БИОЛОГИК СОАТ ХОСИЯТИ

Маълумки, инсонлар бир-биридан нафақат ташқи кўриниши ва дунёқараши, балки билим ҳамда тафаккури, шунинг­дек, яшаш тарзи, ҳаракатчанлиги билан ҳам тубдан фарқ қилади. Кимдир жуда жўшқин, серҳаракат ва чаққон бўлса, яна кимдир оғир-босиқ, баъзан “тепса-тебранмас”дир. Одамнинг феъл-атвори унинг мижозига ҳамда асаб тизимига боғлиқ. Чунки, инсонда буюк қомусий олим, бобокалонимиз Абу Али ибн Сино айтганидек тўрт хил мижоз бор. Инсон саломатлиги унинг организмидаги ана шу тўрт хил унсур-суюқлик қон(ҳаво), сафро(олов), савдо(ер) ва балғам(сув)нинг мутаносиблигига боғлиқ.

Қачонки одам организмида бу мувозанат бузилса, танада бирор хил касаллик ривожланади. Замонавий тиббий тил билан айтганда одамлар меланхолик, сангвиник, флегматик ва холерик типига бўлинади. Шунингдек, инсоннинг феъл-атвори ва яшаш тарзига унинг ички биологик соати ҳам таъсир этади. Британиялик руҳшунос-олим Ганс Юрген Айзенк фикрига кўра ҳар бир инсоннинг феъл-атворида ана шу асосий кўрсаткичлар муҳим ўрин тутади. Шахснинг ички оламини бойитишга интилиши ва унинг ташқи дунёга бўлган муносабати қай даражада шакллангани ҳамда унинг руҳиятида ҳис-ҳажонларга берилиши, хавотир, асабийлик ёки хотиржамлик ҳам эътиборга олинади. Ушбу жиҳатлар ҳар бир инсоннинг касб-кор танлашига қай даражада масъулият билан ёндашувида муҳим аҳамиятга эга.

Биологик соат – бу одам организмининг ўзига хос ички (индивидуал) тизими. Ушбу тизим инсоннинг ҳаётий фаолияти ритмини белгилайди. Вужудимизда кечаётган жараёнлар: овқатланиш, ўсиш, насл қолдириш ва шу каби ҳолатлар нафақат атроф-муҳитнинг ижобий ва салбий таъсири, балки кеча ва кундуз доимо ҳаракат қилувчи осмон ёритқичлари бўлмиш ойу қуёш цикли (айланиши) ҳамда фасллар алмашинуви, шунингдек, бизнинг ички мувозанатимизни тартибга солувчи биологик соатимизга ҳам боғлиқ. Айнан ҳар бир ҳужайранинг биологик соати организмдаги ўша аъзога тааллуқли. Организмдаги шу аъзо орқали митти микроолам-ҳужайра ҳам бўйсунади. Танадаги барча органлар эса марказий асаб тизимига бўйсунади ва у томонидан бошқарилади. Марказий асаб тизими фаолияти ўз навбатида бош мияда жойлашган асосий биологик соат-эпифиз фаолияти билан уйғун. Бу кичкина без танадаги барча эндокрин тизимнинг гормонлар ишлаб чиқаришига масъул. Шундай қилиб инсон саломатлиги асосан унинг асаблари тинчлигига ҳам боғлиқ.

Одам руҳан хотиржам, қалби сокин бўлса, у ўз соғлиғини ҳам асрайди ва ўзгаларга ҳам зарар етказмайди. Эпифиз ер сайёраси ва коинотдаги бошқа ёритқичлар(ой ва қуёш цикли)даги энг кичик электромагнит ўзгаришларга ҳамда фасллар алмашинувига таъсирчан бўлади. Ҳар лаҳзада у атроф-муҳитдаги биологик импульсларни худди антенна каби тутиб олади. Кейин уларни генетик(ирсий) аппаратга узатади. Бу билан гўё эпифиз ўтган вақтни ҳисоблайди.

Яна ўқинг:  Буржингизга қараб қайси касалликка мойиллигингиз борлигини билиб олинг

Юқорида таъкидлаганимиздек одамлар мижозларига қараб турли феъл-атворга эга бўлганларидек, уларни бир кеча-кундузда иш фаоллигига қараб тонгги “тўрғай”, кундузги “кабутар” ва кечқурун (ёки тунда)да серҳаракат бўлувчи “бойқуш” каби маъжозий маънода хронотип (тур)ларга бўлиш мумкин. “Бойқушга ўхшаш тунда сергак одамларнинг кундузи ҳам дам олмасдан, тинимсиз уйқудан қолиб кечаси ишлашлари уларнинг соғлиқларига жиддий путур етказади. Яъни, уларда миокард инфаркти “тўрғай”ларга нисбатан кўп кузатилади. Чунки, бу турдаги одамлар тунги фаоллик ва уйқусизликдан кейин албатта кундузи тиниқиб дам олмасалар, уларнинг юрак қон томир тизими зўриқади. Тунда узоқ йўлга йўловчи ташувчи ҳайдовчиларнинг уйқусизлиги нафақат ўз ҳаётларини, балки уларнинг ҳамроҳлари ҳаётини ҳам хавф остида қолдиради.

Зеро, аэрофлот ҳамда транспорт ходимлари, темирйўлчилар ва давлатга қарашли автоулов эгалари хизмат тақозоси юзасидан доимо шифокорлар кўригидан ўтишга мажбурдирлар. Аммо шахсий автомобиль эгалари кўпроқ вақтдан қизғанишади ёки бошқа сабабларга кўра кечқурун олис йўлдан келган бўлсаларда яна эрталаб ўз кучларига ишониб узоқни кўзлаб йўлга отланишади. Германиялик олимлар автоулов ҳайдовчиларининг бошига махсус мосламани ўрнатиб, бош мия фаолиятини текшириб кўришибди. Шунда улар қизиқ фактга дуч келишган экан. Олис ва бир хил йўл ҳайдовчининг кўзини толиқтиради. Бу вақтда кўз очиқ бўлсада мия қисқа муддатга ухлаб қолар экан. Энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари ичкилик ичиб машина ҳайдашдан кейин мия ухлаб қолганида содир бўлиши кузатилган.

Шу сабабли корхона ва муассаса раҳбарлари ҳам ходимларга вазифаларни тақсимланганида уларнинг ички имкониятлари яъни, биологик соатлари созлигига эътибор қаратишларини истар эдик. Айниқса, тунда бажариладиган ишлар жадвалини тузганда бу каби омиллар диққат талаб этади.

Қуйида биз кун давомида инсоннинг биологик соати қай тарзда ишлашини қисқача кўриб чиқамиз:

Соат 6: 00 ва 7: 00–биологик соатингизда сизнинг фойдангизга ишловчи “дарича” очилади. Чунки, бу вақтда кўп маълумотларни узоқ вақт эсда сақлаб қолувчи хотира ишга тушади. Шу сабабли абитуриентлар ва талабалар имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари учун қулай давр. Барча ўқилган ва кўриб чиқилган маълумотлар мияда енгил ўзлаштирилади.

Соат 8: 00 ва 9: 00 оралиғида одамнинг биологик соатида мантиқан фикрлаш имконияти уйғонади. Ҳар қандай ижобий фаолият мия томонидан рағбатлантирилади.

Яна ўқинг:  Тутқаноқ хуружлари (эпилепсия) қандай касаллик?

Соат 11: 00 дан 12: 00 гача бўлган вақт давомида инсоннинг интеллектуал имкониятлари сусаяди. Бу вақтда одам бир оз чалғигиси келади. Ишлаш қийинроқ кечади. Озгина вақт давомида бир пиёла чой устида ҳамхонангиз билан суҳбатлашинг ёки бирор мусиқани паст овозда тинг­ланг. Организм­нинг ички қуввати тикланиши учун дам олинг.

Соат 12: 00 дан 13: 00 гача бўлган вақт тушлик учун қулай. Чунки, бу вақт оралиғида тановул қилинган овқат енгил ҳазм бўлади. Меъда етарли миқдорда шира ажратиб чиқаради.

Соат 14: 00 дан 19: 00 гача бўлган вақт давомида фаол меҳнат қилиш мумкин. Аммо кечгача миянгизни дам олдирмасдан ишласангиз, у зўриқади ва хотира ҳам сусайиб кетади. Шунингдек, бошқа аъзо ва тизимларга ҳам зарар етади. Ўз биологик соатингиз билан ҳисоб­лашмаслик миянгизнинг толиқишига ва уйқусизликка, шунингдек, стресс(руҳий зўриқиш)га ҳам сабаб бўлади. Маълумки, руҳий зўриқиш кўпгина онкологик касалликлар ривожланишига туртки бўлади.

Соат 13: 00 дан 15: 00 гача тушликдан олдинги шошқалоқлик ва ундан сўнг эса тушликдан кейинги “депрессия” кузатилади. Тушликдан сўнг, айниқса, иссиқ кунларда 10-20 дақиқа ёки 1, 5 соат давомида мизғиб олиш мияни қувватлантиради. Ундан ортиқ вақт давомида ухлаш акс таъсир этиб, одам ланж бўлиши мумкин.

Соат 20: 00 дан 23: 00гача бўлган вақт оралиғида Сизнинг асаб тизимингиз ва ақлингиз дам олишга эҳтиёж сезади.

Соат 22: 00 дан 4: 00 гача бўлган вақт оралиғида одам бош миясида жавоб реакцияси сусаяди. Йўл-транспорт ҳодисалари, ишлаб чиқариш жараёнидаги авариялар шу вақт давомида кўп содир бўлади.

Соат 23: 00 дан соат 1: 00 гача Сиз аллақачон уйқу оғушида бўлишингиз мақсадга мувофиқ. Уйқусизликдан қийналаётганлар ётишдан олдин бир стакан илиқ сутга бир чой қошиқ асал солиб ичишлари зарур. Илиқ ваннада чўмилиш ёки шундай душ остида ювиниш ҳам мушаклар ва асаб тизимини бўшаштиради. Тунги соат 23: 00 дан соат 1: 00 гача бўлган вақт оралиғида аура (биомайдон)нинг энг юпқа энергетик қавати тикланади. Хитой халқ табобатида бу қувват “ци” деб номланади. Ҳинд йоглари эса уни “прана” дейишади. Замонавий тиббий қарашларга кўра бу даврда асаб ва мушаклар қуввати тикланар экан. Тунгги соат 1: 00 дан 3: 00 гача бўлган вақт оралиғида эмоционал (ҳиссий) энергетик қувват тикланади.

Яна ўқинг:  Қандли диабет ва халқ табобати

Инсоннинг биологик ритмлари

Биоритмлар – организмда циклик маълум вақт оралиғида такрорланиб келувчи жараёнлар. Асосий ташқи ритмлар одам биоциклига таъсир этувчи ой ва қуёшдир. Шунингдек, иш ҳафтаси жадвали ҳам шу омиллар сирасига киради. Инсоннинг ички хронометрик ритмини бош мияда эпифиз, гипоталамус ва юрак бошқаради. Биоритмлар ёруғлик цикли (тун ва кун)га қараб ўзгариб туради.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: