ЭКОЛОГИЯ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда аҳолининг фаоллигини кучайтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
2013 йил 27 декабрда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қонунда экологик назоратни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланган. Унга кўра давлат ташкилотлари билан бирга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳам экологик назорат жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ушбу мавзуга бағишлаб Учтепа туманида ташкил этилган семинарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилганда фуқароларнинг тегишли давлат органларига мурожаат қилиш тартиби каби масалалар муҳокама этилди.
Тадбирда юртимизда экологик дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида давлат ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий шериклиги самаралари, ёшларни бу борадаги миллий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялашда “Оила – маҳалла – мактаб” ҳамкорлиги доирасидаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Дилафруз ҚОДИРОВА