қурилган масжидларда эмин-эркин жамоат бўлиб ўқиётганини кўрган оталаримизнинг руҳлари самоларда шод парвоз қилаётган бўлса ажабмас, – деди Назира келинойи кўзига ёш олиб. – Хабарингиз борми-йўқми бу йил кенжа ўғлим Ислом университетига ўқишга кирди. “Динимиз ҳақида чуқурроқ билимга эга бўлсам, уни нотўғри талқин қилаётган оқимларга қарши кураша оламан, тенгдошларимга Ислом динининг асл моҳиятини тушунтириб, уларни ғоявий бузуқ оқимлардан асраб қоламан” дейди болагинам.

– Илоҳим, болангиз ниятига етсин. Э, синглим, одамзот учун энг катта бойлик – бу тинчлик. Юрт тинч бўлса, турмуш ўртоғингизни ишга, ўғил-қизингизни ўқишга, набираларингизни боғчага хотиржам кузатасиз. Уларни бағрингизга соғ-саломат қайтишига ишонасиз. Мен эрталабдан кечгача “Маҳалла” радиосини эшитиб ўтираман. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларини тинглаб, Аллоҳга ҳамд айтаман, юртимизда тинчлик-­осойишталикни таъминлаб берган хукуматимизга, Юртбошимизга Яратгандан узоқ умр тилайман. Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан асрашини илтижо қиламан. Баъзи давлатларда юз бераётган хунрезликлардан, тало-тўплардан ваҳимага тушаман. Қаранг, юртимиз қандай тинч, юрт тинч бўлса одамларнинг юрагига байрам шодиёналари сиғади.

Яна ўқинг:  Аллергияга қарши дори ишлаб чиқарилди

Биз Турсуной хола билан хайрлашиб кўчага чиққанимизда бир гуруҳ маҳалладошларимизга дуч келдик. Ҳашардан қайтишаётган экан.

– Авваллари қабристонга боришдан қўрқардим. Жуда ваҳимали кўринарди, – деди Назира келинойининг ўғли Воҳиджон. – Хозир қабристон бирам обод. Анвойи гуллар экилган, соя­-салқин дарахтлар жуда чиройли қилиб тарошланган, бу ерда қанчадан-қанча ҳамқишлоқларим, биз учун қадрли бўлган инсонлар мангу ором топганларини билдим. Энди қабристонга тез-тез келиб ободончилик ишларида қатнашиб тураман. Бу ерда Қорақош ота исмли авлиёнинг ҳам қабри бор экан. Авлиёси бор қишлоқ Аллоҳ наздида ҳам азиз бўлар экан, масжид имоми айтди, – Воҳиджон ғурурланди. Мен эса қадриятларимиз қадрланаётган юртимиз ёшлари қалбида Ватанимизга, урф-одатларимизга меҳр уйғотаётган қутлуғ айёмдан тўлқинландим. Ободлик кўнгилдан бошланади. Воҳиджон бугун нафақат қабристонни, ўз кўнглини ҳам обод қила олганини, бу эса, юрт ободлигига ҳисса қўшишдек юксак мақсадга кўприк бўлганига гувоҳ бўлдим. Қайтаётиб яна бир саховатдан воқиф бўлдик. Ҳаж зиёратига йўл олган бир тадбиркоримиз маҳалла оқсоқолига яқинда оила бошлиғидан айрилган Озода холанинг ҳамда кўп болали Қобил аканинг хонадонларига оғилхонасидаги иккита соғин сигирни арафа куни олиб бориб беришдек “кичкина юмуш”ни топшириб кетган экан. Энди бу оилаларнинг болалари мазза қилиб сут-қатиқ ичишади. Рўзғорнинг бир томони бут бўлади. Бундан ортиқ савоб борми, дунёда. “Яхшилик қил, дарёга ташла – балиқ билади, балиқ билмаса, Холиқ билади”, – дейди халқимиз. Ўзини танитишни истамаган саховатли дўстимизнинг ҳажлари қабул бўлсин, давлатини Аллоҳ зиёда қилсин, – деб дуо қилдик.

– Энди хурсандмисиз, – сўрадим оқсоқол Мўмин акадан.

– Албатта-да, лекин бу ҳаммаси эмас. Одамлар бойиса, халқ бойийди, юрт бойийди, дегани рост экан. Халқимиз маънавиятли, саҳий халқ. Қаранг, қўшни туманлик бир тадбиркор укамиз ҳайитлик қилиб, маҳалламизга каттакон юк машинасида ўн беш қоп ун, ўн беш қоп шакар, ўн беш қути сариёғ, эллик килограмм пахта ёғи бериб юборибди. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан бу рўйхатга аввалига маҳалламиздаги кексаларни киритдик, ногиронлар, кам таъминланган оилаларга ҳам ҳайитлик тарқатамиз. Маҳалла фаоли сифатида бу ишда Сиз ҳам бизга қарашиб юборинг, – деди у. Мен шу ерда ҳамроҳим Назира келинойи билан хайрлашиб, оқсоқол билан маҳалла қўмитаси томон йўл олдим.

Яна ўқинг:  Чиқинди қутиларидаги смартфонлар: нега электрон чиқиндилар кун сайин кўпайиб бормоқда?

Мустақиллик туфайли қайта тикланган Қурбон Ҳайити айёми ҳам юртдош­ларимиз орасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, миллий, диний қадриятларимизни чуқурроқ англашга хизмат қилаётганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Биласизми, мени яна нима хурсанд қилаяпти, одамларимизнинг Ҳайит хақидаги, хайр-саховат ҳақидаги тушунчалари ҳам ўзгарди. Энди аввалгидек, вафот этганлар хонадонида ортиқча маъракалар, йиғи-сиғилар бўлмаяпти. Улар марҳумларни хотирлаш, руҳини шод қилиш учун атаган маблағларини масжид, мактабларни таъмирлашга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказишга сарфлаяпти, – деди Мўмин ака.

Ҳа, оқсоқол ҳақ. Кишиларимизнинг диний билимлари ошганлиги боис, меҳр-мурувват, олижаноблик ва бағрикенглик ҳислатларини ўзида мужассам этган муқаддас динимиз халқимизни аҳилликка, ҳамжиҳатликка ундайди. Юртдошларимиз дилларни дилларга боғловчи, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатларни янада жўш урдирувчи қутлуғ Қурбон Ҳайити куни нафақат қишлоқ ва овулларни, балки, қариндош-уруғ, дўст-биродар, ошна-оғайни, қўни-қўшнилари кўнглини ҳам обод қиладилар. Бир-бирларини совға-салом билан сийлайдилар, ширин лутф, яхши тилаклар билдирадилар. Мен бугун икки ёки уч қўшнимни Ҳайит чойи билан сийласам, эртага фарзандларим ўнлаб оилаларни ҳайитлик билан қувонтиради. Бу қадрият, бу урф-одат инсон ҳуқуқлари кафолатланган, инсонийлик, диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурган менинг Ўзбекистонимда, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний ворислари томонидан абадий давом этади. Барчамизга саховатли куз айёмида нишонлаётганимиз – улуғ айёмларимиздан бири Қурбон Ҳайити муборак бўлсин!

Муҳаббат Ҳамидова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: