ТЕЗКОР ВА САМАРАЛИ ҳуқуқий тизим ишга тушди

Суд-ҳуқуқ соҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқaрoларнинг ҳуқуқ вa эркинликлaрини ҳимoя қилишга xизмaт қилaдигaн ишончли тизимга aйлaнди. Айниқса, мазкур соҳани ислоҳ қилишнинг қонунчилик асослари замон талаби, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ такомиллашаётганини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги ҳамкорлигида тайёрланган “E-Sud” – миллий электрон судлов тизими афзалликларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони судлар фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим дас­туриламал бўлди. Шу асосида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани тизимда ўзига хос янги босқични бошлаб берди.

Мазкур тизим орқали судга мурожаат қилишнинг афзаллиги шундаки, суд­га мурожаат қилувчи фуқаро тизимга кириб, судга даъво талаби билан мурожаат қилишда қандай ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги, аризани расмийлаштириш, давлат божи тўлови миқдори, қўшимча тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар борасида тўлиқ маълумот олади. Хусусан, тизимнинг ўзи фуқаро даъво ариза турини танлаши билан низони судда кўриб чиқиш учун лозим бўлган маълумотларни сўрайди. Даъво ариза топширилгач, суд томонидан кўриб чиқишга қабул қилинганлиги ёки қабул қилиш рад этилганлиги ёхуд ҳаракатсиз қолдирилгани ҳақида маълумот суд веб-саҳифасида акс этади. Натижада судга мурожаат қилган фуқарода суднинг тегишли ажрими билан танишиш ва уни олиш имкони пайдо бўлади.

Тажриба тариқасида Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида синовдан ўтказилган мазкур ахборот тизими орқали электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилгани иш сифати ва самарадорлиги ошишига олиб келди. Мазкур тизим жорий этилганидан буён қирқ мингдан зиёд ариза электрон шаклда кўриб чиқилган. Уларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилиши ва ариза берувчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланган. Айни пайтда электрон судлов тизими пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги ўнга яқин судда ўрнатилди.

Суд тизимида замонавий имкониятлардан фойдаланилаётгани халқимиз учун яратилган катта қулайлик бўлиши билан бирга, халқаро амалиётга ҳам тўла мос келади. Бу суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини юксак даражада ҳимоялашга хизмат қилади.

Н.НОРБОБОЕВ,

Яна ўқинг:  Фоторассом нигоҳида ҳаёт завқи

“Sog‘lom avlod”мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: