Эътирофдан мамнун муаллима

Одинахон ХОЛИҚОВА,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

Эрта тонгданоқ ишга келишим билан кундалик газеталарни бир-бир варақлайман. Марказий нашрларда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президентимизнинг Фармони эълон қилинибди. Беихтиёр мамлакатимизнинг олис қишлоғи – Қува туманидаги 16-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчисининг “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвонига сазовор бўлгани диққатимни тортади. Муборакбод этиш мақсадида Одинахон Холиқовага қўнғироқ қилдим. Устозни қутларканман, бир муддат сукутга чўмганини ҳис қилдим. Унинг нафасидан ҳаяжонини билиш қийин эмасди. Одинахон опа давлатимизнинг юксак унвони билан тақдирланганидан ҳали бехабар экан. Бахтиёр муаллиманинг чексиз қувончи менинг ҳам қалбимга кўчди.

– Ҳар йили биринчи синфга қабул қилинаётган ўқувчининг ҳаяжонини кўриб, юрагим завққа тўлади. Унинг кўзидаги ҳайрат, билимга чанқоқлик, ота-онаси юзидаги қувончли табассум менинг зиммамга улкан масъулият юклайди. Ҳар гал жажжи болажонларга 26 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғасини топшириш бахтига муяссар бўлар эканман, уларнинг шодлигидан кўзимга севинч ёшлари қалқийди. Болаларнинг таълим-тарбиясига, келажагига юксак эътибор бераётган давлатнинг эртаси албатта порлоқ бўлади.

Ўттиз уч йилдан буён жажжи болаларнинг қўлига қалам тутиб, уларга бошланғич билимларни бериб келяпман. Ўқитувчи сифатида ўқувчиларнинг салоҳияти, билимга интилишини кўриб ҳайратга тушаман: бугунги кун боласи ўзгача. Чунки, улар Мустақил Ўзбекистоннинг фарзандларидир. Ҳар бирининг қизиқиши, интилишларига муносиб рағбат бера олиш, қўллаб-қувватлаш учун ўқитувчидан юқори билим ва малака талаб этилади.

Мен касбимни жуда севаман. Болалар жони дилим. Ҳар бир ўқувчим сабоқларни юқори даражада ўзлаштиришини истайман. Шу мақсадда инглиз тилини чуқур ўргандим. Мактабимиз қошида “Инглиз тили сабоқлари” ва “Ёш ижодкорлар” тўгараги фаолиятини йўлга қўйдим. Бевосита ўзим мазкур машғулотлар орқали болаларнинг чет тилини ўзлаштиришига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Биласизми, ўқитувчи ижодкор бўлиши, сабоқларни содда ва осон услубларда болага етказиб бериши лозим. Шуни инобатга олиб, кўпгина илмий-методик қўлланмаларим чоп этилди. “Фанларни интеграциялаш” мавзусидаги илмий ишим уч тилда нашр қилингани, “Санамай саккиз дема” деб номланган методик қўлланмам эса бош­ланғич синф математика ўқитувчилари учун яхши дастур бўла олгани мени янада руҳлантиради. Янги-янги изланиш олиб боришимга туртки беради.

Яна ўқинг:  Болалар саломатлигини асраш миллат ва сарҳад билмайди

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мус­тақиллигимизнинг 24 йиллик тўйи арафасида Ўзбекистон Республикаси халқ ўқутивчиси унвони билан тақдирланганимдан бошим осмонга етди. Камтарона меҳнатларим юксак баҳоланганидан жуда мамнунман.

Олис қишлоқ ўқитувчисига юксак рағбат кўрсатадиган, меҳнатларини эътироф этадиган мамлакат бошқа бўлмаса керак. Шундай бетакрор, ягона Ватан фарзанди эканимдан ҳамиша фахрланаман.

М.Толипова ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: