ҚАТЪИЯТ, ИНТИЛИШ БЕИЗ КЕТМАЙДИ

Юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, ўзи қизиққан соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бугунги кунда Бухоро қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ёшлари ҳам ана шундай қулайликлардан самарали фойдаланиб келмоқда.

Коллежимизнинг қурилиш ва пардозлаш ишлари йўналишида бир неча йилдан буён ўқувчилар таҳсил олишади. Унда замонавий қурилиш технологияларидан самарали фойдаланадиган мутахассислар тайёрланади. Ўқувчиларимиз бугунги кун талабини инобатга олган ҳолда ташкиллаштирилган дарсларда мозаика, мармар билан ишлаш, пардозлаш сир-асрорларидан бохабар бўлаяптилар.

Бу борада бўлажак усталаримизга “КНАУФ Бухара гипс” Германия – Ўзбекистон қўшма корхонаси ҳузуридаги “КНАУФ” ўқув-консультатив маркази яқиндан кўмакдош бўлаётир. Мазкур корпорация жаҳоннинг 140 дан ортиқ давлатида ўзининг заводлари, ўқув-консультатив марказлари билан машҳур. Когон туманида жойлашган “КНАУФ” ўқув маркази ҳам ўқувчиларимизнинг севимли масканига айланиб улгурган. Коллежимиз ўқувчилари бу корхонада амалиёт ўтайдилар. Бу эътиборнинг натижаси ўлароқ, ўтган йилги икки нафар битирувчимиз “КНАУФ”да ҳамда вилоятимиздаги турли корхоналарда ўз соҳаси бўйича фаолият юритаётир.

Коллежимиз анъаналарига мувофиқ халқаро, республика ёки ҳудудий танловларда қатнашиш учун ўқувчиларимизнинг салоҳиятини мутахассисларимиз томонидан тузилган тестлар, амалий топшириқлар воситасида синовдан ўтказамиз. Бу албатта ўз натижасини кўрсатаяпти. Ўқувчимиз Умид Нарзуллаев ўтган йилда Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтган “Қуруқ усулда қурилиш ва пардоз­лаш” ишлари бў­йича касб-маҳорати кўрик-танловида II ўринни эгаллади. Шунингдек, рес­публика миқёсидаги касб-маҳорат кўрик-танловида бизнинг ўқувчиларимиз ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Бунинг натижасида Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган танловга йўлланмани қўлга киритиб, у ерда МДҲ давлатлари ўртасида III ўринни эгаллашди. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Қуруқ усулда қурилиш” кўрик-танловида Санжар Қўчқоров ва Бехруз Тўхтаев ҳам I ўрин соҳиби бўлди.

– Бу танловда иштирок этиш ва унда ғолибликни қўлга киритишни ва шу орқали коллежимизда ўзимнинг кичкина ғалабам билан эсда қолишни жуда хоҳлаган эдим. Ватанимизга фойдам тегадиган касб устаси бўлиш азалий орзуим, – дейди Санжар Қўчқоров.

Дарҳақиқат, халқаро стандартларга жавоб берадиган, қурилиш ва пардозлаш ишларининг ҳадисини олган маҳорат эгаларини ўқитишдек шарафли ҳамда масъулиятли ишнинг бошида турганимиздан биз устозлар ҳам қувонамиз.

Яна ўқинг:  УСТОЗ – ҲАЁТИМИЗ ЧАРОҒБОНИ

Роҳила ЗАРИПОВА,

Бухоро қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: