ҚАРШИ – ТОШКЕНТ: УЧ СОАТЛИК ЙЎЛ

Қаршига етиб келган юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди Воҳа аҳли учун энг улуғ, энг азиз байрамимизга тарихий совға бўлди. Унинг илк йўловчилари мамлакатимизнинг бообрў кишилари, жумладан, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар, элимиз суйган санъаткорлар, темир йўллар тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган мутахассислар, оқсоқоллар, иқтидорли ёшлар ва хорижлик меҳмонлардан ташкил топди. Улардан баъзиларининг электропоезд ҳақидаги, Қарши шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.

Эркин Комилов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:

Тошкент-Қарши йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган поезднинг илк йўловчилари сафида эканимдан бошим осмонга етди. Юртимиздаги ривожланишнинг, тараққиётнинг юксак намуналаридан яна бирининг гувоҳи бўлганим учун Аллоҳга шукроналар айтаман. Бундан ўн етти йил илгари Россия телеканалларидан бирида эфирга узатиладиган “Век” телекўрсатувида бир халқаро сиёсатчи билан суҳбат ўтказилганди. Ўшанда телебошловчи сиёсатчига “Бундан кейин қайси мамлакатларда изчил ривожланиш кузатилади?” деган саволни берганди. Сиёсатчи бунга жавобан биринчи бўлиб Ўзбекистонни тилга олган ва ўз прогнозини исботлаш учун бир қанча сабаблар келтирганди. Бу прогноз, тараққиётнинг ўзбек модели нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришларни, ён-атрофимиздаги янгиланишларни, бунёдкорлик ишларини қаранг. Юртбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз обод. Ҳар бир кунимизни “Afrosiyob”нинг Қаршигача кела бошлагани каби оламшумул янгиликлар билан бошлаяпмиз. Бундай дориломон кунларнинг қадрига етиш ҳар бир ўзбекистонликнинг фарзандлик бурчи, деб ўйлайман.

Ёқубжон Исмоилов, фахрий темирйўлчи, 78 ёшда:

Темир йўл соҳасида 50 йилдан ортиқ меҳнат қилдим. Шундай ўзгаришларга гувоҳ бўлаётганимга шукроналар айтаман. Илгари йўллар бирёқлама бўлар ва поездлар бир станциядан йўлга чиқиш учун иккинчи станциядан жавоб кутишга мажбур эди. Шу боис Тошкентдан Қаршигача келадиган юк ташиш вагонларини баъзида 15-16 соатда манзилга етказа олардик, холос. Мустақилликка эришгач, темир йўл транспортини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Янги линиялар қурилди. Уларнинг бир нечтасида ўзим ҳам бевосита иштирок этганман. Энди эса электрлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қаранг, Қаршига 16 соатда келадиган юк поездлари ўрнини 4 соатда келадиган, 9-10 соатда келадиган йўловчи поездлари ўрнини 3 соатда келадиган электровозлар эгаллаяпти. Бундан фахрий бир темирйўлчи сифатида жуда хурсанд бўлаяпман.

Яна ўқинг:  ISTIQLOL SOLNOMASI

Қаршига хизмат юзасидан жуда кўп келганман. Аммо бу галги сафарим чоғида бўлаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳайратланиб кетдим. Шаҳар шундай чирой очибдики, яна ва яна томоша қилгим келди.

“Afrosiyob” электропоездида Қарши шаҳрига ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар ҳам марказий кўчалар бўйлаб диққатга сазовор жойларни кўздан кечиришди. Энг қизиғи, хорижлик меҳмонлар шаҳарда янгидан қад ростлаган замонавий, кўркам ва маҳобатли биноларга ҳайрат билан назар ташлаб, ҳар бир диққатга сазовор жойга кўзи тушганда “very nice!” сўзини тилларидан қўйишмади. Маълумки, ушбу инглизча сўзлар ўзбек тилида “жуда ажойиб”, “жуда яхши” деган маъноларни англатади.

Хи Ру, Хитойнинг CNTIC компанияси ходимаси:

Қарши шаҳрига уюштирган ушбу сафаримиз хотирамда бир умр муҳрланиб қолди. Шаҳрингиз гўзал ва маҳобатли биноларга, диққатга сазовор жойларга бой экан. Айниқса, шаҳарда Мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрганига гувоҳ бўлдим. Аслида, ўзбек миллати, унинг маданияти ва анъаналари тўғрисида яхши биламан деб ўйлайман. Шуни алоҳида айтишим керакки, халқларимиз миллий маданиятида кўпгина ўхшашликлар бор. Бу эл бой тарихга эга. Биласизми, ушбу ташриф ҳаётимнинг энг бахтли онларидан бирига айланди. Бундан жуда ҳам мамнунман.

Эр йигит эл кўнглини обод этади

Ватанимиз байроғи баланд кўтарилди… Давлатимиз мадҳияси янгради… Ўзбекистон деган ном бутун дунё мамлакатлари ўртасида биринчи ўринда тилга олинди… Шу каби сўзларни ҳар сафар Тошкент халқаро аэропортига спортчиларни кутиб олишга чиққанимда эшитаман. Барча ғолиб ўғил-қизларимиз юртимизда яратилган имкониятлар, халқимиз ва яқинларининг ишончи уларни ғалаба сари етаклаганини фахр билан таъкидлайди. Бу ифтихор уларни олдинга, порлоқ ва нурафшон келажак сари ундайди. Бу юрт болалари Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайди. Уларнинг ғалабаси – бизнинг ғалаба. Шу эл фарзандларининг ютуғидан фахрланиб, доимо шундай бўлиб қолсин дейман.

Дарҳақиқат, юртимизда спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида спортчиларимизнинг жаҳон ареналарида эришаётган ғалабалари сони ва салмоғи ортиб бормоқда.

Буни иқтидорли спортчимиз, таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

2011 йилда Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлиб, миллий терма жамоага қабул қилинган Д. Шокин тинимсиз меҳнати, шижоати, ғалабага интилиши билан тез орада кўзга тушди. У терма жамоа сафида Франция, Германия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби қатор мамлакатларда ўтказилган нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. 2014 йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида кумуш медаль билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Янги қонун кучга кирди

2015 йилнинг май ойида Россиянинг Челябинск шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Дмит­рий Шокин ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони бўлди. Июль ойида Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида ўтказилган XXVIII Бутунжаҳон универсиадасида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, ўз вазн тоифасида тенгсиз эканини яна бир карра исботлади. Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг энг етакчи таэквондочилари совринли ўринлар билан бирга 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун ҳам беллашди.

Ўзбек ўғлонининг ана шундай мувафаққиятларга эришгани ҳаммамизнинг қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ иқтидорли спортчи Дмитрий Шокин “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

– Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаган ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Бундай эътибор ва ғамхўрлик келгусида янада юксак марралар сари рағбатлантиради, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, Таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин. – Москва шаҳри мезбонлик қилган жаҳон Гран-присида олтин медалга сазовор бўлдим. Менга берилган ишончини оқлаганимдан бениҳоя хурсандман. Халқаро майдонларда Ватан шарафини ҳимоя қилиш, унинг обрўсини юксалтириш катта бахт. Жаҳон чемпионатида буюк юрт фарзандлари эканимизни, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни исботлашни мақсад қилгандик ва бу эзгу мақсадимизга етишганимиздан хурсандмиз.

… Яна Тошкент халқаро аэропортидаман. Медаллар шодаси кўкрагига зеб берган спортчиларимиз чиқишмоқда. Бугун тўй, бугун байрам. Эртага бош­қа спортчиларимизни кузатгани чиқаман. Кетишади ва келишади. Келганида ҳам байроғимизни баланд кўтариб, ғурур ифтихорга тўлиб, тўйга тўёна билан қайтишади.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog’lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: