ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ
16-sentabr – Xalqaro ozon qatlamini muhofaza qilish kuni
Ер сайёрасида ҳаётнинг бардавомлиги бундан тахминан 620 миллион йил олдин вужудга келган озон қатлами сабабли таъминлаб келинаяпти. У заминимиздаги жамики тирик организмларни қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурлари таъсиридан асровчи мустаҳкам қалқондир. Маълумотларга қараганда, озон пардаси ерга тушаётган нурли радиациянинг қарийб 99 фоизини тутиб қолиб, сайёрамизда муайян даражада қулай ҳароратни сақлаб туради. Аммо…
Озоннинг емирилиши
Афсуски, ХХ аср ўрталаридан бошлаб озон ҳимоя қатламининг емирилиши оқибатида туйнуклар ҳосил бўлди, бу эса айни пайтда атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Маълумотларга қараганда, емирилаётган озон қатламининг энг катта туйнуклари Ер сайёрасининг жанубий ва шимолий қутбларида қайд этилган. Бундай туйнук 1957 йилда Халли қўлтиғи, 1985 йилда Антарктида, 1992 йилда эса Арктикада ҳосил бўлгани аниқланган.
Хўш, озон қатлами нега емирилаяпти?
Мутахассисларнинг фикрига таянадиган бўлсак, бугунги кунда озон қатлами глобал экологик муаммога айланишига асосий айбдор инсон омили экан. Аслида, озон вулқон отилиши жараёнида ҳосил бўладиган, таркибида олтингугурт бирикмалари мавжуд газлар таъсирида ҳам парчаланади. Бироқ, ўтган асрнинг 50-йилларидан сўнг ҳавога сунъий органик хлор бирикмаларининг ҳаддан зиёд кўп чиқарилиши озон қатлами парчаланишини тезлаштириб юборди. Айниқса, музлаткичларнинг жадал равишда ишлаб чиқарилиши ушбу муаммонинг юзага келишига катта “ҳисса” қўшган. Чунки, музлаткич ишлаб чиқарилишида фойдаланиладиган моддалар озон билан реакцияга киришиб, уни емиради. Бу каби салбий вазиятлар натижасида озон қатлами юпқалашиб, унинг қуёшнинг ультрабинафша нурларини қайтариш қобилияти камайишига сабабчи бўлмоқда.
– Дунё иқлимининг ўзгариб бораётгани, турли хил касалликлар вужудга келаётгани ҳам озон қатлами емирилиши билан боғлиқ, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг атроф-муҳит ҳимояси ва экология кафедраси мудири Тўлқин Раҳимов. – Қуёшнинг ультрабинафша нурлари организмнинг биологик ва физиологик хусусиятини ўзгартирибгина қолмай, уни йўқ қилиш хусусиятига эга. Шу боис, ушбу қатламнинг юпқалашишини тезлатадиган зарарли моддалар эвазига ишлаб чиқарилган эски совитиш тизимларидан воз кечиб, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган экологик хавфсиз, замонавий совитиш тизимларидан кўпроқ фойдаланиш керак. Бу билан ўз келажагимизни, саломатлигимизни асрашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Инсоният эришган катта ютуқлардан бири – космик кемаларнинг самога парвози жараёнида ҳам коинотга юзлаб тонна зарарли кимёвий моддалар тарқалади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бир космик ракетанинг парвози давомида ўн минг тоннага яқин озон парчаланар экан…
Қатлам яна тикланаяпти
Халқаро ташкилотлар томонидан озон қатламини муҳофаза қилиш мақсадида 1985 йилда озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжат – Вена конвенцияси ҳамда 1987 йил 16 сентябрда озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи ишлаб чиқилганди. Мазкур ҳужжатларда озон қатламини бузадиган кимёвий моддаларнинг рўйхати тузилиб, улардан фойдаланиш бўйича маълум чекловлар белгиланди.
Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимиз Монреаль протоколи тарафдори ҳисобланади, шунингдек, “Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига киритилган тузатишни (Пекин, 1999 йил 3 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, бундан ташқари, она табиатни ҳимоя қилишга йўналтирилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
2005 йилнинг 11 ноябрида эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда озон қатламини емирувчи моддаларнинг 99, 9 фоизи муомаладан чиқарилди.
Жаҳон бўйлаб озон қатламини тиклаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётгани қувонарли. БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури ва Бутунжаҳон метеорология ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган таҳлилларга кўра, озон қатламининг тикланиш жараёни тезлашган ва асримиз ўрталарида мавжуд озон туйнуклари тўлиқ қопланиши кутилмоқда.
Азизбек Норов