Яхшининг боғи абадий мева беради

Йўллар. Бирда олис, бирда яқин. Баъзан қировли, баъзан гулларга бурканган сўқмоқларда ҳар бир инсон вақт отлиқ чавандознинг ортидан эргашади. Йўлнинг адоғи қаерда тугаши эмас қандай тугаши ҳаёт мазмунини белгилаб беради. Замондошларимиздан бири Бахтиёр Собитов умр йўлини атрофдагиларга яхшилик улашиш билан безамоқда.

Мана, бугун ҳам у эрта тонгдан трамвай автопаркига йўл олди. Юзлаб йўловчиларни ўз манзилига етказиш учун тонг саҳардан тун қоронғусига қадар хизмат вазифасини бажаради. Қарийб йигирма йилдан буён трамвай ҳайдовчиси бўлиб меҳнат қилаётган Бахтиёр ака янги йил арафасида қирқ саккиз ёшни қарши олади.

– Қуёшнинг уфқдан бош кўтаришидаги тароватни менингдек кузатувчи бўлмаса керак, – дейди қаҳрамонимиз. – Йилнинг тўрт фаслида ҳам қуёшдан олдин уйғониб, севимли ишимни бошлашим ҳамоноқ рўпарамдан қуёш нурлари пайдо бўлади. Гўёки, у бугун ҳам менга оқ йўл тилаётгандек.

Инсон умри ҳам асли трамвай йўлидек. Ҳар бекатида турли феъл-атворли инсонлар учрайди. Айниқса, эрталабки гавжумликдан хушнуд бўламан. Негаки, кўзу-қоши бир бирига уйқаш ўқувчи-ю талабалар билим даргоҳига ошиқади. Уларнинг кўзлари қувончга тўла, ғайрати ичига сиғмайди.

Бу воқеага анча бўлди. Доимгидек иш кунида трамвай салонида бир болакайнинг йиғи овозини эшитдим. Деярли охирги бекатга келиб қолгандим. Тўхтаб, ўгрилиб қарасам саккиз ё тўққиз ёшлар атрофидаги бола. Ёнимга чақирдим. Мактабдан қайтаётиб, бекатидан ўтиб кетибди. Бола эмасми, адашиб қолдим, деб йиғлаб юборди. Уни шунчаки қолдириб кетолмадим. Уйига олиб бориб қўйдим.

Орадан анча вақт ўтди. У воқеа хаёлимдан кўтарилиб кетганди… Бир куни қизим оғир хасталикка чалинди. Шифохонага югурдим. Қизимни операция қилган ёш шифокор унинг соғлиги анча яхшилигини айтиб хавотиримни аритди.

– Кечирасиз ака, кўзимга таниш кўринасиз? – деб қолди шифокор.

– Қайдам, бўлса бордир. Одам-одамга ўхшайди-да.

– Сиз трамвай ҳайдармидингиз?

– Ҳа.

– Мени эслолмаслигингиз табиий, ўшанда тўққиз ёшда эдим. Адашиб қолганимда уйимга олиб бориб қўйгандингиз.

Севиниб кетдим. Кечагина йўл тополмай йиғлаб юрган болакай, бугун оқ халат кийган жарроҳ бўлиб улғайибди. Яна у қизимнинг ҳаётини асраб қолди. Бу ҳаётда ҳеч бир иш жавобсиз қолмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим…

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ ВА МАТБУОТ

Деярли ҳар куним ана шундай яхши инсонлар билан ўтади. Касбимдан мамнунман. Ҳар куни одамлар орасида бўлганим сабаб турли янгиликларни эшитаман. Айниқса, мен трамвай ҳайдайдиган йўналишнинг охири “Қўйлиқ” деҳқон бозори бўлгани сабаб бирор нима харид қилиб чиққанлар кўп бўлади. Ҳар бири ёнидаги шериги билан олган буюмлари ҳақида, нарх-наво тўғрисида суҳбатлашиб кетади. Ўзаро суҳбатлар орасида қизиқарли ҳангомаларни айтиб ҳаммада кулгу уйғотадиган йўловчилар ҳам талайгина. Ана шундай кўтаринки кайфиятда манзил томон одимлайвераман.

Сизларга яна бир ҳақиқатни айтсам, мен аслида Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида туғилганман. Тақдир тақозоси билан Тошкентга кўчиб келганмиз. Йигитлик пайтларимдан буён шу ерда меҳнат қиламан. Эл қатори яшаяпман. Айримлар ишлаш учун қўшни мамлакатларга кетишяпти. Билишмайдики, Ўзбекистонданда жаннатмакон ўлка йўқ.

Дунёнинг турли бурчакларида ҳар куни қандайдир кўнгилсиз воқеалар юз бераётгани ҳақида эшитамиз. Бизда эса осудалик ҳукмрон. Кўнгил хотиржамлигини ҳеч қандай маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Мусаффо ҳавода йўлга отланиб, ўтган кунимдан мамнун бўлиб оилам даврасига қайтаман. Бундай хотиржамлик фақат бизнинг юртда бор.

Дарҳақиқат, тинчлик – энг олий неъмат. Бахтиёр аканинг ҳар бир сўзида ана шу неъматга шукроналик шукуҳи сезилиб туради. Унинг одамохунлиги, кишилар ҳаётига бефарқ эмаслиги, самимийлиги яхши инсон эканидан далолат беради. Ҳамкасбларининг айтишига қараганда, қаҳрамонимиз ўз касбини сидқидилдан бажариш билан бир қаторда, ёш ҳайдовчилар учун устозлик ҳам қилар экан.

– Ўз касбининг чинакам фидойилари сабаб ҳар бир соҳада ютуқларга эришяпмиз, – дейди “Тошшаҳартрансхизмат” АК бош мутахассиси Фарҳод Ниғмонов. – Бахтиёр Собитов ишга келган ҳамоноқ, аввало, трамвай салонини кўздан кечиради, уни техник жиҳатдан ишга яроқлилигини текшириб кўради. Чанг бўлган ёки бирор шикаст етган ўриндиқлар бўлса, уларни ўзи тозалаб, таъмирлаб юрганини ҳам кўрганман. Тозаликка ниҳоятда эътибор беради. Бу унинг кўнгли поклигидан, ишига масъулият билан ёндашишидан далолат. Ўз билганларини ёш ҳайдовчиларга ўргатишдан чарчамайди. Уларга касбга фидойиликни уқтиради. Бундай инсонлар албатта ҳар қандай эътирофга лойиқ.

Ҳа, юртимизда барча шарт-шароит халқ фаровонлигига хизмат қилади. Чин кўнгилдан меҳнат қилганларнинг иши эътиборсиз қолмайди. Бахтиёр ака ҳам мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллик шодиёнаси арафасида “Тошкент шаҳар йўловчилар ташиш транспорти фахрий ходими” унвони билан мукофотланди.

Яна ўқинг:  Халқнинг ишончли вакили ёхуд фирибгарга айланган депутат

– Одамларга яхшилик қилишга бахшида умр ҳеч қачон зое кетмайди, деган экан алломалардан бири. Мен ҳам одамларнинг оғирини енгил, олисини яқин қилишга астойдил ҳаракат қиламан. Дуо олган омондир. Шу сабабдан доимо кексалардан дуо олишга интиламан. Уларнинг дуолари, юртдошларимнинг юзларидаги хушнудликни кўриб, умрим бежиз ўтмаяпти деб, ўйлайман. Камтарона хизматим давлатимиз томонидан юксак баҳоланганидан беҳад севиндим. Сочимнинг қора толалари оз қолган бўлсада касбимга иштиёқим ҳали ҳам баланд. Яна узоқ йиллар 13-трамвайда, одамлар орасида хизмат қилишимдан хурсандман. Қолган гапларни сиз ҳам трамвайимга чиқиб қолсангиз гаплашамиз.

Мўътабар НИЗОМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: