ҚИЗ БОЛАНИНГ ЗИЙНАТИ – ҲУНАР

– Қизим, гулларни тикаётганингда игна оралиғига эътибор берсанг, катакчалар бир текисда ипак билан ёпилиб, кашта силлиқ ва чиройли чиқади. “Ироқи” каштачилиги бизга оналаримиздан мерос бўлиб қолган ҳунардир. У халқ миллий-амалий санъатининг ноёб тури бўлганлиги учун ҳозирда дунё ҳунармандлари эътиборини тортяпти.

– Ойи, мен ҳам катта бўлганимда худди сиздек “ироқи” каштачилигини мукаммал эгаллаб, ўз кўргазмаларимни ташкил этаман.

– Айтганинг келсин. Агар ҳунар ўргансанг, албатта, кун келиб эл-юрт олқишига эришасан. Ота-она дуосини олиб, устозга муносиб шогирд бўлиш катта бахт. Ҳузур-ҳаловатдан кечиб ҳалол меҳнат қилган одамгина муваффақиятга эришади. Сен ҳам ана шунга интилсанг албатта, орзу-мақсадларингга етасан…

Ҳа, “Ироқи” каштачилиги йўналишида моҳир уста, шаҳрисабзлик ҳунарманд аёл Гулнора Одилова ўз фарзанди, 5 ёшли Суғдиёна билан ана шундай суҳбат қурганига анча йиллар бўлди. 6 ёшида тиккан каштаси болалар боғчасидаги тенгқурлари ўртасида ўтказилган танловда 1-ўринни эгаллаб қўғирчоқ совға олгани ҳамон Суғдиёнанинг ёдида.

Болалигидан кашта тикиб, тунларни тонгга улаган, онаси ва бувисининг ёнида жажжи қўлчалари билан игна ушлаб, дастрўмолчалар тикиб, уни тенгқурларига улашиб вояга етган Суғдиёна ҳозирда устозлари каби моҳир каштачига айланди.

Суғдиёна Шаҳрисабз академик лицейида ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олиш билан бирга, “Ироқи” каштачилигига меҳр қўйди, дарслардан бўш вақтида изланди, онасидан ўрганиб, янги кашта нусхаларини яратди. Миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс этган “Ироқи” халқ амалий санъатини келажак авлодга етказишни мақсад қилди.

Айни пайтда, Суғдиёна Омонова республика “Ҳунарманд” уюшмаси Шаҳрисабз ҳудудий бўлими қошида ташкил этилган “Устоз-шогирд мактаби”нинг энг истеъдодли ўқувчиларидан бири. Суғдиёна 2-3 синфдаёқ мактабдаги устози Наби Муҳаммадиевдан араб каштачилиги ва ганжкорлик санъатини ўргангани, каштачилик соҳасида янги гул ва нақшлар яратишда қўл келди. Онаси ва иккинчи устози Ҳафиза Хушвақтовадан ўрганганларини эса тиккан кашта, сўзана, қопчиқ, ёстиқ, аёллар нимчалари, сумкалари, оёқ кийимларида жилолантириб, жонлантириб барчани ҳайратга солди.

Суғдиёна Омонова 2008 йилда Республика миқёсидаги “Янги авлод” болалар фестивалида “Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бўйича биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Бугунги кунда унинг меҳр қўри ила тиккан маҳсулотлари давлатимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон ҳукумати вирусли гепатитга қарши курашишга 40 млн. доллар ажратди

– Ҳар ким ўзи севган касбни эгалласа, шу орқали катта муваффақиятларга эришади, – дейди қаҳрамонимизнинг онаси, “Ташаббус – 2006” Республика танлови ғолиби Гулнора Одилова. – Етти ёшидаёқ қизимнинг каштачиликдаги ютуқларини кўргач, келажакда ундан яхшигина дизайнер чиқишини англадим.

Яқинда Суғдиёна Омонова Республика “Янги авлод” кўрик танловининг “Амалий санъат” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Орзулари сари дадил интилаётган иқтидорли каштачи қиз – Суғдиёнанинг миллий қадриятларимизга бўлган меҳр-муҳаббати, яратувчанлик ишлари ўз тенгдошлари ва келажак авлоднинг фахри ва ғурурига айланиши, шубҳасиз.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: